« Back

Коррупция 16.07.2020 13:27

Коррупцияга қарши курашишда ички идоравий (комплаенс) назорат тизимларини жорий этиш қай даражада муҳим?

Ислоҳотларнинг чинакам натижадорлигига эришиш мақсадида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини изчил таъминлаб бориш алоҳида аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг оқибати билан эмас, балки сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича халқаро тажрибада кенг қўлланилиб келаётган замонавий жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини миллий амалиётга татбиқ этиш лозим.

Бу ўринда Президентнинг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонга асосан янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички идоравий назорат тизимларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат (compliance control) тизимини ташкил этиш ҳисобланади.

Комплаенс назорат тизимлари – давлат ва хўжалик бошқаруви органи, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.

Комплаенс назорат тизими илк бор АҚШда 1906 йилда вужудга келди. Бунга зарурият мамлакат иқтисодиётида хавфсизликни таъминлашга қаратилган компания ва корпорацияларнинг ташкил этилиши билан боғлиқдир.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бугунги кунларгача йирик компаниялар билан бўлган низоли вазиятлар (Volkswagen, Daimler, Siemens (Германия) Odenbrecht, Petrobras (Бразилия), Samsung Group, Hyundai Motor Co. (Корея Республикаси), BAE Systems (Буюк Британия), Baker Hughes Inc, Panalpina World Transport (АҚШ) ва бошқалар) хусусий секторда коррупцияга курашиш тизимларни тубдан ислоҳ этишни тақозо қилди.

Бугунги кунда “Baker and McKenzie” халқаро юридик фирманинг 2019 йилги расмий маълумотларига асосан 150 дан ортиқ мамлакатлардаги компанияларида коррупцияга қарши комплаенс назорат тизими жорий этилган.

Масалан, биргина Буюк Британиянинг 1 млрд. фунт стерлинг капиталга эга бўлган 800 дан ортиқ корпорация ва банкларида ташкил этилган ушбу тизим турли коррупция хавфларидан ҳимоя қилувчи комплекс чоралар сифатида баҳоланди ва ҳозирда унинг самарали жиҳатларидан кенг қўлланилиб келинмоқда.

Францияда 800 000 евродан ошиқ капиталга эга бўлган барча корпорация ва банклар коррупцияга қарши комплаенс назорат тизимларини жорий этган бўлишлари шарт.

Комплаенс назорат тизимини жорий этиш бўйича самарали тажрибага эга мамлакатлар амалиётига мувофиқ ушбу хизмат энг кенг тарқалган қуйидаги иккита модели қўлланилади:

1. Компания ва ташкилот фаолиятини фақатгина мавжуд ўрнатилган ички қонун

ва қоидаларга мувофиқ ташкил этишга қаратилади. Бунда комплаенс хизматини жорий этилиши минимал қоидалар билан чекланади.

2. Комплаенс назорат тизимининг ташкил этилиши коррупция хавфларни баҳолашда халқаро ташкилотларнинг (Базел банк қўмитасининг тавсиялари, Халқаро комплаенс ассоциацияси) тавсияларига асосланади ва бу моделда комплаенс хизматининг мақоми, вазифаси, фаолият доираси асосан халқаро стандарт ва тавсияларга асосланади.

Мазкур икки моделнинг ўзаро фарқли жиҳати, биринчи моделда комплаенс назорат тизимини ўзида ташкил этаётган компания ёки ташкилот мавжуд қонунлик меъёрлари ёки ўзи ишлаб чиққан ички қоидалар билан тартибга солинади ва жорий этишнинг минимал талаблари билан чекланади.

Иккинчи моделда эса фаолиятни ташкил этиш нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро стандартлар ва ташкилотларнинг тавсиялари асосида жорий этилади. Ушбу шаклда ички қонунчилик нормаларида кўзда тутилмаган коррупция хавфларига фаолият мос келадиган қўшимча профилактик қоидаларни жорий этиш мумкин бўлади.

Мазкур тажриба самарадорлиги билан ажралиб туради ва асосан йирик иқтисодий салоҳиятга эга АҚШ, Буюк Британия, Германия, Хитой каби давлатлар амалиётига тўғри келади.

