« Back

Коррупция 23.07.2020 14:47

Таъсирчан жамоатчилик назорати коррупцияга қарши курашишда қай даражада муҳим?

ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида «кўприк» вазифасини бажарувчи жамоатчилик назоратининг ривожланиш тенденцияси кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги маърузасида қуйидагиларни таъкидладилар: «Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ. Ҳақиқатан ҳам, халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади».

Коррупцияга қарши курашишда ихтисослашган халқаро «Transperancy International» нодавлат ташкилоти мунтазам равишда 105 та трансмиллий компанияларнинг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари ҳисобдорлигининг шаффофлиги борасида тадқиқотларни эълон қилиб боради, ушбу компанияларнинг биржа савдоларидаги нархи 11 триллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида биринчи маротаба коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурлиги асослантирилди.

Фармонга асосан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш этиб белгиланди.

2020 йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигидаги «Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги вазифалар муҳокамаси»га бағишланган видеоселектор йиғилишида – коррупциянинг олдини олишда таъсирчан жамоатчилик назорати йўлга қўйилиши, шунингдек, Агентликнинг кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга аҳоли ва тадбиркорларнинг коррупцияга муносабатини ўрганиб бориши ва давлат идоралари фаолиятини баҳолаб бориши кераклиги алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир.

Шунга асосан эндиликда янги ташкил этилган Агентлик фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда турли соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузиш амалиётини йўлга қўйиши кутилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назоратининг аҳамиятига тўхталар экан, хорижий муаллифлардан бири R.Holloway эътироф этишича, «Ҳар қандай коррупциявий ҳолатларда воқеликнинг асл моҳияти кўпинча яширин ва махфий бўлади. Шунинг учун кимдир «эшикни очишга уриниб кўриши, деразадан қараши», қасддан яширилган ва беркитилган моҳиятни тушуниши учун ишлаши керак ва мазкур шахс ёки ташкилот мониторингни амалга оширади».

Фуқаролик жамиятининг коррупцияга қарши курашиш ҳаракати 1990 йилларнинг бошларида халқаро коррупцияга қарши ноҳукумат Transparency International коалициясининг ташкил этилиши билан бошланиб, ҳозирги кунда у ЕХҲТнинг кўплаб иштирокчи-давлатларида ва дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида миллий филиалларни қўллаб-қувватламоқда.

ИҲТТ коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик иштироки тарихи, тушунчаси, мақсади, ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича ташкилий ҳуқуқий ҳамда институционал асослари, субъектлари ва халқаро стандартларини ёритган.

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини амалга ошириш учун “UNCAC” иттифоқи халқаро нодавлат ҳаракати тадқиқотчилари томонидан коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик иштирокининг моҳияти, самарадорлик кўрсаткичлари, Конвенция талаблари имплементацияси қай даражада амалга оширилаётгани очиб берилган.

Хорижий давлатларда жамоатчилик институтларининг фаолияти сифатида коррупцияга қарши кураш соҳасида жамоатчилик назорати асосан очиқ ҳукумат доктринасига таянади.

Мазкур доктринанинг муҳим шарти бошқарувдаги шаффофликнинг зарурлигини эълон қилиш ва уни асослаш, жамоатчилик назоратининг жамият ҳаётининг энг долзарб масалалари, шу жумладан оммавий ҳамда хусусий ҳуқуқда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш имконини берувчи тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш ва фойдаланишни таъминлаш мажбуриятидир.

Жумладан, Буюк Британиянинг 2017-2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши стратегиясига асосан, «Очиқ ҳукумат бўйича шериклик дастурига аъзо бўлган 75 мамлакат ҳукуматларининг фуқаролар учун янада очиқ, ҳисобдор ва масъулиятли қилиш учун кўмаклашади. Ҳамкорликнинг ўзига хослиги ҳукумат ва фуқаролик жамиятининг ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги қўшма ролидир. Фуқаролик жамияти ҳукуматларни осонликча ҳисобдорликка ушлаб туриши, мустақил кузатувчиларнинг ҳукуматлар ўз мажбуриятларини бажаришда эришган ютуқларини кузатиб боришлари, ўз навбатида бир-бирларидан ўрганишлари мумкинлигини англатади».

Халқаро стандартларга мувофиқ очиқ ҳукуматнинг асосий институтлари маълумотларнинг очиқлиги, давлат хизматчиларининг фуқаролар олдида ҳисобдорлиги ва фаолиятнинг очиқлиги принципларига асосланиб, уларни амалиётга жорий қилишга мўлжалланган ҳуқуқий нормалар ишлаб чиқилганлиги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳаларидаги жамоатчилик назоратининг тартиб-таомилларини самарали қўллаш учун шароит яратади.

Мазкур тартиб-таомиллар давлат органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларнинг кенг жорий этилиши рукнида электрон элементларни қамраб олиб, жамоатчилик назорати жараёни ва натижаларини аҳолининг аксарият қисми учун янада шаффоф ва қулайлигини таъминлайди. Бугунги кунда давлат органлари ва ташкилотларининг ривожланиши ахборот технологияларга асосланадиган шарт-шароитлардагина коррупцияга қарши самарали ва юқори технологик жамоатчилик назорати бўлиши мумкин.

Жумладан, коррупцияни қабул қилиш индексида юқори ўринларда турувчи Эстониянинг 2013-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши стратегиясига кўра очиқлик (транспарентлик) шундай қоида, ҳаракат ва қарорларни англатадики, уларнинг қабул қилинишидан нима сабабдан, нима (ким) ва қанча каби саволларига осон жавоб топиш мумкин. Очиқликни янада кучайтириш мақсадида ҳуқуқ ижодкорлиги ва қарорлар қабул қилиш жараёнида мансабдор шахслар, сиёсатчилар, тадбиркорлар, манфаатдор шахслар билан бир қаторда хусусий шахслар ҳам иштирок этиши назарда тутилади.

Давлатларда қабул қилинган коррупцияга қарши чора-тадбирлар ижроси устидан жамоатчиликнинг назоратни амалга оширишга ортиб бораётган эҳтиёжига жавобан аҳоли ва жамиятга бевосита юзланиши учун тегишли ташкилий-ҳуқуқий шароитларини барпо қилган.

Сўнгги ўн йилликда хорижий мамлакатларда ҳам коррупцияга қарши кураш мақсадида очиқ ҳукумат институтларни жорий этиш нуқтаи назаридан аҳоли томонидан амалга ошириладиган турли жамоатчилик назорати шакллари ишлаб чиқилди. Жумладан, давлат органларининг йиғилишларида қатнашиш ҳуқуқи, турли даражадаги норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар лойиҳалари бўйича давлат органларига таклифлар киритиш ҳуқуқи, жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик фикрини ўрганиш, маҳаллий референдумларда иштирок этиш ҳуқуқи ва петициялар орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи шаклида мустаҳкамланган.

Маълумки, ижро ҳокимияти органлари томонидан очиқ мажлисларни ўтказиш амалиёти янгилик эмас. Хусусан, АҚШда 1976 йилдаёқ «Қуёш нуридаги ҳукумат тўғрисида» (“Government in the Sunshine Act”) номланган Қонуни қабул қилинган.

Қонун давлат органларида янада шаффофликни таъминлаш мақсадини эълон қилиб, федерал ҳукумат, Конгресс, федерал комиссиялар ва бошқа қонун билан тузилган федерал органлар (агентликлар)га жамоатчилик иштирок этиши мумкин бўлган очиқ мажлисларни ўтказиш мажбуриятини мустаҳкамлаган.

Барча шахсларнинг мазкур ҳуқуқдан фойдаланиши учун Қонунда у ёки бу органларнинг ўтказилиши мўлжалланаётган йиғилиш ҳақида олдиндан хабардор қилиши зарурлиги белгиланган. Ушбу мақсадда мазкур Қонунга асосан давлат органлари белгиланган йиғилишдан бир ҳафта олдин йиғилиш санаси, вақти ва жойи, муҳокама мавзуси, шунингдек кун тартибининг тафсилотлари ва бошқа масалаларни аниқлаш учун масъул мансабдор шахснинг номи ва алоқа маълумотларини Федерал Реестрда эълон қилиши шартлиги белгиланган. Давлат бошқаруви органларининг йиғилишларида иштирок этиш ҳуқуқи бугунги кунда аксарият давлатлар қонунларида ҳам эътироф этилган.

Коррупцияга қарши жамоатчилик назоратининг кенг тарқалган шакли оммавий маслаҳатлар – жамоатчиликка коррупцияга мойил бўлган соҳаларга оид тартибга солувчи чора-тадбирларни қабул қилишда таъсир ўтказиш имконини беради. Масалан, Польшада 1991 йилда қабул қилинган «Таълим тизими тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ таълимга оид ҳар қандай ўзгартиришлар борасида жамоатчилик маслаҳатларининг ўтказилиши мажбурийлиги белгиланган. Мазкур институт ҳозирги кунда АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Канада, Янги Зеландия, Португалия ва Япония давлатларида ҳам кенг қўлланилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) ушбу соҳадаги турли давлатларнинг амалиётини умумлаштириб маслаҳатлашув тартиб-таомилларининг қуйидаги асосий босқичларини белгилаган: маслаҳатлашув предмети хусусида жамоатчиликни хабардор қилиш ёки огоҳлантириш, ўзаро фикр алмашиш ва тартибга солиш предметида келишилган позицияни ишлаб чиқиш шаклида тўғридан-тўғри маслаҳатлашувлар ўтказиш, манфаатдор жамоат гуруҳларини якуний тавсиялар, шу жумладан қонун ҳужжатлари ёки бошқа норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга кенг жалб қилиш. Шубҳасиз, қайд этилган тартиб-таомиллар жамоатчиликка қонун ҳужжатларинг коррупцияга қарши мазмунига таъсир кўрсатиш имконини беради.

Оммавий маслаҳатларни ўтказиш жараёни хусусида сўз борганда, бу борада АҚШнинг 1946 йилдаги Маъмурий процедура тўғрисидаги Қонуни (Administrative Procedure Act)га асосан федерал ижро органи томонидан янги моддий ҳуқуқий нормани қабул қилинишидан олдин Федерал реестрда оммавий маслаҳатларни ўтказилиши хусусида олдиндан хабар берилишини талаб қилувчи қоидани ўрнатади.

Хабарномада таклиф этилаётган норманинг мазмуни, жамоатчилик маслаҳатлашувларининг вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар, маслаҳатлашувларни ўтказиш учун масъул ташкилот мансабдор шахсининг алоқа маълумотлари қайд этилиши лозим. Барча манфаатдор томонлар қабул қилинаётган норматив ҳужжатни тайёрлашда ўзининг баҳо, таклиф ва тавсияларини ёзма равишда бериш ҳуқуқига эга бўлиб, буларнинг барчаси якуний ҳужжатни тайёрлашда ҳисобга олинади. Манфаатдор томонларга шарҳларни режалаштириш ва олдиндан тайёрлашга имкон бериш учун тегишли орган хабарни янги норманинг кучга киришидан камида 30 кун олдин эълон қилиши шарт.

Жамоатчилик эшитувлари коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонуности қоидаларни қабул қилишда иштирок этишга йўналтирилган жамоатчилик назоратининг кенг тарқалган шакли ҳисобланади. Бироқ ушбу шакл кўпроқ махсус характер касб этиб, зарурат бўлгандагина қўлланилади. Жумладан, Германияда тегишли орган томонидан муқобил вариант сифатида ёзма изоҳ, шарҳ ва таклифларни олишда эшитувларни ўтказишда ташаббус кўрсатилиши мумкин.

Канадада оммавий эшитувлар қонун чиқарувчи ҳокимият томонидан ҳар қандай қонун ҳужжатларини тайёрлашнинг бошланғич қисми ҳисобланади. Шу билан бирга, қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ваколатига эга бўлган ижро органлари ҳам жамоатчилик билан маслаҳатлашувларни кенг кўллайдилар, бу ўз навбатида коррупцияга қарши жамоатчилик назоратининг имкониятларини янада кенгайтиради.

Коррупциянинг олдини олиш соҳасидаги жамоатчилик назоратининг янги тенденцияси ҳисобланган фуқароларнинг электрон петицияларни йўллаши жадал ривожланмоқда. Хусусан, АҚШда 2011 йилда фуқаролар нинг оммавий электрон мурожаатлари билан ишлаш учун махсус «Биз, халқмиз» номли расмий ҳукумат портали очилган.

