« Back

Коррупция 08.07.2020 14:47

Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатди

Таъбир жоиз бўлса, инсоният тарихида, қолаверса, бутун кишилик жамиятида чуқур илдиз отган иллат – коррупцияга нисбатан «аср вабоси» деб таъриф берилиши, бежиз эмас.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунёда коррупцияни олдини олиш ва унга қарши кенг қамровли кураш олиб борилаётганига қарамасдан, кутилган самарага эришиб бўлмаяпти.

Ўйлаб қоласан. Жамиятдаги коррупциянинг илдизи қаерда? Унинг келиб чиқиш сабаблари нимада? «Аср вабоси»га қарши курашнинг қамрови шунчалик кенг бўлса-да, ундан қутилишнинг нима учун имкони йўқ?

«Аср вабоси» – яъни, коррупциянинг келиб чиқиши инсон нафсиданми? Албатта, бизнинг бу эҳтимолимиз бежизга эмас. Чунки инсоният пайдо бўлибдики, уни нафси бор, нафс бўлган жойда суиистеъмолчиликлар бор.

Жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармони қабул қилинди. Фармонда Агентлик фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, биринчи навбатда, барча вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари ўз ҳудудларида, тармоқ раҳбарлари ўз тизимларида Агентлик билан бирга бир ой муддатда Коррупциядан холи дастурини ишлаб чиқиши, бунда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда соҳаларни рақамлаштириш энг асосий вазифа этиб белгиланди. Чунки коррупцияга қарши курашадиган органлар фаолиятининг мавҳумлиги, унинг самарадорлигига кескин таъсир этиши йиллар давомида исботланган ҳақиқатдир.

Қолаверса, кенг жамоатчилик назорати остида, яъни, очиқлик ва ошкоралик тамойилида иш юритадиган органнинг фаолияти албатта самарали бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Айнан шунинг учун ҳам юқоридагилардан келиб чиқиб, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш ва энг аввало уни олдини олишда таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйиш, жумладан, Агентлик коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб бориши муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни энг муҳимларидан бири, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга аҳоли ва тадбиркорларнинг коррупцияга муносабатини ўрганиб бориши ва давлат идоралари фаолиятини баҳолаб бориши юклатилди. Бундан умид қилиш мумкинки, яқин келажакда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ишлари ўзининг янги босқичига кириши керак.

Келинг, шу ўринда, коррупциянинг келиб чиқиш сабабларига эътибор қаратайлик.

Дунё мамлакатларида коррупция иллати турлича кўринишга эга. Лекин, унинг келиб чиқиш сабаблари бир хил.

Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар.

Биринчиси - иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади.

Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади.

Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ё рухсат бериш, ё тақиқлаш ваколати порахўрликка замин яратади.

Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.

Иккинчиси - ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва порахўрлар бундан усталик билан фойдаланадилар.

Учинчиси - институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.

Тўртинчиси - ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.

Коррупция хорижий инвестициялар оқими учун ҳам катта тўсиқдир. БМТ томонидан бутун дунёда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, коррупция билан инвестициялар оқими ўртасида тескари, корреляция мавжуд бўлиб, мамлакатда коррупция қанчалик юқори бўлса, шунга тенг пропорцияда инвестициялар оқими камайиб боради. Нима сабабдан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва уни бартараф этишга бутун кучлар сафарбар этилганини тушунган бўлсангиз керак. Шу нарсани очиқ айтиш керакки, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилмасдан туриб, ўз имкониятларимиз билан тараққиётга эриша олмаймиз.

КОРРУПЦИЯ, БУ - ИНСОН НАФСИНИНГ МАҲСУЛИМИ?

Ҳа, худди шундай. У инсон нафсининг том маънодаги маҳсулидир. Бундай деб айтишга асосларимиз ҳам бор.

Маълумки, барча пайғамбарлар маъсумдир (гуноҳсиздир)лар дейилади. Яъни улар камчилик ва хатолардан покдирлар. Улар нафақат яхшилар, балки яхшилар орасидаги яхшиларнинг энг яхшисидирлар. Юсуф алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таолонинг ана шундай пайғамбарларидан биридир. Аллоҳнинг мана шу пайғамбари тилидан айтилган «Мен нафсимни оқламайман, агар Роббим менга ёрдам бермаса, мен уни тарбия қилишга ожизман», деган сўзи нафсни нафақат инсонлар, балки пайғамбарлар устидан ҳам ҳукмрон бўлишга қодир эканлигини кўрсатади.

Одамзод яралибдики, унга доим панд берган ва душманлик қилган нарса бу унинг нафси бўлиб келган. Айтишларича, инсон то тирик экан, нафс қулига айланмаслиги керак. Нафс шундай ғанимки, манманлик ва қайсарлик унинг шиоридир. Нафс кибру ҳавони олиб келади. Бировнинг ҳаққига хиёнат, ёлғон, фисқу фасод, манманлик бу нафснинг амалдаги кўринишидир.

Бир эсланг. Мамлакатимиз Президентининг янги таркибдаги Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида айтган «Ҳаммамиз қотган нон есак ҳам, ўзимиз ўрнак бўлолсак, кескин ўзгариш бўлади. Ўзимиз қўш-қўш қилиб яхши машиналар минсак, тўрт қаватли уйлар қилиб юрсак, ҳеч қачон мақсадга етолмаймиз» деган гапларининг замирида биз мансабдорларни ўз нафсимизни қулига айланиб қолмаслигимиз учун даъват эмасми? Бундан хулоса шуки, коррупциянинг манбаси бу инсон нафсидир.

Давлат раҳбари президентлик фаолиятининг илк кунларида катта бир мажлисда шундай деган эдилар: "Агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, мени мақтаманг. Менга ҳақиқатни айтинг".

Албатта, биз буни бежизга эсламадик. Бундан ўн тўрт аср муқаддам Ҳазрати Умар (р.а.): «Мен учун энг севимли киши хатоларимни кўрсатган инсондир. Мен учун энг афзал инсон адолатга зид иш таклиф қилинганида, манфаатли бўлишига қарамасдан, рад эта олган инсондир», деб айтган эканлар.

Шуни унутмаслик керак. Ҳақиқатни айта оладиганлар орамизда жуда камчиликни ташкил этади. Бироқ, ҳақиқатни маълум бир муддат айтилмаслиги, жамиятда ҳақиқат йўқ деган маънони англатмайди. Ҳақиқат бизга тегишли эмас, Ҳаққа тегишлидир.

Шу ўринда, нафс ва ҳақиқат ҳақида айтилган фикримизни Ҳазрати Умар (р.а.) ҳаётига тааллуқли ривоят билан якунламоқчимиз. Чунки у киши ўз нафсига қарши курашда ўзгаларга ўрнак бўлган ва, ҳақиқат йўлида буюк Амир ал-мўминин бўлгани билан тарихда қолган.

Ҳазрати Умар (р.а.) Амир ал-мўминин бўлганларида унинг ўғли Абдуллоҳ Отасига: Сиз Амир ал-мўминин бўлдингиз, шундай инсонни ўғли қирқ жойидан ямоқ солинган чопон кийса уят бўлади. Энди менга янги чопон олиб беринг, деган экан.

Шунда Ҳазрати Умар (р.а.): - Ўғлим, ўзинг яхши биласан, ойлик маошим рўзғорга аранг етади. Бу ойда олган маошим ҳам тугади. Қандай қилиб сенга янги чопон олиб бераман? Бошқа мўминлар қатори эски чопонингни кийиб юравер. Бундан уялмагин, деган эканлар. Шунда ўғли: - Ахир сиз Амир ал-мўминин бўлсангиз, хазинабонга айтинг, пул берсин, - дебди.

Ҳазрати Умар (р.а.) ўғлига: - Бўлмаса, хазинабонга бориб айт, менинг кейинги ойда оладиган маошимни берсин. Агар берадиган бўлса, сенга янги чопон олиб бераман.

Ўғли Абдуллоҳ, хурсанд бўлиб хазинабонга борибди ва отасини кейинги ойда оладиган маошини беришини сўрабди. Шунда хазинабон, бориб Амир ал-мўмининга айт, кейинги ойда оладиган маошига қадар ўлмаслиги учун кафолат хати ёзиб берсин. Агар кафолат хатини ёзиб берадиган бўлса, маошини бераман, деб айтибди. Абдуллоҳни ҳафсаласи пир бўлиб, уйга қайтар экан, бу гапни отамга айтгандан кўра, янги чопон киймаганим маъқул, - деб ўйлабди.

Уйга келганидан сўнг Отаси ундан сўрабди: - Хўш, хазинабон нима деди? Кейинги ойда оладиган маошимни бердими? Ўғли эса, йўқ бермади, дебди. Агар, сиз - кейинги ойда оладиган маошингизгача ўлмайман, деб кафолат хати ёзиб берсангиз, ойлик маошингизни беришини айтди, - дебди.

Ҳазрати Умар (р.а.) эса:

- Кўрдингми, агар хазинабон кейинги ойда оладиган маошимга қадар ўлмаслигим ҳақида кафолат хати ёзиб беришимни сўрамаганида ёки ойлик маошимни бериб юборганида эди, уни лавозимидан бўшатиб юборган бўлар эдим, - деган экан.

Қиссадан ҳисса шуки, биз бугун Ҳазрати Умар (р.а.) каби нафсимизга қарши туролсак, мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган коррупцияга қарши курашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Абдуманноб РАҲИМОВ,
ҳуқуқшунос