« Back

Китоб - билим манбаи 26.05.2020 12:42

Мустақил мутолаа

Инсон умрининг дастлабки палласида мактаб ва университетни тугатиб ўсиб-улғайгач,  ниҳоят ўқиш,  имтиҳонлар юкидан халос бўлиб анча енгиллик ҳис этади.  Ортиқча мустақил мутолаага вақт ажратмайди. Аммо муаммо шундаки,  агар инсон ривожланмаса,  ўз устида ишламаса, изланмаса  у деградацияга дуч келади бу - қонун.  Айниқса,  ҳозирги даврда илм-фан,  технология,  тиббиёт шунчалик тез суратларда ривожланаётган вақт,  бир йил аввал аҳамиятли бўлган бирор фикр ёки ғоя энди эскирган ва самарасиз.

Ҳар сафар китоб ўқилганида мия фаол ишлайди. У олинаётган маълумотни сақлаш учун янги толаларни яратади. Тадқиқотларда аниқланишича, доимий равишда китоб ўқийдиган инсонларда фикрлаш қобилияти бошқаларга нисбатан секинроқ пасаяр экан.

"Алиса мўъжизалар мамлакатида" китобидан бир ажойиб ибора бор. Бу ибора ҳозирги замон моҳиятини аниқ акс эттиради:  "Бир жойда қолиш учун бор куч билан югуриш керак,  лекин бирон жойга етиб олиш учун сиз камида икки баробар тез югуришингиз керак!" 

Биз тана,  хусусан мия ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлмоқдамиз ва эски ёндошувлар энди самарасиз.  Аммо худди шу механизм инсон фаолиятининг бошқа барча соҳаларида ҳам ишлайди.

Мустақил мутолаа бу - ривожланиш,  ривожланиш эса  - бу сизнинг мутахассис сифатида қобилиятингизнинг кафолати,  шунингдек, кексаликка қадар мия фаолиятини сақлаб қолиш имкониятидир.  Муваффақият гарови,  агар хоҳласангиз,  шунингдек, қизиқарли ҳаёт, ҳеч бўлмаганда бу дунё қонунларини объектив тушуниш имкони.

Кимда "ўқиш" ёки "ўрганиш" сўзи ёқимсиз  ҳисларини уйғотса,  бу муносабатни эртами кечми ўзгартириш кераклиги замон талабидир. Буни биринчи навбатда нима учун кераклигини англаш зарур.  Чунки ўзингиздан бошқа ҳеч ким бунга муҳтож эмас. 

Юқори даражадаги ақлий салоҳият инсоннинг ташқи кўринишини ҳам гўзаллаштиради. Ҳар қандай мавзуда қизиқарли суҳбат қура олиш ва ўз билимини намойиш этиш суҳбатдошининг меҳрини қозонишга ёрдам беради.

Статистика маълумотларига кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади.

Хулоса қилиб айтсак "мустақил мутолаа" нафақат ёшларимизга балки ҳар биримиз учун муҳим аҳамиятга эга.

Д.Азимова,
Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ мутахассиси