« Back

Коррупция 15.05.2020 18:04

Коррупцияни енгиш мумкинми ёхуд қандай инсонга “ҳалоллик вакцинаси” зарур?

Фан ва технологиялар ривожланиб, тараққиёт кун сайин юксалиб бораётган бугунги давримизда бир қатор глобал муаммолар инсониятнинг келажакдаги фаровон ҳаётига таҳдид туғдирувчи жиддий омилга айланаётгани сир эмас. Коррупция ана шундай салбий иллатлардан биридир. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилади.

Бу, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиёти ривожланишига тўсиқ бўлади, ҳаёт даражаси пасайишига олиб келади. Шу билан бирга, коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига, уюшган жиноятчилик авж олишига замин яратади ва тинч турмушимизга хавф солади. Шунинг учун ҳам барча демократик давлатлар коррупцияга жамият ривожи ва янгиланиши илдизига болта урувчи иллат сифатида қарайди. Унга қарши тизимли равишда кураш олиб боришни асосий вазифаси деб билади.

Тransparensy International халқаро ташкилоти таҳлилий маълумотларида бугунги кунда Африка, Шарқий Европа ва Яқин Шарқ давлатларида коррупция иллати энг юқори даражада қолаётгани кўрсатилган. Эътиборлиси, Ўзбекистон 2018 йилда 180 та мамлакат орасида коррупция даражаси бўйича 158-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йилда 153-ўринга тушган. Бу эса Ўзбекистонда коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилаётганидан далолатдир. Лекин бу хотиржамлик учун асос бўлмайди.

Шу ўринда коррупцияни енгиш мумкинми, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бу саволга “ҳа” деб жавоб беришга бироз шошилмаслик керак. Чунки дунё амалиётида коррупцияга қарши кураш қанчалик кенг қамровли бўлишига қарамай, бу тизим кутилган самарани бераётгани йўқ. Transparensy International ўтказган тадқиқот натижасида ҳеч бир давлат коррупция даражаси бўйича 100 баллик кўрсаткичдан ҳатто 90 балл тўплаш имконига эга бўлмаган. Энг яхши кўрсаткич Янги Зеландия ва Данияга тегишли — улар 87 балл тўплашга муваффақ бўлган. Финляндия 86, Швейцария, Сингапур ва Швеция 85 балл олган. Ушбу рейтингда Сомали (9 балл), Жанубий Судан (12 балл) ва Сурия (13 балл) энг паст кўрсаткичга эга.

Тўғри, айрим мамлакатларда коррупциянинг пора олиш, пора бериш каби энг жирканч кўринишлари барҳам топган бўлиши мумкин. Лекин коррупция фақат пора олиш, пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан чекланмайди. Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансабга совуққонлик билан қараш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, мансаб сохтакорлиги, давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш — булар ҳаммаси коррупция кўринишларидир.

Қолаверса, бугун дунёни алғов-далғов қилаётган рангли инқилоблар, инсониятни янги уруш остонасига олиб келган ҳолатлар, бошқа давлатларнинг ички ишига аралашиш, қурол-яроғ ва гиёҳвандлик савдосининг асл моҳиятида коррупция иллати йўқми? Бор, албатта. Булар коррупциянинг давлатлар миқёсидаги кўринишидир. Халқаро муносабатларда булар “катта сиёсат” ёки “катта ўйинлар” ибораси билан ифодаланади.

Инсоният тараққиётига ғов бўлаётган, халқлар ва давлатларнинг бир-бирига бўлган ишончини йўққа чиқараётган бундай оғир иллатларнинг олдини олиш мақсадида 2003 йил 31 октябрда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси қабул қилинган. Мазкур ҳужжатнинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган бўлиб, унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган.

Ўзбекистон ушбу халқаро конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган эди. Кейинги йилларда бу иллатга қарши кураш борасида дадил қадамлар ташланяпти. 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. У давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизим яратишда муҳим роль ўйнади.

Ўзбекистон қонунчилигида коррупция аломатлари мавжуд бўлган қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Қолаверса, порахўрликнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори экани эътиборга олиниб, бундай ҳолатларда оғир жазо назарда тутилди. Ҳозирги вақтда жамиятимизда жиноий жазолар либераллаштирилаётган, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилаётган бўлса-да, порахўрлик учун белгиланган жазо чоралари либераллаштирилгани йўқ. Бу ҳам мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва изчил кураш олиб борилаётганидан далолат беради. Шундай бўлса-да, мамлакатимизда коррупция жиноятига қарши олиб борилаётган кураш ҳозирча биз кутган самарани бергани йўқ.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида айни шу жиҳатларни эътиборга олиб, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатлами, энг яхши мутахассислар жалб қилиниши, энг муҳими, жамиятимизнинг барча аъзолари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши лозимлигини таъкидлади. Бу йўналишдаги ишларни ташкил этишда коррупциянинг оқибатлари билан курашиш эмас, унинг олдини олиш вазифаси белгилаб берилди.

Шундан сўнг “ҳалоллик вакцинаси” ўзи нима, уни қаердан олса бўлади, давлат раҳбари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш деганда нимани назарда тутди каби саволлар турли давраларда баҳс-мунозараларнинг асосий мавзусига айланди. Бундай давраларда нафақат кенг жамоатчилик, балки вазирлар, депутатлар, сиёсатчилар ҳам турли фикрларни билдирди.

Фикримизча, ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш деганда, назаримизда, одамларда коррупцияга қарши иммунитет ҳосил қилиш, яъни ундан сақланиш назарда тутилади. “Ҳалоллик вакцинаси” ҳар бир инсонда бўлади ва у “инсон нафси”нинг даражасига тенг. Арифметик амалда тушунтирадиган бўлсак, инсон нафси юқори бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” паст бўлади ва инсонда коррупцияга мойилликни келтириб чиқаради.

Агар инсон ўз нафсини енга олсагина руҳан ва жисмонан покланади, ёмонликдан қайтишга қодир, эзгуликларга камарбаста бўлади. Айнан шунинг ўзи коррупцияга қарши мустаҳкам иммунитет — “ҳалоллик вакцинаси” эмасми?!

Қиссадан ҳисса шуки, нафсини жиловлай олган инсоннинг ҳамиша нияти пок бўлади. Пок ният эса хайрли ишларга йўл очади. Хайрли ишлар қилинаётган жамиятда коррупцияга ўрин қолмайди.

Абдуманноб РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди котибияти мудири, 
юридик фанлар номзоди