« Back

Лимон нега қиммат? 20.07.2020 13:21

Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар

Барчага маълумки, лимон - озуқа моддалари ва витамин манбаига бой. Унинг нордон, ўткир таъми инсонни тетиклаштиради ва иммунитетимизга турли вируслар ҳамда касалликлар билан курашишга ёрдам беради.

Рутадошлар оиласига мансуб бўлган мазкур шифобахш табиат неъматининг ватани жанубий ва жанубий шарқий Осиё ҳисобланади. Лимон узоқ йиллар давомида ҳосил беради. Бизнинг иқлимимиз бўйича уй шароитида етиштирилади ва ҳосил кеч кузда етилади. Шу сабабли ҳам ҳозирги шароитда савдо расталари ва маҳаллий деҳқон бозорларимиздан лимон ўсимлигини топиш бироз мушкул бўлиб қолди. Бор бўлса ҳам нархи қиммат.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан жамоатчилик назорати шакллантирилиб лимоннинг нарх-навоси ўрганилди. Юртимиз маҳаллий бозорларида хусусан, Фарғона вилоятидаги деҳқон бозорларида лимон нархи 35 мингга нархланган бўлиб, бу бошқа ҳудудларга қараганда энг арзон жой ҳисобланади. Энг қиммат сотилиши бўйича Самарқанд, Сирдарё, Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда ва мазкур ҳудуд бозорларида 70 80 минггача сотилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 40, 42 минг, Андижон вилоятида 40, 55 минг, Бухоро вилоятида 45 мингдан 55 минггача, Қашқадарё вилоятида 50 минггача сотилаётган бўлса, Навоий вилоятида 40 дан 55 минггача сотиляпти. Наманган вилоятида 50 минг, Сурхондарёда вилоятида 65 мингга сотилмоқда.

Мазкур маҳсулотнинг нархи ҳақида юртдошларимиз фикри билан қизиқдик ва «Лимон нега қиммат? » сарлавҳаси остида Facebook ижтимоий тармоғидаги "Maslahat uzʼ гуруҳида пост жойлаштирилди. Билдирилган мулоҳазаларнинг айримлари билан сизни таништирамиз.

Нафиса Расулова:

- Қиммат бўлсаям майли бизда шуям йўқ.

Ботиржон Қаҳрамонов:

- Бизда нимага талаб сал ошса, шунинг нархини сунъий ошириш бошланади.

Нозима Ҳалилова:

- Чунки ҳамма пандемия COVID-19га қарши лимон чой ичиб ўз иммунитетини ошириш учун сотиб олияпти. Лимонга қўшиб + Имбир ва асални ҳам нархи кўтарилиб кетса ажабланмайман.

Сайди Сайёд:

- Олиб сотарлар нархни кўтариб, деҳқонни эзғалайдилар. «Деҳқон бозори» дейиладию, деҳқон бир қути нарса олиб келса жой йўқ. Кейин ерда сотади. Kимлардир келиб ҳайдайди. Мажбур чайқовчига сотади чақа пулга.

Шаҳноза Аҳмаджонова:

- Мен ҳам кеча лимон излаб чиққандим, уйимизда ёши катталар ва кичкина бола бор. Маҳалламиздаги бир сотувчи бу йил ҳам ҳосил яхши бўлган, ҳаммаси четга сотилди дейди, бошқаси сезон тугади қимматлиги учун келмаяпти бизга деди. Қидириб охири, маҳалламизга яқин «Корзинка» дўконидан Аргентинаникини олдим.

Гулсара Бобоёрова:

- Ҳар доим шу вақтга келиб лимоннинг нархи ошади, чунки ўтган йилги тугаяпти, янги ҳосил ҳали йўқ. Лекин шу пандемия даврида пул ишлаб олиш имкони пайдо бўлди деб фойдаланиш, ҳар ҳолда инсофдан эмас!

Заҳро Закирова:

- Чунки уни рекламаси зўр бўлган дориларга ўхшаб эртага карамни мақтасангиз даво деб уни ҳам нархи кўтарилади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак ҳар не бўлганда ҳам айни синовли вазиятда бир-биримизга елкадош бўлайлик. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси  бозорлардаги нарх навони ўрганишда давом этади.

Манижа БАҲРИЕВА,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси