« Back

Коррупция – тараққиёт кушандаси 18.06.2020 11:46

Мутахассис фикри: коррупция илдиз отиши мумкин бўлган соҳаларни билиб қўйган яхши

Ўзбекистон коррупцияга қарши курашда узоқ муддатли ижобий динамикани намойиш этувчи 16 та давлат қаторига киради.

Дунёда коррупция даражасини ўлчашнинг бешта асосий усули қўлланилади. Уларнинг афзалликлари ҳам, камчиликлари ҳам мавжуд. Зеро, коррупция тўғрисида аниқ маълумот олиш жуда қийин, ушбу фаолият билан шуғулланувчи барча шахслар кўп ҳолларда кимлигини очиқланишига қарши.

Коррупцияни ўлчаш расмий муомаладан ресурсларни чиқиб кетиши ва давлат бошқарувидаги муаммоли соҳаларни аниқлашга ёрдам беради. Давлат хазинасидан йўқотилган пул миқдорини ҳисоблаш билан бир қаторда, коррупция тўғрисидаги маълумотлар давлат ва жамоат институтларининг алоҳида эътиборини талаб қиладиган қонунчилик тизимининг сифати, қонунларга муайян соҳаларда амал қилиниши, давлат сиёсатининг самарадорлиги каби давлат бошқарувининг муаммоли соҳалари ҳақида хабар беради.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда “compliance control“ тизими жорий этилади.

Ўлчов усуллари орасида энг кенг тарқалгани – коррупцияни идрок этишни баҳолашдир (масалан, Transparency International ташкилотининг коррупцияни идрок этиш индекси, Жаҳон банкининг коррупцияни бошқариш индекси). Ушбу усул мамлакат экспертлари ва аҳоли ўртасида мамлакатда коррупция ҳолати тўғрисида сўров ўтказишни назарда тутади. Шу билан бирга, ушбу усулнинг ноқулайлиги шундаки, жамоатчилик ва экспертларнинг фикрларига тақдим этаётган маълумотларининг очиқлиги ва сифати мамлакатлар ва вақт оралиғида турлича бўлган оммавий ахборот воситалари таъсир қилиши мумкин.

Ўлчашнинг яна бир кенг тарқалган усули бу коррупцияни баҳолаш бўйича сўров усули (масалан, Transparency International ташкилотининг глобал коррупция барометри ва Жаҳон банкининг бизнес сўрови). У мамлакатда коррупция муаммолари билан боғлиқ тажрибаси тўғрисида фирмалар ва аҳоли орасида сўров ўтказишни ўз ичига олади. Юқоридаги усулнинг камчиликлари – баъзи респондентларнинг давлат органларида коррупция бўлишидан манфаатдорлигидадир, шунинг учун улар коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар бермасликни лозим тутишлари мумкин.

Коррупцияни бевосита кузатиш ҳам коррупцияни баҳолаш усулларидан бири сифатида қўлланилади. Масалан, Индонезияда тўққиз ой давомида тадқиқотчилар юк машиналари ҳайдовчилари кийимини кийиб, одатий йўналишлар бўйлаб юк машиналари ҳайдовчиларини кузатиб боришган ва ҳайдовчилар полиция назорат пунктида тўхтаганларида қанча тўлашганини қайд этиб боришган. 300 тадан ортиқ саёҳатлар давомида улар 6 мингдан ортиқ ноқонуний тўловларни кузатишган. Натижада, ноқонуний тўловлар умумий саёҳат харажатларининг 13 фоизини ташкил этганлиги маълум бўлган. Ушбу усулнинг ноқулайлиги тегишли тадқиқотларни ўтказиш учун кўп вақт ва молиявий харажатларни талаб қилишидадир.

Коррупцияни ажратиш бўйича баҳолаш ҳисобот назорати органлари томонидан амалга ошириладиган ҳисобот харажатлари ва амалда ишлатилган харажатларни таққослашни ўз ичига олади. Ушбу усулнинг камчилиги шундаки, инспекция органлари ходимларининг ўзи пора олиш ва ўғирликни яширишга мойил бўлиши мумкин.

