« Back

Кутубхона – нурхона 22.05.2020 13:57

Касбида бахтини топган инсон...

Кутубхона – бу сўзни эшитган инсонни кўз олдига жавон тўла китоблар-у, қўлида китоб кўтарган кутубхоначи келади. Кўпгина ОАВлар орқали китобхонлик маданиятини ошириш, китоб мутолаасига тарғиб қилиш ҳақида кўп сўзлашмоқда. Аммо илму маърифат улашувчи кутубхона ходимлари ҳақида ҳеч бир журналист тўлиқ маълумот бериб ўтмайди.

photo_2020-05-22_13-59-42 Фойдаланувчига беминнат хизмат кўрсатиб келаётган қанчадан-қанча фахрий мутахассисларимиз борлиги ҳақида билмасангиз ҳам керак. Мен кутубхона соҳасида ишлаётганимга кўп бўлмади, лекин ўз касбимга шунчалик меҳр қўйдим-ки, китобхонларни бир кун ҳам янгиликдан бохабар қилмай туролмайман. Буни эса мен кўп йиллар давомида касбига умрини бағишлаган кутубхоначиларимиздан ўргандим.

Бунга мисол қилиб, Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона марказида ўз фаолиятини олиб бораётган Винера Муратова Кудузовнани айтишим мумкин. У 1994 йилдан буён касбига садоқат ва меҳр билан хизмат қилиб келмоқда. В.Муратова кўп йиллар давомида Библиография фанининг ривожига ўз ҳиссасини кўшган, доим замон билан ҳамнафас мутахассислар қаторида фаолият юритяпти.

Иш фаолияти давомида ўзининг ғоялари ва китобхонлик маданиятини оширишда ноодатий фикрлари билан ёш мутахассисларимизга тавсиялар бериши таҳсинга лойиқ. “Библиография фани кутубхонанинг бошқа йўналишларига қараганда қийин” дейди ўз касбининг фидойиси. Ўз касбини бу қадар севучи, касбига масъулият билан ёндашувчи кутубхоначи камдан-кам учрайди.

В.Муратова ўзбек ёзувчи, шоир, адибларимиз ҳақида китобхонларга кўпроқ маълумот бериш мақсадида эслатма, қўлланма, тавсиявий адабиётлар рўйхати ва биобиблиографик қўлланмалар тузувчиси ҳамдир. Ўлкашунослик библиографиясини четда қолдирмаган ҳолда, у Тошкент шаҳри ҳақида қўлланмалар, кўрсаткич, эслатма, тақдимот ва улар билан бир қаторда мултимедиялар ҳам яратади. Унинг “Шеьрият йўлида самимий хизмат Ғайратий” эслатмаси, “Миллий қадрият – олий неъмат” кўрсатгичи, “Миллий романчилигимиз асосчиси Абдулла Қодирий” қўлланмаси ва “Тошкент зиёратгоҳлари”, “Тошкент музейлари”, “Тошкент метрополитени” номли мутимедиялари фойдаланувчилар оммасида кенг тарғиб қилинган. Ўқувчи ва талабалар учун керакли маълумотларни ўзида жамлаган шу каби библиографик ишланмалар айнан В.Муратова томонидан тайёрланган.

У нафақат маҳоратли мутахассис, балки яхшигина журналист десак муболаға бўлмайди. Шу кунга қадар 30 дан ортиқ ахборот-кутубхона фаолияти ёритилган мақолалар муаллифидир. Ўз тажрибасини бошқалар билан алмашиш ва замонавий хизмат кўрсатишнинг амалдаги вазифалари жамланган “Медиакультура и обучение читателей навыкам ориентации в информационных потоках”, “Библиотека: формируя династии читателей”, “Школа инфорационного комфорта” мавзусидаги мақолалари ахборот-кутубхона соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. 2019 йил “Infolib Uzbekistan-2019” Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ўтказилган “Болалар ва ёшларни мутолаага жалб қилиш бўйича энг яхши услубий ишланма/лойиҳа” Республика танловида В.Муратова “Китобхон маҳалла” лойиҳаси билан биринчи ўринни эгаллади. Лойиҳанинг асосий мақсади аҳолини мунтазам ўқишга жалб қилиш, оилавий ўқиш анъаналарини тиклашдан иборат бўлиб, аҳоли маънавиятини шакллантириш, ёшларни китоб мутолаасига жалб қилишнинг янгича усулларини ўз ичига олган.

Шунингдек, яхши мутахассис ва малакали устоз бўлмиш Винера Куддузовна ёш мутахассис ходимларга ўзининг билим ва кўникмаларини ўргатиш мақсадида маҳорат дарслари ҳам ўтказиб туради. Биз мана шундай малакали ва жонкуяр мутахассисларимиз борлиги билан фахрланамиз. Юрт тинчлигини мард ўғлонларимиз, аҳоли саломатлигини шифокорларимиз таъминласа, халқимизнинг маърифатли ва билимли бўлишида кутубхона мутахассисларимизнинг ўрни беқиёс. Аҳоли айниқса ёшларни маънавиятини юксалтиришга ўз ҳиссасини беминнат қўшиб келаётган В.Муратовадек фахрли инсонлар борлиги ёшларимизни билим олишга бўлган иштиёқини янада оширса ажаб эмас.

М.МАВЛОНОВА, 
Тошкент шаҳар «Bilim» АКМ мутахассиси