« Back

Конференция 29.05.2020 19:46

Долзарб муаммолар, истиқбол тенденциялар муҳокамаси

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан  “Ўзбекистон ва Марказий Осиё: ХХI аср ижтимоий-гуманитар фанлари долзарб муаммолари, интеграция ва истиқбол тенденциялари” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

photo_2020-05-30_01-24-33 Халқаро конференция ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети “Фалсафа ва мантиқ” кафедрасининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихини мувофиқлаштирувчи методик марказ, ЎзМУ қошидаги “Фалсафа” илмий марказ ва Тadqiqot.UZ (http://%D0%A2adqiqot.UZ) илмий журналлар портали билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда халқаро миқёсда Ўзбекистон ва Марказий Осиё ижтимоий-гуманитар фан йўналишларининг замонавий долзарб муаммолари, қиёсий таҳлил қилинган гуманитар илм-фан феномен ва тенденциялари  концептуал моҳиятининг долзарб томонларини оммалаштириш, бу соҳада хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш ҳамда замонавий ижтимоий-гуманитар билимлар ютуқларини тарғиб этиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ОТМлари ижтимоий-гуманитар фанларининг кредит тизимига ўтишининг халқаро тажрибалари ва миллий хусусиятлари муаммолари таҳлил этилди.

Мазкур тадбирда АҚШнинг Йел, Индиана, Хофстра университети профессорлари Марианна Камп, Элёр Каримов, Клэр Роосиен, Россия ФА академиги Адҳам Юнусов, Белоруссия Давлат университети профессори, ЮНЕСКОнинг регионал эксперти Татьяна Мишаткина, Италия халқаро таълим ва туризм маркази директори Максим Бахтин, Қозоғистон Ал-Форобий номидаги миллий университет профессори Турсун Габитов, Тожикистон ФА академиги Фируза Носирова ва ЎзМУ Фалсафа илмий жамоаси раҳбари профессор Г.Маҳмудова, ЎзМУ Фалсафа ва мантиқ кафедраси мудири, проф. Ш.Мадаева ва бошқа бир қатор олимлар ўзларининг долзарб муаммолар қамраб олинган маърузалари билан иштирок этдилар.

photo_2020-05-30_01-24-25 Конференцияда Ўзбекистондаги прогрессив, интеграцион жараёнларни эътироф этувчи фикрлар билан бирга, бугунги кунда ижтимоий-гуманитар фанлар билан боғлиқ ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ФА қошида фалсафа, социология, психология каби фанларни илмий-назарий, амалий аҳамиятини чуқур ўрганиб жамият тараққиёти билан боғлаб берувчи Фалсафа ва ижтимоий фанлар институти ташкил этилиши зарурлиги қизғин муҳокама қилинди. Олимлар маърузаларида жамият тараққиёти ва ёшлар истиқболида фалсафий креатив тафаккур, биоэтика ва эстетика масалалари, сунъий интеллект ва руҳ психологияси, рақамлашаётган ва ахборотлашаётган дунёнинг инсон маънавиятига таъсири, мантиқий тафаккурнинг жамият барқарор тараққиётидаги аҳамияти ҳақида залворли фикрлар билдирилди. Шунингдек, республикамиз ОТМларида  кредит-модуль тизимига ўтиш жараёнида жаҳон тажрибасини намуналари таҳлил қилинди. Ижтимоий-гуманитар фанлар орқали инсонни шакллантириш масаласи бутун дунё етакчи университет олимлари педагогик-илмий фаолияти намуналари мисолида кўрсатиб берилди. Конференция сўнгида модераторлар томондан резолюция ўқиб эшиттирилди ва тасдиқланди.

Шаҳноза МАДАЕВА,
ЎзМУ Фалсафа ва мантиқ кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор