« Back

Коррупция 22.07.2020 12:39

Мансабдорларга берилган ҳар қандай шаклдаги «мукофот ёки совға», бу - коррупция! СИНГАПУР ТАЖРИБАСИ...

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллат.

Ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъи назар, барча мамлакатларда учрайди. Бу иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан, бу борада илғор мамлакатлар тажрибасига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Сингапурда доимий фаолият кўрсатувчи ихтисослаштирилган орган – сиёсий ва функционал мустақилликка эга бўлган Коррупция ҳолатларини қидириш бюроси (ингл. Corrupt Practices Investigation Bureau) 1952 йилда ташкил этилган бўлиб, коррупцияга қарши курашишда муҳим бўғин ҳисобланади. Ушбу мустақил орган Сингапур иқтисодиётининг давлат ва хусусий секторларида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўради, бунда мансабдор шахсларга берилган ҳар қандай шаклдаги «мукофот ёки совға» коррупция сифатида қаралади.

Бюро мансабдор шахслар орасида суиистеъмолчилик ҳолатларини текширади ҳамда улар ҳақида тегишли органларга жавобгарлик чораларини кўриб чиқиш учун хабар беради.

Бюро бошқарув тизимидаги эҳтимолий камчиликларни аниқлаш мақсадида коррупция ҳолатларига йўл қўйиши мумкин бўлган давлат органларининг иш усулларини ўрганиб, таҳлил қилиб боради.

Ушбу давлат органлари фаолиятида аниқланган камчиликлар коррупция ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилинган тақдирда, Бюро мазкур идоралар раҳбарларига тегишли чораларни кўриш ҳақида тавсиялар беради.

Корея Республикасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил комиссия (ингл. Anti-Corruption and Civil Rights Comission) фақат Президент олдида ҳисобдор ҳисобланади, ушбу комиссия мамлакатда антикоррупцион сиёсатни мувофиқлаштиради, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш билан шуғулланади, коррупциявий хавф-хатарлардан хабардор этиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади, антикоррупцион дастурларнинг амалга оширилиши юзасидан даврий ҳисоботлар тақдим этади ҳамда бошқа бир қатор вазифаларни бажаради.

Ҳиндистонда 1964 йилдан буён Огоҳлик марказий қўмитаси (ингл. Central Vigilance Comission, CVC) сиёсий коррупцияга қарши курашиш билан шуғулланиб келади. Мазкур орган ҳукумат муассасалари томонидан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органлари Европа давлатларида ҳам мавжуд. Масалан, Финляндияда коррупцияга қарши курашиш билан президент томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда бошқа давлат органларидан мустақил бўлган Адлия омбудсмани (фин. Justice-Ombudsman) шуғулланади.

Шу каби, Францияда Коррупциянинг олдини олиш марказий хизмати (фр. Service central de prevention de la corruption, SCPC), Руминияда Миллий антикоррупцион директорат (ингл. National Anti-Corruption Directorate), Латвияда Коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бюроси, Литвада Махсус тергов хизмати, Украинада Миллий антикоррупцион бюро порахўрликка қарши фаол кураш олиб боришади.

Шу ўринда, Сингапур тажрибасига алоҳида тўхталиб ўтадиган бўлсак, 1867 йилдан 1958 йилгача Сингапур Британия империясининг мустамлакаси эди. 1959 йилдан бошлаб Британия империяси таркибида ўзини ўзи бошқарадиган давлатга айланди. Ли Куан Ю ўзининг «Халқ ҳаракати» социал-демократик партияси билан сайловларда ғалаба қозониб, бош вазирликни эгаллади. Инглизлар кетиб, Сингапур автономияга эга бўлганида, у жуда оғир аҳволда эди. Мамлакатда ишсизлик даражаси юқори, саводхонлик даражаси паст, ресурслар ва ер етишмовчилиги мавжуд эди. Шунингдек, Африка мамлакатлари даражасидаги ўта коррупциялашган давлат эди. 1963 йилда референдум натижасида Сингапур Малайзия Федерацияси таркибига киритилади, аммо Малайзия ҳукумати Сингапурдаги вазият оғирлиги туфайли ундан воз кечишга қарор қилади. Натижада, 1965 йил 7 август санасида у ундан чиқарилди ва 1965 йил 9 августда Сингапур мустақиллиги эълон қилинди.

Таъкидлаш керакки, Ли Куан Ю 1959 йилдан 1990 йилгача бош вазир бўлиб ишлаган. Йиллар давомида бой табиий захиралардан маҳрум бўлган Сингапур кўплаб ички муаммоларни, шу жумладан, коррупцияни енгиб, ҳаёт даражаси юқори бўлган ривожланган давлатга сакраб чиқишга муваффақ бўлди. Ҳозирги вақтда Сингапур коррупция йўқлиги учун, иқтисодий эркинлик ва ривожланиш даражаси бўйича жаҳон рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб турган давлат ҳисобланади.

Ли Куан Ю «Сингапур тарихи: учинчи дунёдан биринчисига» китобида Сингапурнинг мустақил давлат сифатида шаклланишининг қийин йўллари, қарорлар қабул қилишдаги муҳим қадамлар, ёш суверен давлат ҳокимияти ва гуллаб-яшнаши учун кураш ҳақида гапириб, коррупцияга қарши қандай курашиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб беради.

Сингапур мисоли шуни кўрсатадики, сиёсий ирода, самарали коррупцияга қарши қонунчилик ва коррупцияга қарши мустақил коррупция органи ёрдамида коррупция бир неча йил ичида жуда паст даражага туширилиши мумкин.

СИЁСИЙ ИРОДА

Мустақиллик йилларида Сингапур камбағал мамлакат бўлиб, ҳатто тоза сув ва қурилиш қумини импорт қилишга мажбур эди. Сингапур оғир иқтисодий аҳволда эди ва қонунсизлик, коррупция билан овора бўлди.

Мамлакат раҳбарлари коррупция ва ўзбошимчаликка қарши курашиш зарурлигини англаб етдилар, шуларсиз мамлакатнинг келажаги йўқлигини англади. Бу қатъийлик ва изчиллик билан ажралиб турадиган чора-тадбирларнинг бутун тизимини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари тартибга солинди, бюрократик процедуралар соддалаштирилди ва қатъий назорат юқори ахлоқий меъёрларга риоя қилиниши таъминланди. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширган ва бугунги кунда ўз ваколатларини сақлаб қолган орган коррупцияга оид ишларни тергов қилиш бўйича ихтисослаштирилган бюро эди. Кучли ҳаракатлар, шу жумладан барча божхона ходимларини ишдан бўшатиш кўплаб давлат идораларида амалга оширилди. Ушбу чоралар ҳукуматнинг иқтисодиётга аралашувининг пасайиши, мансабдор шахсларнинг иш ҳақи оширилиши ва давлат хизмати ходимларини тайёрлаш билан бирлаштирилди.

1965 йилда Сингапур мустақилликка эришгач, Ли Куан бошчилигидаги сиёсий раҳбарлар ўзларининг бойликлари, даромадлари, тижорат манфаатлари ва молиявий операциялар тўғрисидаги барча маълумотларни очиқ қилиш орқали амалдорлар ва фуқаролар шаффофлик моделига айланишга қарор қилишди. Коррупцияга қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳукуматга бўлган ишончини ошириш ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири бўлди. Ли Куан Ю бошчилигидаги Халқ Ҳаракати Партиясининг «Агар сиз коррупцияни енгмоқчи бўлсангиз, дўстларингиз ва қариндошларингизни қамоққа юборишга тайёр бўлинг» асосий шиори ҳам коррупцияга қарши курашга қаратилган эди.

Тарихнинг кейинги йиллар шуни кўрсатдики, Сингапур ҳукумати ўз режалари ва ниятларини амалга ошириш учун етарли сиёсий ирода бор эди. Сингапур раҳбарлари коррупция ва қонунсизликка қарши курашмасдан мамлакатнинг келажаги йўқлигини тушунишди.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ СТРАТЕГИЯСИ

Ли Куан Ю ҳукумати коррупцияга қарши курашишда бир қатор қийинчиликларга дуч келди. Коррупцияга қарши қонун кескин заиф эди. Кўплаб коррупцион жиноятлар унинг доирасидан ташқарига чиқди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўз вазифаларини самарали бажаришга қодир эмас эдилар. Бундан ташқари, самарасиз қонунчилик ва кўп сонли мансабдор шахсларнинг коррупцияга аралашгани сабабли жиноятларнинг далилларини топиш жуда қийин бўлди.

Давлат амалдорлари тижорат секторидаги ишчиларга қараганда анча кам ойлик маош олар эдилар. Уларнинг кўплари ўз лавозимларидан шахсий манфаатлар учун фойдаланишар, аҳолининг билим даражаси ва ҳуқуқий маданияти паст бўлганлиги туфайли бу иллат яна ҳам ривожланиб борар эди.