Буюк Британияда давлат органларига электрон мурожаат қилиш ҳуқуқи Британия фуқароларига, шунингдек расмий резидент мақомига эга бўлган шахсларга берилган. Петицияни топшириш учун манфаатдор шахс онлайн сўровномани тўлдириши, сўровномада шахснинг шахсий маълумотлари, яшаш ҳамда электрон почта манзили кўрсатилиши лозим. Петицияни махсус сайтга жойлаштириш учун камида олти киши унинг муаллифига айланиши яъни қўллаб-қувватлаши талаб этилади.

Электрон петициялар жамоа Палатаси, ҳукумат ва махсус вазирликлар (департаментлар) ва идоралар ваколатига тааллуқли бўлган ҳар қандай масалаларга тегишли бўлиши мумкин. Петицияда ҳал қилиниши лозим бўлган масала ва вазифалар аниқ баён қилиниши, петициянинг танқидий руҳда бўлиши жуда муҳим ҳисобланади. Мазкур омиллар петициянинг мазмуни коррупцияга қарши характерга эга бўлишини англатади.

Электрон петициялар манфаатдор томонлар томонидан имзолангач олти ой давомида кўриб чиқилади. Унинг кейинги тақдири ҳақидаги масалани парламент идораси - петициялар бўйича қўмита ҳал қилади, қўмита петиция муаллифлари ҳамда петицияга оид масала тегишли давлат органларидан қўшимча маълумотлар талаб қилиши ҳуқуқига эга. Белгиланган талабларнинг бирортаси бажарилмаган тақдирда, рад этиш учун асос билан петиция талаблари қаноатлантирилмайди.

Буюк Британияда ҳукумат камида 10 минг имзо тўплаган петицияга жавоб бериши мажбурлиги мустаҳкамланган. Бундай мажбурият фуқароларнинг манфаатдор гуруҳларига вазирлик ва идоралар, шунингдек уларга бўйсунувчи ташкилот ва муассасаларига нисбатан уларнинг фаолиятларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашга ёрдам берадиган жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Хорижий давлатлардаги электрон петицияларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг аксарияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар фаолияти, солиқ муносабатлари, тиббий ёрдам кўрсатиш, таълим, йўл қурилиш ва йўл ҳаракати қоидалари билан бевосита боғлиқдир. Шубҳасиз, ушбу соҳаларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ғайриоддий ҳодиса эмас. Электрон петицияга бўлган ҳуқуқ ҳамда уни бериш тартиби давлат органларига, шу жумладан ҳукумат ва парламентга коррупцияни аниқлаш ва унга қарши курашиш билан боғлиқ масалалар бўйича танқидий истакларни билдириш учун кенг замин яратади.

Хорижда коррупцияга қарши курашда аҳоли томонидан маҳаллий даражада амалга ошириладиган жамоатчилик назорати алоҳида ўрин тутади. Мазкур коррупцион хавф хатарлар юқори бўлган соҳалардаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилгандир.

Мисол учун, Буюк Британиянинг 2007 йилда қабул қилинган Маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлаш (Sustainable Communities Act) Қонунида маҳаллий жамоаларга маҳаллий муаммоларни ҳал қилинишида иштироки назарда тутилган тартиб-таомиллар механизми назарда тутилган. Қонун жамоатчилик гуруҳлари билан алоқалар бўйича Давлат котибидан мунтазам равишда жамоатчиликнинг ҳаётини яхшилаш бўйича таклифлар олиш учун аҳоли билан алоқада бўлиш мажбуриятини мустаҳкамлаган. Жамоалар томонидан билдирилган таклифлар асосида эса аниқ ҳаракатлар режаси тузилиб, унинг ижроси ва амалга оширишда кўрилган чоралар тўғрисида давлат котиби ҳар йили Парламентга ҳисобот тақдим этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга барҳам беришда маълум бир ҳудуд аҳолисининг эҳтиёжларига сарфланадиган маҳаллий бюджет устидан жамоатчилик назорати алоҳида роль ўйнайди. Бу борада Буюк Британиянинг юқоридаги Қонунига асосан маҳаллий жамоаларга ҳукумат департаментлари, маҳаллий ҳокимият ёки мансабдор шахслар томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқи алоҳида эътироф этилган. Худди шу мақсадда, Давлат котибига ушбу субъектлар томонидан маҳаллий аҳолининг эҳтиёжлари учун давлат томонидан молиялаштирилаётган маблағ сарфланиши тўғрисида ҳисобот тайёрлашни ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Маҳаллий даражада коррупцияга қарши жамоатчилик назоратининг муҳим воситаси Буюк Британиянинг Маҳаллий аудит ва ҳисобдорлик тўғрисидаги (Local Audit and Accountability Act) Қонунида маҳаллий маъмурият устидан молиявий назоратни амалга оширишга имкон берувчи қоидалар мустаҳкамланган. Қонун маҳаллий маъмурият фаолиятининг очиқлиги талабини кўзда тутади, бунга мажлисларга жамоатчилик киришини таъминлаш мажбуриятини ўрнатиш, шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар билан танишиш имкониятини бериш орқали эришилиши кўзда тутилган.