Шунингдек, аксарият хорижий давлатларда комплаенс назорат тизими алоҳида қонун ҳужжати тартибга солингани аҳамиятга моликдир. Мисол учун АҚШда «Хорижда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Акт» (Foreign Corrupt Practices Act, 1977), «Сарбейнз-Оксли Акти» (Sarbanes-Oxley Act, 2002), «Додд-Франк Акти» (Dodd -Frank Act, 2010) номли қонун ҳужжатларида АҚШ бозорида иштирок этувчи ҳар қандай корпорация ва компанияларнинг ўз таркибида комплаенс назорат тизимини ташкил этишни мажбурий қоида сифатида белгилади.

Бу ўринда ушбу соҳани тартибга солишга қаратилган Словения қонунчилиги ўзига хослиги билан ажралиб туради. Хусусан, 2014 йил 26 апрелида қабул қилинган “Cловения давлат холдингги акти тўғрисида”ги (Slovenian sovereign holding Act, 2014) Қонунида комплаенс назорат тизимининг мақоми ва ваколатлари белгиланган.

Қонуннинг ўзига хослиги шундаки, унда комплаенс хизматида кадрлар масаласига (compliance officer) тўхталиб ўтилган ҳамда компания ичидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабардор этишга (whistleblowing policy) аниқ қоида ва тартибни келтириб ўтади.

Давлатимизнинг коррупцияга қарши қонунчилигида комплаенс назорат тизими амалиётининг кириб келиши Ўзбекистон Республикаси 27.05.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида ушбу соҳада белгиланган асосий вазифалардан бири этиб, устав жамғармасида давлат улуши бўлган корхона ва ташкилотларда қарши курашиш чораларини кучайтириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини жорий этиш ва унинг самарадорлигини тизимли мониторингини амалга ошириш вазифаси белгиланди. Ушбу норматив ҳужжатла илк бор комплаенс назорат тизимини миллий даражада жорий этиш масаласи кўтарилади.

Фармон асосида 2019 йилдан бошлаб БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Бош прокуратура, Адлия вазирлиги

ва ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда устав жамғармасида давлат улуши 100% ёки 50% дан юқори бўлган фаолияти хорижий бозор билан интеграциялашган бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида тажриба сифатида комплаенс назорат тизимини жорий этиш бўйича “White and Case” (АҚШ), KPMG (Италия) халқаро аудиторлик компаниялари иштирокида халқаро тендер жараёнлари ўтказилди.

Бугунги кунда «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида лойиҳани амалга ошириш жараёнлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, халқаро миқёсда кенг қўлланилиб келинаётган комплаенс назорат тизимининг коррупция хавфларининг олдини олишда самарадорлиги

ва таъсирчан жиҳатларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Мирзо Улуғбек тумани ва Бўка тумани ҳокимликлари каби давлат ташкилотларида лойиҳани тажриба тариқасида жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 2020 йил 15 мартида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси каби 9 давлат идоралари билан ҳамкорликда ушбу соҳаларда коррупцияга қарши самарадорликни янада такомиллаштириш мақсадида босқичма-босқич комплаенс назорат тизимини жорий этиш тартиби келишилди ва «Коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган Йўл харитаси» тасдиқланди.

Айтиш лозимки, бугунги кунда комплаенс назорат тизимини босқичма-босқич давлат ва хусусий секторда жорий этилиши ушбу соҳанинг ҳар жиҳатдан ўрганилиши ҳар жиҳатдан долзарблигини кўрсатади.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, давлат ва хусусий сектор фаолиятида коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» тизимини жорий этишнинг қатор самарали омилларга хизмат қилади.

Жумладан, мазкур тизим коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларни минимум даражага туширишга хизмат қилади.

Давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш, ходимлар томонидан касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш ва хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериш ва уларни ҳал қилиш масалаларини тартибга солиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини жорий этиш ва бошқа устувор натижалар ҳисобланади.

Баҳодир ИСМОИЛОВ,
Бош прокуратура Академияси Коррупцияга қарши курашиш илмий таълим маркази бошлиғи, ю.ф.д.

Сардоржон Маманов,
Бош прокуратура Академияси «Коррупцияга қарши курашиш» йўналиши магистри
ЎзА