Дастлаб, инглизлар томонидан тузилган Коррупция ишларини тергов қилиш бюроси ходимлари маҳаллий полиция таркибидан тузилганлиги ва ушбу ҳодисага қарши жиддий курашга руҳий жиҳатдан тайёр эмаслиги билан мураккаблашди.

Аммо ушбу бюро фаолияти такомиллаштирилиши ёрқин келажакка йўл очиб берди.

Бюро давлат ва хусусий секторлардаги коррупцияни текширувчи ва жиноий жавобгарликка тортадиган давлат ташкилоти бўлиб Буюк Британиянинг мустамлака ҳукумати томонидан 1952 йилда ташкил этилган эди. Кейинчалик 1960 йилда кучга кирган Коррупциянинг олдини олиш тўғрисидаги қонун Бюрога кенг қамровли тергов ваколатини берди.

Бюронинг асосий вазифалари: давлат ва хусусий соҳалардаги коррупция тўғрисидаги аризаларни ўз ичига олган шикоятларни кўриб чиқиш, мансабдор шахслар томонидан қилинган бепарволик ҳолатларини тергов қилиш, шунингдек уларнинг ҳаракатлари ва қарорларининг қонунийлигини текшириш кабиларни қамраб олар эди.

Бюро агар қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай асослар мавжуд бўлса, ҳаттоки суднинг қарорисиз коррупцияда айбланганларни ушлаб туриш ва қидириш ҳуқуқига эга. Нафақат гумон қилинувчини, балки унинг қариндошлари ва кафилларини ҳам текшириши, уларнинг ҳар қандай банк ҳисоб рақамлари ва молиявий ҳисоб-китобларини текшириши мумкин.

Бюро кўплаб сингапурликларнинг, айниқса коррупцияга мойил бўлганларнинг қалбида қўрқувни уйғотди. Бюронинг самарали ишлаши ва аёвсиз жазолаш усуллари учун ҳурматга сазовор бўлди.

Бюро ҳар қандай фуқарони, мақомидан, мансабидан ёки динидан қатъи назар, судга олиб боришга ҳақли. Юқори давлат амалдорлари учун истиснолар мавжуд эмас.

Ишбилармонлик муҳитининг шаффофлигини қўллаб-қувватлаш учун Бюро хусусий секторда коррупцияни текширади, пора ва пул ювиш билан шуғулланади. Қонунга мувофиқ муайян етказиб берувчидан товар сотиб олиш учун таклиф қилган, берган ёки пора берган ёки «бонус» олган ҳар қандай шахс жаримага тортилиши ёки вақтинча қамоққа олиниши мумкин. Бундан ташқари, суд олинган пора эвазига жарима ундиради. Бошқа бировнинг номидан пора таклиф қилган ёки қабул қилган ҳар бир киши, худди ўзи учун ҳаракат қилгандек жазоланади.

Бош вазир девони билан боғлиқ ҳолда Бюрони бевосита унга ҳисобот берадиган директор бошқаради. Аслида, бу Сингапур Бош вазири маъмуриятининг бўлинмаси. Шундай қилиб, агентлик полиция ва бошқа ҳукумат идораларидан мустақил бўлиб, бутун бюрократиядан, шу жумладан, вазирлар мансабдор шахсларидан муҳим сиёсий ва функционал мустақилликка эга.

Бюронинг ахборот ва қўллаб-қувватлаш хизмати давлат лавозимларига тайинланиш учун номзодларни танлаш ва уларни кейинчалик лавозимга кўтариш, ҳаттоки давлат хизматчиларининг малакасини ошириш учун жавобгардир. Давлат хизматига номзодлар танлов асосида ўтказилади. Бу мутахассисларга чет элликларга Сингапур фуқаролигини олганда ёки давлат контрактларини олиш учун тендер пудратчиларига рухсат бериш тартибига ўхшайди.

Бюро терговчилари қуйидаги ваколатларга эга: қонунга мувофиқ ҳибсга олиш, коррупция жиноятларида гумон қилинган ҳар қандай шахсни, агар ишончли манбалардан маълумот олинса, унга қарши даъволари бўлган ҳар қандай шахсни чақиртирмасдан ҳибсга олиш, терговчи ҳар қандай ҳибсга олинган одамни ноқонуний фаолиятга оид далиллар мавжуд бўлса, қидирув уюштириш, полицияни сафарбар этиш.

