« Back

Комиссиялар фаолияти 29.06.2020 11:30

Ҳамкорликдаги ишлар самара беради

Бугунги кунда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қошида фаолият олиб бораётган комиссиялар ҳукуматимиз томонидан ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қабул қилинаётган ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни ижросини таъминлаш, уларда белгиланган вазифаларни тўлақонли бажаралишини назорат қилиш ҳамда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш борасида тизимли ишларни олиб бормоқда.

Кенгашнинг Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари ва халқ депутатлари

Бектемир, Яккасарой, Олмазор ҳамда

Чилонзор туманлари Кенгашлари Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссиялар раислари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида Олмазор ва Миробод туманларига сайёр чиқишлари ташкил этилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад “Yoshlar mehnat guzari”  комплекслари ҳолатини ўрганиш, ёш тадбиркорларимизга яратилган шароитлар, ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишиш ва ўз ечимини кутаётган масалаларни биргаликда ечимини топишдан иборатдир.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгашида ўтказилган дастлабки учрашувда пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган ёшлар меҳнат гузарларининг бугунги кундаги аҳволи, ҳанузгача қурилиш тўхтаб қолган иншоотларнинг сабаби, улар олдида турган тўсиқ ва муаммолар ҳақида маълумот бериб ўтилди. 

Маълумки, Фармонга асосан Тошкент шаҳрида 53 та Ёшлар меҳнат гузарлари қурилиши кўзда тутилган. Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак бугунги кунда 8 та Ёшлар меҳнат гузарлари ўз фаолиятини олиб бормоқда ва Ёшлар куни байрам арафасида яна 5 таси очилиши кутилмоқда. Бу рақамлар айнан ўзига яраша тўсиқ ва муаммоларни мавжудлигини кўрсатиб, мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан Фармонда белгиланган вазифаларни таъминлашда етарлича эътибор бермаётганлигидан мисолдир. Учрашув давомида ёшлар томонидан меҳнат гузарлари бўйича чиқарилаётган қарорлар ва уларни ўз вақтида бажарилишини масъуллар томонидан назоратга олинмаётганлиги асосий сабаблардан бири эканлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Учрашувдан сўнг депутатлар Олмазор туманидаги “Ғалаба” маҳалласи ҳудудида қурилаётган Ёшлар меҳнат гузари биносини кўздан кечириб, ёш тадбиркор А.Усмонов билан суҳбатлашдилар. Қурилиш ишлари 80 фоиз якунланган бинони топширилиши режага асосан август ойининг охирларига мўлжалланган. Ҳозирда тадбиркорга туман ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама шароитлар яратиб берилганлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, мазкур туманнинг “Жийдали” маҳалласида иш бошлаган Ёшлар меҳнат гузари ва Олмазор коворкинг марказининг иш фаолияти ҳам ўрганилиб, ёшлар билан суҳбатлар ўтказилди.

Сўнгра депутатлар Миробод тумани “Олтинкўл” маҳалла ҳудудида жойлашган Ёшлар меҳнат гузари фаолияти билан  танишиб, ёш тадбиркор С.Суванқулов билан суҳбатлашдилар. Мазкур гузарнинг биринчи қаватида аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган бўлиб, 40дан зиёд ёшлар иш билан таъминланганлиги, иккинчи ва учинчи қаватларида таъмирлаш ишлари кетаётганлиги кузатилди, келгусида ўқув маркази, сартарошлик ва тикувчилик ҳамда аҳолига қўлайликлар яратиш мақсадида бошқа хизмат турлари шохобчаларини очиш ва 50 яқин ёшларни иш билан таъминлаш режалаштирилаётгани айтиб ўтилди.  

Ўрганишлар якунида Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси томонидан халқ депутатлари туман Кенгашларининг тегишли комиссия раисларига тумандаги қурилиши тўхтаб қолган ва якунланмаган Ёшлар меҳнат гузарларини жойларга чиқиб ўрганиб, асосланган таклифлар билан ёзма ахборотларни қисқа муддатларда Комиссияга тақдим этишларини тавсия этилди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясига бу борада таклифлар киритиш бўйича келишиб олинди.

Хаётхон КУЧКАРОВА,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати