« Back

Конференция 25.09.2020 13:32

Академик С.Сирожиддинов хотирасига бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтида машҳур математик олим С.Сирожиддинов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Стохастик таҳлилнинг замонавий муаммолари” мавзусидаги илмий конференция бўлиб ўтди.

С.Сирожиддинов — физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, давлат мукофотлари лауреати, мамлакатимиз ва чет эллар математиклари орасида эҳтимоллар назарияси, математик статистика ва уларнинг татбиқлари, математик анализ, Ўрта Осиёда математикани ривожланиш тарихи соҳаларидаги тадқиқотлар муаллифи сифатида танилган.

У моҳир педагог ва жонкуяр фан ташкилотчиси сифатида мамлакатимиз учун кўплаб математикларни, жумладан 10дан ортиқ фан докторлари, 50га яқин фан номзодларини тарбиялаб етиштирган ва яна ҳам кўпроқ математик олимлар шаклланишида раҳнамолик қилган.

Конференция ишида 100дан ортик мутахассислар, шу жумладан Россия, Украина, Озарбайжон ва грузиялик 10дан ортиқ олимлар иштирок этиб, илмий маърузалар билан қатнашдилар. Конференция очилишида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти директори академик Ш.Аюпов, академиклар Ш.Фармонов, А.Азамовлар С.Сирожиддиновнинг Ўзбекистонда илм-фанни ривожига, юкори малакали кадрларни етиштириш, ёшлар тарбияси, республикамизда математика бўйича олимпиадаларни ташкил этишга қўшган улкан хиссаси тўғрисида маъруза қилдилар.

Конференция ишида таниқли олимлардан ташқари Математика институнинг, Республикамиз ОТМларининг кўплаб ёш олимлари, таянч докторантлари ва Ўзбекистон миллий университетининг математика йўналиши магистрантлари маърузалар билан қатнашди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кундаги информацион технологиялар жуда катта имкониятларга, қулайликларга эгалигини, олимларимизни жаҳон ҳамжамиятига чиқиш имкониятлари вужудга келганини, олимларимизни чет эллик мутахассислар билан бевосита алоқа қила олишини бўлиб ўтган конференция яққол намоён қилди.