Бюро терговчилари ашёвий далилларни тортиб олиш, берилган чақирув асосида Бюро ходимлари исталган хонага, ҳаттоки куч билан кириб, тинтув ўтказиш, коррупция билан боғлиқ ҳар қандай ҳужжатлар, буюмлар ёки мулкни тортиб олиш ҳуқуқига эга.

Сингапур қонунчилигида пора тушунчасининг зарур элементи «коррупцион тақдирлаш» бўлиб, унга қуйидагилар киритилган:

пул ва ҳар қандай совғалар, гонорарлар, займлар, мукофотлар, комиссион ва қимматли қоғозлар, кўчмас ва кўчар мулклар;

ҳар қандай мансаб, амал ва контракт;

қарзларни сўндириш ва улардан озод этилиши, ҳар қандай мажбурият ва вазифалардан воз кечилиши;

олдинги ва келажакдаги жарималардан озод этилиш;

ҳар қандай турдаги мукофотлашга ваъда бериш каби ҳолатлар.

Шунингдек, давлатнинг амалдорларига коррупцияга алоқадор тақиқланган хатти-ҳаракатлар ҳам аниқ ва лўнда қилиб белгиланган. Улар:

бажарилган иш учун ҳар қандай «миннатдорчилик ҳақи» олиш;

бирор ҳаракатдан тийилиш учун совға-саломлар олиш;

давлат зарари ҳисобига қонундаги «бўшлиқлардан» фойдаланиш ва тадбиркорларга ўргатиш;

расмий муносабатдаги шахсдан қарз олиш;

атайин расмий ҳужжатларда хато қилиш;

расмий муносабатда бўлган бошқа шахслар билан тушлик қилиш ёки биргаликда ҳар қандай кўнгилхушлик қилиш;

расмий муносабатда бўлган ҳар қандай шахснинг бизнесига пул киритиш;

ўз шахсий ҳаётидаги бирор ишни бепул қилиб беришларига кўндириш;

• расмий муносабатда бўлган ҳар қандай шахс билан муносабатда бўлиш ёки мухлислик қилиш;

• бирор компания ҳисобидан ўқиш баҳонасида хорижга юбориш;

• расмий муносабатдаги шахснинг уйига ёки офисига ташриф буюриш;

• бирор шахсга ўзининг займлари ёки бошқа тўловларини қилишига рухсат бериш.

САМАРАДОРЛИК...

1959 йилда Сингапур жуда камбағал давлат ҳисобланган. Коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва унда Бюро фаолиятига таяниш Сингапурга кўплаб ижобий ўзгаришлар олиб келди.

Ўтган асрнинг 90-йиллар охирида Сингапур иқтисодиётида юқори ўсиш суръатлари кузатилди. Нефтни қайта ишлашда дунё миқёсида 3-ўринда турувчи марказга айланди. Компьютерлаштириш ва роботларни реализация қилиш бўйича Осиёда Япониядан кейинги ўринга чиқди. Ушбу кичик шаҳар-давлатга (майдони 725,1 км кв – дунёда 171-ўринда) йилига 8 миллион нафар сайёҳлар ташриф буюради. Аҳоли сонига нисбатан бизнес юритувчилар миқдори бўйича дунёда АҚШдан кейинги ўринни эгаллайди. Яъни умумий аҳоли сонидан тадбиркорлик субъектлари сони кўп. Аҳоли саломатлиги билан самарали ишлаш бўйича ҳам дунёда иккинчи ўринда дея тан олинган. Сингапур фуқароларининг паспортининг кучи ҳам дунёда иккинчи ўринни банд қилган, яъни бу паспорт билан дунёнинг жуда кўп давлатига визасиз киришингиз мумкин. Мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига нисбати бўйича 1959 йил 400 АҚШ доллари бўлган бўлса, Ли Куан Ю Бош вазирликдан кетган йили, 1990 йилда бу рақам 12,200 АҚШ долларига етган. 2019 йилда эса номинал ялпи ички маҳсулот 362 миллиард долларни ташкил этган.

Бу натижалар ниманинг ортидан деб ўйлайсиз? Албатта, коррупцияга қарши курашнинг самарали ва амалий чоралари туфайли Сингапур бугун оламга машҳур!

Умида Ҳайдарова,
Тошкент давлат юридик университети Тил ўргатиш кафедраси ўқитувчиси