Қонун жамоатчилик вакилларига маҳаллий ҳокимият органлари йиғилишларида иштирок этиш, жумладан журналистлар ва блогерларга фотосурат, аудио ва видео ёзувларга олиш, йиғилишларни интернетда эфирга узатиш ва залда мавжуд бўлмаган одамларнинг кўриш ва

эшитишга имкон берувчи бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш ҳуқуқига имкон берди. Бундан ташқари, ушбу Қонуннинг 26-моддасига кўра маҳаллий аудитни ўтказиш жараёнида ҳар қандай манфаатдор шахс аудитнинг молиявий ва бошқа ҳужжатлари ҳамда ҳисоботлари билан танишиш ҳуқуқига эга. Маҳаллий ҳокимият органларининг молиявий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида, «Маҳаллий ҳокимият органларини аудити» ва «Ҳужжатлардан оммавий фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунларга 2017 йилда киритилган қўшимчаларга асосан журналистларга аудит масалалари билан боғлиқ алоҳида аудиторлик ҳисоботларини ва бошқа ҳужжатларни кўришга рухсат этилди.

Навбатдаги коррупция устидан жамоатчилик назорати воситаси хорижий давлатларда қўлланилаётган фуқароларнинг давлат органлари маъмуриятига билдиришнома сифатида мурожаат қилиш шакли орқали шахслар нопок ёки ахлоққа зид бошқарув ҳақида давлат бошқаруви органларини далиллар билан хабардор қилади. Бундай далиллар мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликлар ёки суиистеъмол қилиш ҳолатлари тўғрисида ошкор қиладиган ёки танқидий маълумотларни ўз ичига олади.

Хабарномада тегишли ҳуқуқбузарликлар ёки камчиликларни тузатиш учун сўров бўлиши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, билдиришнома ҳар қандай шахслар, ҳатто манфаатларига бевосита дахлдор бўлмаган шахслар томонидан ҳам фойдаланилиши кўзда тутилган. Шунга ўхшаш институт, мисол учун, Испаниянинг «Давлат бошқаруви ва умумий маъмурий иш юритишнинг ҳуқуқий режими тўғрисида»ги қонунида назарда тутилган.

Хулоса ўрнида хорижий давлатларда бевосита аҳоли томонидан фойдаланилаётган алоҳида фуқаролар, фуқаролар гуруҳлари ва уларнинг жамоат бирлашмаларига жамоатчилик назоратини коррупцияга қарши фаолиятни тузатиш ва такомиллаштириш бўйича уларнинг фаолияти ҳақида ахборот олиш, танқид қилиш ва таклифлар киритиш ҳуқуқи асосида амалга ошириш ёки иштирок этишга имкон берувчи комплекс ташкилий-ҳуқуқий механизмлар мажмуи ишлаб чиқилган.

Шу тариқа таҳлил қилинган механизм ва тартиб-таомилларнинг демократик табиати, давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ижро этувчи фаолиятида коррупциянинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича жамоатчиликнинг танқидий фикр ва таклифларини эътиборга олишга мажбур қилиши – давлат органлари ҳамда жамоатчилик институтларининг коррупцияга қарши курашиш шакли ва услубларини такомиллаштиришда ўзаро самарали ҳамкорлигига пойдевор яратади.

Баҳодир ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси коррупцияга қарши курашиш илмий таълим маркази бошлиғи.

Умид АБДУРАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура академияси «Коррупцияга қарши курашиш фаолияти» йўналиши магистратура тингловчиси

ЎзА