« Back

Кўчмас мулк 18.06.2020 11:43

Тошкентдан бошқа ҳудудда яшовчилар қанча уй сотиб олди?

Прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президент фармонига кўра 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан шу ҳудудда пропискаси бўлмаган фуқаролар ҳам кўчмас мулк сотиб олиш имкониятига эга бўлди.

Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, бу имкониятдан ўтган 70 кунда 15 мингга яқин фуқаро фойдаланди. Аниқроқ айтганда, улар томонидан Тошкент шаҳридан 12 минг 799, Тошкент вилоятидан эса 2 минг 52 уй-жой олди-сотди битимлари нотариал идораларда расмийлаштирилди.

Қайд этиш керакки, нотариал идоралар томонидан ушбу даврда бу ҳудудларда жами расмийлаштирилган уй-жой олди-сотди битимларининг деярли 70 фоизини пропискаси бошқа ҳудудларда бўлган фуқаролар иштирокидаги битимларга тўғри келган.

20 йилдан ортиқ амалда бўлган Тошкентдан уй сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши фуқароларнинг уй-жойга эга бўлишида юзага келган турли муаммолар барҳам топишига хизмат қилди.

Хусусан, кўплаб фуқаролар уйни Тошкентда пропискаси бўлган таниши номига расмийлаштириб, кейин ўз уйида “ижарачи” бўлиб яшашга мажбур бўлганлиги ҳам сир эмас. Фармон қабул қилиниши билан яратилган имкониятдан биринчи навбатда шундай фуқаролар фойдаланиб, уйларини ўз номига расмийлаштирди.

Шубҳасиз, қабул қилинган фармон фуқароларнинг эркин кўчиб юриш ва уй-жойга эга бўлиш каби муҳим ҳуқуқлари кафолатини таъминлашда туб бурилиш ясади.

Муаттар Рўзибоева,
ЎзА