Коррупция ҳаракатларини аниқлашнинг турли хил билвосита усуллари ҳам мавжуд бўлиб, улар бўйича коррупция ҳолатлари коррупцияга бевосита алоқадор бўлмаган маълумотлардан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Коррупцияни ўлчаш усуллари хилма-хиллигига қарамай, мутахассислар коррупциянинг аниқ харажатлари ва оқибатларини аниқлашда жиддий муаммоларга дуч келаяпти. Коррупция хатти-ҳаракатлари одатда яширин бўлиб, бу уларни аниқлашни қийинлаштиради. Коррупция турли шакллар – ўғрилик, фирибгарлик, қариндошчилик, порахўрлик, товламачилик ва пул ювиш (отмывание), бу коррупция амалиётини ягона индикатор кўринишида қамраб олиш имконсиз эканини кўрсатади. Масалан, бирор-бир ишда мансабдан фойдаланиб, ўз яқин кишисига ёрдам бериш (бошқалар зарари ҳисобига) ва бунинг учун тўлов олмаслик, моҳиятан коррупция, лекин буни аниқлашнинг деярли иложи йўқ.

Ўзбекистонда коррупция динамикаси. Transparency International халқаро ташкилотининг коррупцияни идрок этиш индекси бўйича, 2010 йилдан бери Ўзбекистон ҳар йили ўз мавқейини яхшилаб келмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон 25 балл билан 180 давлат ичида 153-ўринни эгаллаган, 2010 йилда эса у 16 балл билан 172-ўринда турган эди.

Халқаро коррупцияга қарши барометрининг 2016 йилдаги маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги респондентларнинг атиги 18 фоизи пора бергани ҳақида хабар берган ва уларнинг атиги 23 фоизи коррупцияни мамлакатдаги учта энг жиддий муаммолардан бири сифатида қайд этган. Аҳоли сўровларига кўра, энг коррупциялашган соҳа вакиллари – йўл-патрул ходимлари (респондентларнинг 17 фоизи уларга пора берганлигини тан олган), таълим ва тиббиёт ходимлари (респондентларнинг 16 фоизи буни тан олган). Респондентларнинг коррупция тўғрисида хабар беришига нима тўсқинлик қилади, деган саволга 39 фоизи бу саволга жавобни билмасликларини айтишган ва иккинчи энг кенг тарқалган жавоб “Салбий оқибатлардан қўрқиш туфайли” бўлган (17 фоиз).

Жаҳон банки корхоналар ўртасида ўтказган сўровида фирмаларга олтита турли битимлар, жумладан, солиқларни тўлаш, рухсатномалар ёки лицензиялар олиш ва давлат хизматларига уланиш бўйича пора бериш таклиф қилинган вазиятни баҳолашга уринади. Ушбу тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистондаги вазият дунё, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичларга қараганда яхшироқ. Масалан, Ўзбекистонда сўровда қатнашган барча фирмаларнинг атиги 6 фоизи ўз амалиётида пора талаб қилиниши билан дуч келганлигини таъкидлаган, дунёда бу кўрсаткич 17 фоизни, Европа ва Марказий Осиё минтақасида эса 11 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистонда аниқланган коррупцион ҳуқуқбузарликлар давлат корхоналари ва муассасалари, ички ишлар органлари ва банклар энг коррупциялашган соҳалар эканлигидан далолат беради. Ушбу жойларнинг аксарияти аҳоли томонидан сўров давомида аниқланган жойларга тўғри келади. Шу билан бирга, мансабдор шахслар томонидан 2013 йилдан 2017 йилгача содир этилган коррупцияга оид жиноятлар 43 фоизга камайган.

Ўзбекистондаги коррупция хавфи бўлган соҳалар қайси?

Давлат хизматларини кўрсатиш. Бошқа ривожланаётган мамлакатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам давлат ҳар доим ҳам аҳолига зарурий хизматларни, шу жумладан, тиббий ва таълим хизматларини етарли даражада сифатли тақдим эта олмайди. Шу муносабат билан шифохоналарда, энг яхши мактабларда, институтларда ва ҳоказоларда чекланган жойлар учун одамлар ўртасида рақобат мавжуд бўлиб, бу муассасаларда коррупция пайдо бўлади.

