« Back

Коррупция 06.07.2020 20:03

Энди коррупция йўқоладими?

Маълумки, ҳар қандай давлат учун коррупция, бу – турли хавфлар ичидаги энг зарарли ва маълум миқдорда доимий мавжуд бўладиган «бактерия» каби иллатдир. Зеро уни камайтириш мумкин, аммо йўқотиш – жуда мушкул масала. Бинобарин, «Transparency International» ташкилотининг 2019 йил ҳисоботига кўра, қуйидаги давлатларда коррупция ҳодисаси деярли кузатилмаётганлиги аниқланган: 87 баллдан тўплашга эришган Дания ва Янги Зеландия 1-ўрин, 86 балл билан Финляндия 3-ўрин, 85 баллдан тўплаган Цингапур, Швеция ва Швейцария 4-ўринни эгаллаб, ижобий натижа кўрсатган. Аммо таъкидланганидек, ушбу давлатларда ҳам коррупция бутунлай бартараф этилганлигини «Transparency International» каби халқаро ташкилот ҳам тасдиқлай олмайди. Шундай экан, бу тегишли давлат органлари томонидан доимий тарзда олдини олиш тадбирлари давом эттирилиб турувчи, ўзига яраша масъул мансабдор шахсларни «ҳалоллик вакцинаси» билан «даволаниб» туришни талаб қилувчи доимий «муолажадир».

«Ҳалоллик вакцинаси» яратилишини ва давлат хизматчиларининг даврий «муолажалар»ни олиб туришини ташкиллаштиришга масъул бўлган янги давлат бошқаруви органларидан бири бу - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳисобланади.

Фармонга кўра, Агентлик:

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантиради ва амалга оширади;

ўз фаолиятида қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида олиб бориб Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдордир;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади.

Маълумки, Ўзбекистонда шу кунгача мазкур иллатга қарши бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар курашиб келди. Уларнинг таркибидаги бошқарма-ю бўлимлар маълум маънода ушбу «касаллик»ни бартараф этишга, жиловлашга ва шу тариқа Ўзбекистонда қонун устуворлиги принципини таъминлашга уринди. Аммо жаҳон тажрибаси шуни кўрсатдики, коррупцияга қарши курашувчи алоҳида давлат органининг фаолият юритиши самарали натижани бериши мумкин. Бундай мустақил органлар Қозоғистон, Латвия, Литва, Украина, Корея Республикаси, Цингапур, Ҳиндистон, Франция, Руминия, Хорватия каби давлатларда Бюро, Марказ, Агентлик, Хизмат каби тузилмавий шаклларда доимий тарзда фаолият юритиб улар бевосита мамлакат президентига ёки парламентига бўйсунади. Ушбу мезон нуқтаи назаридан, Ўзбекистонда ташкил этилган коррупцияга қарши курашиш агентлиги жаҳон тажрибасига тўлиқ жавоб беришини таъкидлаш лозим.

Дунёнинг коррупциясиз давлатлари ичида 3-ўринда турувчи давлат Финляндияда ҳам коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган – адлия омбудсмани органи мамлакат раҳбари томонидан лавозимга тайинланади.

Дарвоқе, коррупция иллатига қарши курашувчи мустақил органнинг ташкил этилиши халқаро меъёрларга ҳам тўлиқ жавоб беришини эслатиб ўтиш керак. Зеро, БМТнинг коррупцияга қарши кураш конвенциясининг 6 ва 36-моддаларида иштирокчи давлатлар ўз мустақил органига ёки органларига эга бўлиши мумкинлиги ва улар ҳеч бир ижро ҳокимияти органларига ва бошқа давлат органларига бўйсунмасдан мустақил равишда фаолият юритиши лозимлиги кўрсатилган.

БМТнинг мазкур конвенцияси 13-моддасида коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўллари сифатида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш;

қабул қилинаётган қарорларда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш;

аҳолининг давлат органларидаги маълумотларни олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш;

таълим муассасаларида ва аҳоли орасида коррупциянинг салбий оқибатларини тушунтириш ишларини юритиш каби мажбуриятлар иштирокчи давлатларга юклатилган.

Мазкур халқаро ҳужжат талаблари эътиборга олиниб, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонининг 2-бандида янги ташкил этилган Агентликнинг вазифаларидан бири сифатида оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторининг бошқа вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш масаласи назарда тутилган.

Албатта, коррупцияга қарши самарали курашнинг энг натижадор усулларидан бири, бу – давлат органининг очиқлигидир. Ҳар бир давлат органи ўз фаолиятига доир очиқ маълумотларни ўз веб-сайтларига, ижтимоий тармоқлардаги каналларига, матбуот котибларининг ОАВ учун бўладиган пресс-конференцияларида доимий эълон қилиб бориши керак.

Давлат хизматчиларининг даромадлари декларацияси масаласи ҳам кенг жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши лозим. Бугунги ислоҳотлар босқичи давлат хизмати соҳасида профессионалликни, барча даражадаги давлат хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий мақоми мустаҳкамланишини талаб қилмоқда. Шу сабабли ҳам айни пайтда «Давлат-фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси устида ҳам ишлар бошлаб юборилган. Аслида, бу масалада МДҲ давлатлари ичида орқада қолаётганлигимизни ҳам таъкидлаш зарур. Аммо доно халқимизнинг «Ҳечдан кўра, кеч яхши» деган мақолига амал қилиб, бугун ушбу масалаларни ҳам ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий ва моддий томонларини аниқлаштириб олмоғимиз зарур. Зеро буларнинг барчаси коррупцияга қарши кураш чораларининг ажралмас, таркибий қисмларидир. Шу ўринда янги ташкил этилган коррупцияга қарши кураш Агентлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда мазкур иллатга қарши курашишда қўйидаги жиҳатларга урғу бериш муҳим деб ҳисоблаймиз:

коррупцион жиноятларни содир этганлик учун қонунчиликда белгиланган жазо чораларини оғирлаштириш ва уларнинг альтернатив(муқобил)лигини камайтириш;

давлат хизматчиларининг ижтимоий-иқтисодий ва моддий таъминланганлик даражасини босқичма-босқич доимий ошириб бориш;

давлат хизматчиларининг даромадлари ва мулки декларацияланишини қонуний тарзда ва тизимли йўлга қўйиш ҳамда унинг жамият учун очиқлигини таъминлаш;

барча даражадаги давлат органлари фаолияти шаффофлигини таъминлашга қаратилган доимий ташкилий чора тадбирларни давом эттириши;

давлат бошқаруви органларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашни ҳуқуқий тартибга солиш ва доимий шаффоф мониторинг қилиб бориш тизимини яратиш;

давлат хизматининг барча (республика, вилоят, туман ва шаҳар) даражаларида пухта ишлаб чиқилган ва илмий асосланган ротация механизмини ҳуқуқий томондан шакллантириш ва қатъий мониторинг қилиб бориш;

2017 йил сентябрь ойида қабул қилинган Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган устувор вазифаларни давом эттириш ва давлат органлари сонининг оптималлашишига, шу билан бирга, уларнинг сифати ошишини таъминлаш механизмларини яратишга эътибор қаратиш муҳим.

Аввал таъкидлаганимиздек, коррупция иллатини жиловлаш мумкин, аммо йўқотиш қийиндир. Таниқли адабиётшунос олим Қўчқор Норқобилнинг таъкидлаганидек, «Чивинлар ўлдирилмайди, ботқоқ қуритилади!». Шунинг учун қабул қилинаётган қарорлар ва амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг илмий асосланганлиги ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Акс ҳолда, зараркунандалар яшашда давом этаверади.

Серикбек Муратаев,
Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси мудири, ю.ф.н