« Back

Кўмак 16.06.2020 12:48

"World Craft Council –APR” ҳунармандларга кўмак юборди

Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмасидан маълум қилишларича, "World Craft Council –APR” (Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё ва Тинч океани минтақаси) ташкилоти мамлакатимизда табиий офат, шунингдек, фавқулодда ҳодиса сабаб зарар кўрган ҳунармандларга кўмак бериш мақсадида маблағ ажратди.

Хабарингиз бор, ўтган йил Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси "World Craft Council” (Жаҳон ҳунармандлар кенгаши) ва унинг Осиё ва Тинч океани минтақаси WCC-APR ташкилотининг аъзоси бўлган эди.

1964 йилда Бельгияда нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган бу ташкилот бой маданий меросни асраб-авайлаш, ривожлантириш учун семинарлар, конференциялар ва кўргазмалар ўтказиш орқали бутун дунёда ҳунармандларини қўллаб-қувватлайди.

“WCC – APR” жорий йилнинг апрелида кучли шамол оқибатида Қоракўл ва Олот туманларида юз берган табиий офатда, шунингдек, Сардоба сув омборида рўй берган фавқулодда ҳодиса сабаб зарар кўрган ҳунармандларга кўмак бериш мақсадида 5000 доллар миқдорида маблағ ажратди. Пул табиий офатда ва техноген ҳодиса сабаб устахоналар ва уйларга етказилган зарарни қоплаш учун сарфланиши кўзда тутилган.

Айни вақтда «Ҳунарманд» уюшмаси ушбу ҳудудларда талофат кўрган ҳунармандларнинг рўйхатини шакллантирди. Жумладан, Бухоро вилоятидан 10 нафар, Навоий вилоятидан 10 нафар қисман ёки бутунлай уй ва устахоналарига зарар етган ҳунарманд аниқланди.

- Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманида 120 нафар ҳунарманд фаолият юритади,-дейди Сирдарё вилояти «Ҳунарманд» уюшмаси бошқарма бошлиғи Музаффар Раҳматов.-Сардоба сув омборида рўй берган фавқулодда ҳодиса сабаб 30 нафар ҳунарманд зарар кўргани аниқланди. Уларнинг асосий қисми тошга ишлов бериш, тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик билан шуғулланади. Уларга берилган бу кўмак қийинчилик пайтда ўз ҳунарини давом эттиришларига куч топа олишларига хизмат қилади ва руҳий далда беради.

Албатта, бу каби хайрли ишлар ҳунармандлар ўртасида ўзаро бирдамлик ва бир-бирини қийин кунларда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш эканлигини кўрсатиш билан бирга пандемияни ҳам бирдамлик орқали енгиб ўтиш зарурлигини кўрсатади.

ЎзА