« Back

Коррупция 24.07.2020 12:42

Ш.Ҳидоятов: «Қурилиш соҳасида коррупцияга барҳам берилади»

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йиғилишда архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижалари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини белгилаб берилди. Бу ҳақида қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Ҳидоятов қуйидагиларни қайд этди.

"Ҳозирда энг долзарб масала ижтимоий объектлар, мисол учун кўп қаватли мактабларни қуриш, уларни замонавий ўқув дастгоҳлари билан таъминлаш, архитектура ва қурилиш сифатини оширган ҳолда нархини арзонлаштириш тамойилларига эътибор бериш. Масалан, ер ресурслари чекланганлигини ҳисобга олиб, кўп қаватли уйларни қуриш, газдан фойдаланишга рухсат беришни нормативларга киритиб, биноларни асосан чет давлатларнинг тажрибаси асосида мустаҳкам қилиб қуриш борасида топшириқ олдик.

Бу бўйича Қурилишда техник меъёрлаш марказимизга 15 нафар АҚШда ўқиган ва у ердаги ташкилотларда ишлаган ПҲД даражасидаги ёш кадрларни жалб қилганмиз. Жаҳон стандартлари бўйича етакчи ташкилотлар билан ва ўзимизнинг маҳаллий лойиҳа институтлари билан ишларни бошлаб юбордик. Президентимиз жорий йил бошида қурилиш соҳасини рақамлаштириш ҳақида топшириқ бергандилар. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир йўналишимизни тўлиқ рақамлаштириш ҳаракатидамиз. Рақамлаштиришда қурилиш объектларидаги сифатни назорат қилиш учун инспекторларни ҳар бирини қўлига планшетлар берилган.

Улар Тошкент шаҳрида тест режимида ишларни олиб бормоқда. Бунда инспекторларнинг иши бир хил тақсимланишига, қулайлик яратилишига, энг асосийси коррупцияни олдини олишга хизмат қиладиган портал яратилди. Бу порталимиз яқинда вилоятларда ҳам ишлай бошлайди. Инспекторларни рақамли ишлашга ўргатиш мақсадида ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Йил якунига қадар 100 фоиз инспекторлар ўзининг планшетлари орқали жараёнларни бошқаришади. Бу эса коррупцияни олдини олади, тезлик ва сифатни сезиларли даражада оширади. Ҳозир ҳар бир лойиҳа рақамлаштирилган ҳолда масофадан олиб, кўриб чиқилмоқда.

Камчиликларни бартараф этиш учун масофавий ҳар бир лойиҳа институтига берилмоқда. Лекин бу ерда яна ҳам сифатли янги нормативларни қўллаган ҳолда иш олиб боришни тизимли йўлга қўйиш бўйича топшириқлар олдик. Унга кўра, давлат ва нодавлат лойиҳа экспертизаларининг ягона базасини яратамиз. Экспертизадан ўтказилган ҳар бир лойиҳа ушбу базада сақланиб қолади. Хоҳлаган вақтда буни кўра билиш имкони бўлади. Бу нима беради? Бу ҳар бир экспертнинг жавобгарлигини оширади ва шаффофликни таъминлайди. Коррупцияни олдини олади. Ва энг асосийси ҳар бир эксперт лойиҳалар экспертиза қилиш учун экспертларга тенг тақсимланади.

Масалан, Тошкентдаги бир лойиҳани олиб, агар шаҳар экспертлари банд бўладиган бўлса, ё водийдаги, ё воҳадаги экспертни бандлик даражасига қараб, унга жўната оламиз. Бунда эксперт лойиҳачи билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлмайди. Бу нима беради? Кўп қоғозни сарфлаб, альбомлар тайёрлашга ҳожат қолмайди. Бунда электрон имзо бўлади. Лойиҳалар электрон кўринишда жўнатилгандан кейин ундаги камчиликлар ҳам электрон шаклда аниқ, равшан кўриниб туради.

Лойиҳалар экспертизаси тезлашиб, сифати ошишига, хизматнинг арзонлашишига ва энг муҳими қимматли вақт тежалишига олиб келади. Булардан ташқари энг асосий тизимларимиздан яна бири тендер, яъни танлов савдолари тизими бўлиб, бу мавзу жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган. Ҳозирда тендер тизимида вақтни икки баробарга тежаб, топшириладиган ҳужжатларни қисқартирдик ва рақамлаштирдик. Рейтинг тизими ишлаб чиқилди.

Рейтинг тизимида пудрат ташкилотлари тоифалари аниқ кўрсатилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда касбга йўналтириш бўйича ишлар олиб борилаяпти. 2021 йил 1 январдан бошлаб, меҳнат дафтарчаси тўлиқ электронлашмоқда. Бу бизни рейтинг тизимимизга боғланади. Ҳар бир корхонада ишлаётган ходимларнинг билими, сертификати ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги электрон кўринишда маълумотлар тақдим этади.

Ва ундан ташқари рейтинг тизими Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ва статистика қўмитаси билан ҳам боғланган бўлиб, ҳар бир қурилиш корхонаси ҳақидаги солиқ тўлови ва қилинган ишилар ҳақидаги маълумотлари тизимга электрон кўринишда келиб тушади. Ушбу ташкилотлар ўзларининг бир ой давомида қилган ишлари, айланма пул маблағлари ҳақида тақдим этган маълумотлари юқоридаги қўмиталар томонидан рейтинг тизимига мунтазам киритиб борилади.

Худди шу мезонлардан келиб чиқиб, пудрат ташкилотлари баҳоланади ва улар рейтинг кўрсатгичлари асосида танлов савдоларида иштирок этишлари мумкин бўлади. Энди буюртмачи томонидан пудрат ташкилоти белгилаб берилмайди, балки шаффоф электрон тизим орқали энг муносиби танлаб олинади. Демак, рақобат кучайиб, пудрат ташкилотлари рейтингда юқори кўрсаткичларга эришиш учун ҳаракат қиладилар.

Рақамлаштиришга оид яна бир маълумот. Қурилиш жараёнлари калькулятори ишлаб чиқилди. Унда ҳар бир юртдошимиз уй қурмоқчими, дўкон ёки корхона қурмоқчими, барча-барчаси учун қайси жараёнлардан ўтилиши аниқ кўрсатилган. Ишни нимадан бошлаш керак, қайси ташкилотга мурожаат қилинади, буларнинг барчаси босқичма-босқич кетма-кетликда кўрсатиб ўтилган.

Унда қайта алоқа хизмати ҳам мавжуд бўлиб, аҳоли қайси босқичда муаммога дуч келганини киритса, дарҳол тушунмовчиликка ойдинлик киритилиб, масала жойида ҳал этилади. Бу аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаган ҳолда уларга шаффоф, аниқ тизим орқали кўмак бериш дегани".

ЎзА