Тиббий ва таълим хизматларидан ташқари, Ўзбекистонда давлат хизматларини тақдим этишнинг бошқа кўплаб соҳаларида уларнинг аҳолининг мавжуд эҳтиёжларига мос келмаслиги кузатилмоқда. Хусусан, бу сув, газ, иситиш, суғориш тизимлари, асфальт йўллар, кўприклар, парклар ва ўйин майдончалари қурилишига тегишли. Бу ушбу тузилмалардаги коррупция даражаси бошқаларга қараганда юқори эканлигини кўрсатиши мумкин. Чунки давлат маблағлари бошқа мақсадларда ишлатилган бўлиши мумкин ёки бундай хизматларнинг чекланганлиги сабабли биринчи бўлиб пора берганларга хизмат кўрсатилиш ҳолатларини жадаллаштириши мумкин.

Иқтисодий фаолиятни тартибга солиш. Хўжалик фаолияти механизмларини лицензиялаш ва тартибга солиш корхоналарга мансабдор шахсларнинг “имтиёзли режим”дан ўз мақсадларида фойдаланиш имкониятини яратади. Натижада, “фойда”ни давлат амалдорлари билан бўлишиш мумкин, улар ўз навбатида, лицензия бериш ёки савдо-сотиқни ҳимоя қилишни ўз зиммаларига олади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 355 турдаги фаолият тури мавжуд бўлиб, уларни амалга ошириш учун тегишли лицензия талаб этилади. Бундан ташқари, фаолиятнинг 140 тури турли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган рухсат берувчи ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Коррупция “ботқоғи”даги соҳалар “тозаланади” ҳамда давлат хизматчиларининг мол-мулки декларация қилинади. Шу билан бирга, Давлат хизматлари марказида ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида мурожаат этувчилар атиги 23 та лицензия ва рухсатнома олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Қолган 475 лицензия ва рухсатномани олиш учун улар тегишли давлат ташкилотларига мурожаат қилиши керак. Бу қўшимча харажат, маблағ ва вақтни талаб қилади. “Буюк келажак” экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 30 фоизи лицензиялар ва рухсатномаларни рўйхатдан ўтказиш улар дуч келган 10 та асосий муаммолардан бири эканлигини кўрсатган.

Давлат секторида ресурслардан фойдаланиш устидан назоратнинг сустлиги. Бугунги кунда давлат улуши бўлган корхоналарнинг умумий сони 2 минг 819 тани ташкил этади, шундан 2 мингтасида давлат 50 фоиздан ортиқ улушга эга. Қоида тариқасида, давлат корхоналарида, хусусий секторда бўлгани каби, ходимларнинг корхона ресурсларидан фойдаланиши устидан қаттиқ назорат мавжуд эмас. Бу эса коррупция ва ўғрилик учун асос яратади. Энг кўп давлат корхоналари коммунал хизмат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш, ижтимоий соҳалар, туризм, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида фаолият юритаётганини ҳисобга олиб, бу соҳаларда коррупция хавфи юқори эканлигини тахмин қилиш мумкин.

Иқтисодиётнинг кўп тармоқлари ҳукуматнинг алоҳида қарорлари билан тартибга солинади. Инвестицияларнинг умумий ҳажмида давлат инвестицияларининг юқори улуши сақланиб қолмоқда. Давлат 37 турдаги товар ва хизмат нархларини тартибга солади. Бугунги кунда хусусий секторда 4 ишчига давлат секторидаги 1 ишчига тўғри келади. Бинобарин, ривожланаётган давлатлар шароитида давлатнинг назорат функцияларининг катта қисми сақланиб қолиниши коррупциянинг кучайиши билан бирга келади. Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар бўлган мансабдор шахслар сонининг статистикаси шуни кўрсатадики, барча даъволарнинг 71 фоизи давлат муассасалари ва корхоналар ходимларига қарши қўзғатилган.

Аслида коррупция тўғрисида нисбатан аниқ маълумотларга эга бўлиш туфайли ҳукумат давлат хизматларини тақдим этишдаги тенгсизлик, қашшоқлик ва изоляция, шунингдек, пул олиб чиқиш (отмывание), солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва порахўрликка йўл очиб берадиган молиялаш тизимидаги бўшлиқлар (лазейкалар) каби қатор масалаларни ҳал қилиш учун самаралироқ сиёсат ва тартибга солиш воситаларини ишлаб чиқиши мумкин.

Бахтишод ҲАМИДОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими