« Back

Коррупция 17.07.2020 14:02

Акмал БУРХОНОВ: афсуски, деярли барча соҳаларда коррупция аломатларини сезиш мумкин

Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Президентнинг тегишли фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларациялаш, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал БУРХОНОВ билан суҳбатлашдик.

У қуйидаги саволларга жавоб берди.

– Янги ташкил этилган агентлик фаолияти тўғрисида қисқача маълумот бера оласизми? Уни ташкил этишдан қандай мақсадлар кўзланган?

– Авваламбор бир нарсани таъкидлаш керакки, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон билан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини юритувчи агентликнинг тузилиши тарихий воқеа бўлди. Чунки ҳеч кимга сир эмас, нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам бу иллат афсуски ҳали ҳам бор. Коррупция у ёки бу давлатларнинг ривожланишига салбий таъсир қилади. Энг асосийси? ўша давлатнинг қай даражадаги ривожланишини кўрсатиб беради.

Албатта, Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида коррупцияга қарши курашиш бўйича чоралар кўрилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳузурида коррупцияга қарши курашиш бўйича тузилмалар бор эди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика комиссияси, кенгашлари фаолият юритган. Лекин улар жамоатчилик асосида ишларди. Улар орасида ягона тизимли давлат сиёсатини юритадиган идора йўқ эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳузурида тузулмалар асосан коррупция соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш, фош қилиш ва жиноят жавобгарлик чораларини белгилаш билан шуғулланган. Энди эса бу янги тузилма Ўзбекистондаги нафақат жиноятларни фош қилиш, балки унинг олдини олиш, таҳлил қилиш билан шуғулланади. Унга оид тадқиқотларни амалга оширади. Умуман олганда Агентлик барча давлат идораларини коррупцияга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштирадиган ягона орган сифатида ташкил топди.

Хориж тажрибасини оладиган бўлсак, у ёки бу мамлакатнинг демократик ҳуқуқий ривожланганлик даражаси айнан коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан белгиланади. Европа мамлакатларида кўришимиз мумкинки, коррупция билан кураш бўйича алоҳида бошқа тизимдан мустақил органлар ташкил этилган. Биламизки, Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index) бор. Мана шу индексда 180 та давлат иштирок этган. Бугун Ўзбекистон ўша индексда 158-ўринда турибди. Афсуски, жуда паст ўринда. МДҲ давлатларидан Грузияни оладиган бўлсак, у 2007 йилда мана шу индексда 79-ўринда эди. 2008 йилда Грузияда Коррупцияга қарши курашиш бўйича кенгаш тузилган. Бугунги кунда Грузия Коррупцияни қабул қилиш индексида 42-ўринни эгаллаб турибди. Яъни Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тузилиши орқали халқаро индексдаги поғонамиз яхшиланади.

Савол туғилиши мумкин, бу битта индекс учун тузилган тузилмами? Йўқ. Президентимиз коррупция ва суд-ҳуқуқ тизими масалаларига бағишланган йиғилишда айтдиларки; “Коррупцияни қабул қилиш индексида бир поғона кўтарилишимиз ёки тушишимиз Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотига жиддий таъсир қилади. Ҳар қанақа давлатда коррупциянинг даражаси ўша мамлакатнинг иқтисодиётига, ижтимоий ҳаётига ва энг асосийси халқаро ҳамжамиятдаги ўрнига жиддий таъсир қилмасдан қолмайди”. Шунинг учун бу тузилманинг ташкил этилишини мамлакат миқёсидаги сиёсий ирода, десак бўлади.

– Агентлик раҳбарлигига тайинланишингиз жараёни қандай бўлганини гапириб бера оласизми?

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиши ҳақидаги ҳужжат қабул қилинганда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари сифатида жуда хурсанд бўлган эдим. Жамоамиз қарор, фармоннинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш ишларини амалга оширди. Давлатимиз раҳбари бу тузилма раҳбарлигига мени тавсия қилаётганини кутмаган эдим. 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясидан қўнғироқ қилишди ва тез етиб боришимни маълум қилишди. Боришим билан мамлакат раҳбари билан суҳбатга кирасиз, деб айтишди. Суҳбатга кирганимда давлатимиз раҳбари “Сизни янги ташкил этилаётган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбарлигига тайинлашни режалаштиряпмиз”, деди. Ўндан ортиқ номзодлар тавсия қилингани ва улар орасидан менинг номзодимни лойиқ деб топганини билдирди.

– Раҳбарликка тайинланаётганингизда олдингизга қандай вазифалар қўйилди?

– Мамлакатимиз раҳбари Агентликнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича бир қатор тавсияларни берди. Энг асосийси, бу ташкилот мамлакатнинг юзи экани таъкидланди. У нафақат Ўзбекистонда фуқаролар, жамоатчилик олдида, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам катта обрўга, нуфузга эга бўладиган ташкилот экани айтилди. Чунки Агентлик тўғридан-тўғри давлат раҳбарига бўйсунадиган ташкилот. Бир нарсага алоҳида эътибор қаратишим кераклигини таъкидлади, бу хориж тажрибаси. Агентлик шакллантириш, фаолиятини йўлга қўйишда хорижий тажрибасидан самарали фойдаланиш, керак бўлса ўша мамлакатларга хизмат сафарига бориб ҳамкасблар билан алоқа ўрнатган ҳолда илғор тажрибани Ўзбекистонга жорий қилиш назарда тутилди. Жанубий Корея, Сингапур ва Европа мамлакатлари шулар жумласидандир. Ҳар бир қилаётган ишларимизни холислик, шаффофлик асосида амалга ошириш, ишни тўғри йўлга қўйиш, ишга олинаётган ходимларни халқаро стандартларга таяниб, очиқ танлов йўли билан қабул қилиш лозимлиги билдирилди.

– Дастлабки режаларингиз қандай? Ишни нимадан бошламоқчисиз?

– Дастлабки режа, албатта ташкилий масалалар. Бу озгина вақт талаб этади. Энг асосийси, бу ташкилотни чинакам коррупцияга қарши курашадиган тузилма бўлиши учун муносиб кадрлар бўлиши керак. Биринчи ўринда Агентликка ходимларни ишга қабул қилиш бўйича халқаро тажриба асосида танлов эълон қилдик. Агентликнинг ҳар бир ходими очиқ танлов асосида ишга олинади. Иккинчиси, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу Агентликнинг Низоми лойиҳаси ва энг асосийси бошқа ташкилотларга ўрнак бўлиш мақсадида касб этикаси ишлаб чиқилади. Ҳар бир қабул қилинган ходим Бош прокуратура Академиясида коррупцияга қарши курашиш тизими бўйича ўқитилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлаш учун қўшма Ҳаракатлар дастурлари ишлаб чиқишни режалаштиряпмиз.

– Сиз аввал раҳбарлик қилган иккита нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ҳам янги ташкил этилган эди. Худди ҳозирги агентлик каби. Янги ташкилотга раҳбар бўлишнинг осон ва мураккаб томонлари нимада?

– Бунинг икки томони бор. Янги ташкилотнинг фаолиятини йўлга қўйиш бир томондан қийин. Айниқса, ҳали Ўзбекистонда бунақа ташкилотнинг муқобили бўлмаса. Уни йўлга қўйиш маълум вақт талаб этади. Энг муҳими, барча даражада талабларга жавоб берадиган кадрларни танлаб олиш масаласи бор. Янги ташкилотни самарали йўлга қўйиш ва энг асосийси бошқа давлат идоралари билан тезроқ ҳамкорликка киришиш масаласи жуда қийин.

Ижобий томони эса янги ташкилотда жамоа билан бир хил вақтда, бир хил сиёсатни амалга оширишда ва умуман, бошқарув менежментида ҳам тўғри сиёсатни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади. Бунга “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатини ташкил этишда амин бўлдик. Қувонарлиси, мана шу иккала ташкилот ташкил этилганда барча давлат, нодавлат идоралар, халқаро ташкилотлар ҳамкорликка тайёр эканини билдирган ва қўллаб-қувватлаган. Бу амалиёт яна такрорланди. Агентликка менинг тайинланганимни эшитган кўплаб давлат идоралари раҳбарлари ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Улар “биринчи бизнинг соҳадан бошланг, бизнинг ташкилотни коррупциядан холи тизимга айлантиришга ёрдамлашинг”, демоқда. Кўринадики, уларда ҳам сиёсий ирода бор. Кимдир ўзлари қила олмайдими, деб савол бериши мумкин. Улар албатта курашишади, коррупцияга мойил бўлган ходимини ишдан бўшатади, бу бўйича тизимли ишларни амалга оширади. Лекин шундай ҳолатлар борки, буни ўша тизимдаги раҳбар эмас, балки давлат даражасида ҳал қилиш керак. Қонунчиликка ўзгартириш киритиш, у ёки бу тизимнинг шаффофлигини таъминлаш бўйичакенг кўламли ишлар парламент, давлат раҳбари даражасида қилиниши керак. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар раҳбари, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳам ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. БМТнинг Ўзбекистондаги барча ваколатхоналари билан онлайн мулоқот ўтказиб, халқаро ташкилотлар билан қандай ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб оламиз. Энг асосийси, жамоатчилик, жамоат ташкилотлари ҳамкорлик қилишга тайёр. Чунки юртдошларимиз бу масала ҳеч кимнинг эътиборидан четда эмаслиги, унга қарши барча курашиши лозимлигини тушуниб етишди.

– Парламентдаги депутатликни ҳисобга олмасак, аввал нодавлат секторда ишлагансиз. Энди давлат ташкилотида раҳбар сифатида иш бошлаяпсиз. Таассуротларингиз қандай?

– Бу ижро ҳокимиятидан фарқли ўлароқ мустақил ташкилот. У ҳукуматга, ижро органлари олдида ҳисобдор эмас. Тўғридан-тўғри Президентга бўйсунади ва парламент олдида ҳисобдор. Лекин “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатидан фарқли тўлалигича давлат бюджетидан молиялаштирилади. Мақомига кўра эса ҳукумат ташкилотига тенглаштирилди. Албатта, бунинг ўзига хос жиҳатлари бор. Давлат ташкилоти бўлгани учун давлат номидан иш кўрилади. Энг асосийси, бу соҳада давлат сиёсати юритилади. Биринчидан, бу мен учун катта масъулият, иккинчи томондан эса давлат номидан иш юритилиши сабабли раҳбар сифатидаги ёндашувим ҳам бошқача бўлишини тақозо этади.

– Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадини декларация қилиш режалаштирилган. Бу қачондан амалга оширилади ва қайси соҳага татбиқ этилади?

– Ҳозир “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб бориляпти. Август ойи охиригача Ўзбекистон Республикаси Президентига қонун лойиҳасини киритиш режалаштирилган. Ундан кейин парламентга тақдим этилади. Ўйлайманки, шу йилнинг охиригача бу қонун лойиҳаси шакллантирилиб, қабул қилишга эришилади. Шу қонун орқали неча йилдан буён кутилаётган давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилади.

Эсингизда бўлса, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги” қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим мансабдор шахслар четда қоляпти, деган эътирозлар билдирилди. Бизнинг мақсадимиз шуки, мана шу янги қабул қилинаётган қонун лойиҳасида имкон қадар барча мансабдор шахслар, яъни давлат бюджетидан молиялаштирилаётган ташкилотлар раҳбарлари ва умуман, давлатдан ойлик-маош олаётган давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш тизимига ўтишга эришишни мақсад қилиб олганмиз.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистонда давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг тўлалигича даромадларини декларация қилиш тизимига ўтказиш режалаштирилган.

– Давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш коррупциянинг олдини оладими?

– Давлат қай даражада демократик жиҳатдан ривожланган бўлса, шунча коррупция кам бўлади. Давлат демократик жиҳатдан ривожланмаган бўлса, коррупция кўпроқ намоён бўлади. Демократиянинг энг катта белгиси – бу очиқлик. Декларациялаш ҳам очиқликнинг бир тури. Очиқлик бўлганидан кейин коррупция ҳолати ҳам камаяди. Сўнгги йилларда давлат идораларининг қисман бўлса ҳам очиқлигини кўряпмиз. Мансабдор шахслар ОАВ олдида ўзининг фаолияти тўғрисида очиқ, ошкора маълумот бермоқда. Бундан ташқари, 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Бу орқали шахслар ўртасида мулоқот чекланиб коррупциянинг олди олинмоқда. Декларациялаш мансабдор шахснинг масъулиятини оширади.

– Қайси соҳаларда коррупция кўп деб ўйлайсиз?

– Афсуски, деярли барча соҳаларда коррупция аломатларини сезиш мумкин. Буни очиқ-ойдин айтиш керак. Президентимиз томонидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий дастур қабул қилинган эди. Энг катта эътибор таълим, соғлиқни сақлаш ва қурилиш соҳаларига қаратилиб “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилди. Биз шу даврга келдикки, фақат маиший коррупцияни эмас, балки давлат харидлари, халқаро грантлар, халқаро қарзларнинг коррупциясиз бўлиши масалаларини ҳам кўриб чиқиш вақти келди. Ҳамма соҳага бирдек эътибор қаратилмаса тизимларни коррупциясиз қилиш қийин. Бу комплекс амалга оширилиши керак. Қарорга кўра, Агентлик давлат сиёсатини амалга ошириш билан бир қаторда барча вазирлик, идораларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради. Қайси вазирлик, идора бўлишидан қатъий назар очиқликни таъминлаб мониторингни амалга оширишни режалаштиряпмиз.

Агентлик ҳар йили Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани тайёрлайди. Уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарига киритади, ОАВда эълон қилинади. Парламент билан ҳамкорликда ҳар уч ойда турли соҳаларнинг коррупция ҳолати бўйича ҳисоботини эшитамиз. Ҳисоботдан олдин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўша соҳанинг фаолияти тўлиқ таҳлил қилинади. Тизимнинг қарорлари, ҳужжатлари ўрганилади. Натижаларни ОАВда эълон қиламиз. Бу очиқлик, шаффофликнинг бир тури.

– Сўзингиз аввалида айтдингиз, биз коррупция бўйича халқаро рейтингда 158-ўриндамиз. Бир йил ичида қанча поғона кўтарилишимиз мумкин?

– Кўпчилик ижтимоий тармоқларда Агентлик тузилди, раҳбари тайинланди, кейинги йил қанчадир ҳоким, қанчадир вазир пора билан ушланади ёки жазога тортилади, деб ўйлаяпти. Бу нотўғри. Агентлик фаолиятининг натижаси мезони сифатида коррупционерлар сонини аниқлаш билан эмас, балки халқаро рейтингларда ўрнимизнинг ўзгариши билан баҳоласа бўлади. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан аҳоли орасида тадқиқотлар ўтказилганда, афсуски аксарият фуқароларимиз бу иллатни йўқота олмаймиз, қийин, деган. Бизнинг мақсадимиз кейинги йил тадқиқот ўтказганимизда озгина бўлса ҳам жамоатчилик фикри ўзгаргани, соҳаларда коррупциявий ҳолат камайганини сезиши керак. Кимнидир жазолашни эмас, фуқаролар коррупциянинг камайганини ҳис қилишига эришмоқчимиз, халқаро рейтинглардаги ўрнимизни яхшиламоқчимиз. Битта поғонага кўтарилишимиз ҳам жуда катта натижа бўлади. Бунинг учун кўп ишлашимиз керак. Буни уддалай оламиз. Энг асосийси, давлат раҳбари даражасида сиёсий ирода бор. Президентимиз ҳам Агентлик олдида очиқ, ошкора фаолият юритиш вазифасини қўйган. Коррупциоген ҳолатни йўқ қилиш бўйича тегишли ҳужжатга ўзгартириш киритишга давлат раҳбари ҳам, парламент ҳам тайёрлигини билдирган.

Хуршид ҚОДИРОВ,
ЎзА