« Back

Кўмак 12.06.2020 12:20

САХОВАТ ВА КЎМАК - БАРЧАМИЗГА ФАРЗДИР

Мамлакатимизда давом этаётган карантин шароитида Мажбурий ижро бюросининг Миробод туман бўлими томонидан коммунал тўловлардан қарздор  бўлган эҳтиёжманд оилаларга ёрдам берилмоқда. Шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида саховат ва кўмак тадбирлари давом этмоқда.

Бюронинг Миробод туман бўлими ходимларининг тарғиботлари натижасида  ўз ташаббуси билан эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам кўрсатиш, савобли ишларга қўл уриш истагини билдирган ҳомийлар ёрдамида тумандаги иқтисодий томондан ёрдамга муҳтож бўлган оилаларни туман маҳалла фуқаролари йиғинлари орқали ўрганилиб, 12 нафар оилаларга 250.000 сўмдан ҳамда 20 нафар оилаларга энергия ресурсларидан бўлган қарздорликни қоплаш мақсадида 500.000 сўмдан жами 13,0 млн. сўм ёрдам кўрсатилиб, пул маблағлари истеъмолчилар ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, илгари табиий газ тармоғидан узилган истеъмолчиларнинг оилавий шароити ўрганилиб, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож саналган 2 нафар оиланинг табиий газдан 1,0 млн. сўм қарздорлиги ҳамда ҳар бир хонадоннинг қайта тармоққа уланиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жами 892.000 сўм тўловлар амалга оширилиб, 2 та хонадон табиий газ тармоғига улаб берилди.

Бюронинг Миробод туман бўлими ходимлари томонидан бу каби савобли ишларни давом эттириш, бугунги синовли кунларда оз бўлса-да, эҳтиёжманд оилаларни иқтисодий томондан қўллаб-қувватлашга қаратилган тарғибот ишлари давом этади. Шунингдек, Бюронинг Миробод туман бўлими томонидан коммунал тўловларидан табиий газ, электр энергияси ва маиший чиқинди соҳасида тўловларни ундириш бўйича ташкил этилган сайёр кассалар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Миробод туман ҳудудида жойлашган МФЙ биноларида коммунал тўловлар учун пул маблағлари ундирилиб келинмоқда. Шу билан бирга, амалиётга яна бир қулайлик киритилди. Тумандаги мавжуд маҳаллалар биноларида жадвал асосида Бюронинг давлат инспекторлари ўз ҳудуди бўйича маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда сайёр кассаларда ҳам коммунал тўловларидан қарздорликларни қабул қилишмоқда. Бу айнан карантин вазиятида, истеъмолчиларга шароит яратиш мақсадида, хонадонларидан узоққа бўлмаган, автотранспорт воситаси билан бориш талаб қилинмайдиган, ўз маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳафтанинг икки кунида ташкил этилаётган сайёр кассаларда қарздорликни олдини олиш мақсадида тўловларни амалга оширишлари мумкин. 

Туман аҳолиси учун ташкил этилиб келинаётган сайёр кассалар фаолияти давомида биргина май ойининг ўзида 1 млрд 355,4 млн. сўм миқдорида коммунал тўловлар ундирилди. Бу рақамлар ортида фуқароларимизнинг истеъмол қилаётган энергия ресурсларидан юзага келиши мумкин бўлган қарздорликларини олдини олишга бефарқ эмасликлари, шу билан бирга карантин вазиятида давлат инспекторларининг хонадонларга чиқиши чекланган бир пайтда кўрсатаётган кўмагидир.

М.МИРҲАБИБОВ,
Мажбурий ижро бюроси Миробод туман бўлим бошлиғи ўринбосари, 3-даражали юрист