« Back

Коррупция 08.09.2020 13:19

Коррупцияга қарши синалган халқаро стандарт бор, уни қўллашга хоҳиш-чи?

Сўнгги пайтларда коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган турли тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши кураш бошқарув тизимлари” халқаро стандарти ҳақида кўп фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Кўплаб мамлакатлар ва дунё миқёсида танилган йирик компаниялар томонидан тан олинган мазкур стандартга Ўзбекистонда ҳам қизиқиш билан қаралаётгани ижобий ҳолдир. Чунки бу стандартининг бир қатор ижобий натижаларга олиб келиши халқаро тажрибада исботланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ушбу стандартни мулкчиликни турли шаклларида фаолият юритувчи барча ташкилотларда, жумладан, давлат органлари ва хусусий тармоқда, катта-кичик меҳнат жамоаларида қўллаш мумкин. Тизимни самарали жорий этган идора ва корхоналар ўзларининг коррупцияга қарши кураш соҳасида мазкур стандартга мувофиқлиги ҳақида сертификат олишлари мумкин. Оддий қилиб айтганда, бу халқаро сертификат ўзига хос “ташриф қоғозча”си бўлиб, халқаро стандартни жорий этган корхона ва ташкилотларда коррупция ҳолатларига муросасиз муносабат ўрнатилганидан гувоҳлик беради. Мувофиқлик сертификатига эга ташкилотларга нисбатан бизнес ҳамкорлар ва мижозларнинг ишончи ошади, улар таклиф этаётган товар ва хизматларнинг рақобатбардошлиги кучаяди,

Вақт ўтгани сайин коррупцияга қарши самарали восита сифатида тан олинган бу стандартга амал қиладиган давлатлар, корхона ва компаниялар сафи кенгайиб бориши аниқ. “Тенг тенги билан” деганларидек, халқаро бозорда бундай ташкилотлар билан муносабат ўрнатмоқчи ҳамкорлар ҳам ўзларининг шундай мезонларга мос эканликларини исботлашлари талаб қилинади. Чунки, ўз ишчанлик обрўси ва манфаатларини ўйлаган бирор ташкилот ишончсиз ҳамкорлар билан алоқа туфайли ноқонуний ишлар ва низоларга аралашиб қолишни ҳамда бунинг оқибатида моддий ва маънавий зарар кўришни истамайди.

Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, миллий саноатда экспортга йўналтирилган товар ва хизматлар улушини ошириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кучайтириш вазифалари долзарб бўлиб турган бир пайтда, айниқса шу йўналишда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятларини бу халқаро стандарт талабларига мослашга ҳаракат қилишлари керак. Давлат ҳокимияти органлари ва муассасалари, устав жамғармасида давлат улуши бўлган корхоналар, миллий банк тизими вакиллари “Коррупцияга қарши кураш бошқарув тизимлари” халқаро стандартини жорий этишда бошқа ташкилотларга ибрат бўлишлари керак.

Ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз - кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида жиддий ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Президентининг Фармони билан тасдиқланган “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури”да бу йўналишда бажарилиши керак бўлган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган. Мисол учун, алоҳида соҳалар ва тармоқларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш,устав жамғармасида давлат улуши бўлган ташкилотларда ISO 37001:2016 халқаро стандартини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

2020 йил поёнига етмоқда, лекин давлат органлари ва турли шаклда фаолият юритувчи корхоналаримизда мазкур халқаро стандартни жорий этишга қаратилган аниқ амалий ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар ҳозирча жуда кам. Мисол учун, матбуотда мустақил экспертиза ва сертификатлаш соҳасида дунёдаги етакчи ташкилотлардан ҳисобланган SGS (Швейцария) халқаро компанияси 2019 йил 3-5 июль кунлари Тошкентда “Коррупцияга қарши курашни бошқарув тизимлари” халқаро стандартини жорий этиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказгани хабар қилинган. Лекин, бу хатти-ҳаракатларнинг амалий натижалари ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Тадбирда Ўзбекистоннинг бир қатор йирик компаниялари вакиллари иштирок этган. Лекин, бу хатти-ҳаракатларнинг амалий натижалари ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Аслида, фаолияти халқаро алоқаларга бевосита боғлиқ ва жиддий экспорт салоҳиятига эга бўлган йирик корхоналар халқаро стандартни жорий этишда олдинги сафларда бўлиши керак.

Коррупцияга қарши кураш - янги Ўзбекистон сиёсатининг устивор йўналишларидан бири деб қаралмоқда.

Жумладан:

- самарали давлат бошқаруви ва иқтисодий тараққиётга таҳдид солувчи, жамиятни ҳуқуқий нигилизм ва маънавий таназзулга келтирувчи коррупция ҳолатларига қарши кураш соҳасида қатъий сиёсий ирода бор;

- бу соҳадаги миллий қонунчилик халқаро мезонларга мос равишда ривожлантирилмоқда;

- коррупцияга қарши курашнинг ташкилий механизмлари мустаҳкамланмоқда.

Қолаверса, коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро тажрибада синалган, кўп давлатлар томонидан эътироф этилган стандартлар тизими мавжуд. Тегишли Давлат дастурлари ва қонун ҳужжатларида бу стандартни жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Энди ҳамма гап мамлакатимизнинг катта-кичик идоралари, тижорат ва нотижорат ташкилотлари, турли шаклдаги ишлаб чиқариш ва бизнес компанияларининг бу масалага қандай муносабатда эканига боғлиқ.

Яъни, коррупцияга қарши кураш соҳасида ҳам ҳамма ўзи учун янгидан “велосипед яратиши” шарт эмас, балки бу борадаги халқаро тажрибада синалган воситалардан фойдаланиш ўринлидир.

Шу билан бирга, давлат ва нодавлат ташкилотларида, ишлаб чиқариш корхоналарида, ҳуқуқни ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа тизимларида бу халқаро стандартни самарали қўллаш билан боғлиқ маълумотларни кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни йўлга қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.

Мухтасар айтганда, коррупцияга қарши курашга бел боғлаганини эълон қилган давлат ва нодавлат ташкилотлари кўп. Бироқ коррупцияга қарши кураш тизими халқаро стандартларга жавоб берадиган, яъни ISO 37001:2016 сертификатига эга миллий ташкилотларимиз борми, уларнинг сони қанча деган саволга аниқ жавоб йўқ. Биз бирор бир вазирлик ва давлат қўмитасини шундай сертификатга эга бўлибди деб эшитмаганмиз. Бунда табиийки навбатдаги савол туғилади, шундай “мард”лар борми. Бошқачароқ айтганда биз баландпарвоз гапларга эмас, ҳужжатга ишонамиз.

Анвар ҒОФИРЖОН,
журналист