« Back

Лойиҳа 09.06.2020 12:33

“Бизнес-клиника” – пандемия шароитида тадбиркорларга яқин маслаҳатчи

Жорий йилнинг май ойида пандемия ва ундан кейинги даврда мамлакатимизда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича “Бизнес-клиника» лойиҳаси амалиётга татбиқ этилди.

Лойиҳа Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Лойиҳадан кўзланган мақсад “COVID-19” пандемия сабабли тадбиркорлик фаолиятида юзага келган салбий оқибатларни юмшатиш. Шу мақсадда Савдо-саноат палатаси томонидан 1094 қисқа рақамли ягона алоқа маркази орқали ҳукуматимизнинг фармон ва қарорларида тадбиркорлар учун берилаётган имтиёз ва преференциялар ҳақида бепул юридик ва бизнес маслаҳатлар бериш, шунингдек, мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тушунтириш учун мутахассислар иштирокида вебинар ва видеолавҳалар тайёрлаш кўзда тутилган.

Маълумки, карантин чоралари ва чекловлар юртимиздаги кичик ва ўрта бизнес фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Маълумотларда қайд этилишича, 2019 йилда кичик бизнес Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотининг 57 фоизини ташкил этган. Бироқ бугунги мураккаб вазият чет элдан пул ўтказмаларининг камайиши, туризмдан тушадиган даромадлар пасайиши ва савдо соҳасида қатор муаммоларни юзага келтирди. Бу, ўз навбатида, корхоналар фаолиятининг тўхташи ва ишчилар сонинининг қисқариши ва уларнинг даромадига зарар бўлди.

– Шундан келиб чиқиб, БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистонда ишга туширилган "COVID-19"га қарши тезкор ҳаракат қилиш механизми доирасида учта йўналиш бўйича ишлар таклиф қилинди, – деди "Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш" лойиҳаси миллий консультанти Фарҳод Жабборов. – Унга кўра, бу уч йўналиш эҳтиёжларни тезда аниқлаб улар бўйича ечим топиш, инқирозга қарши самарали бошқарув ва эрта тикланишдан иборат. Учинчи йўналиш доирасида БМТ Тараққиёт дастури Савдо-саноат палатаси билан биргаликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун “Бизнес-клиника” лойиҳасини ишга туширди. “Бизнес-клиника” пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларга бизнесни тиклаш ва давлат томонидан бериладиган имтиёз ва преференциялар билан боғлиқ барча масалалар бўйича бепул маслаҳатларни бериб боради.

Энди бир ойлик фаолияти давомида “Бизнес-клиника”нинг амалга оширган ишларига аҳамият берайлик. Шу йилнинг 5 июнгача 1094 қисқа рақамли ишонч телефонига 210 маротаба тадбиркорлар томонидан мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатларга мутахассислар томонидан ўз вақтида маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатилган.

“Бизнес-клиника” томонидан ўн марта онлайн вебинар ўтказилган. Вебинарларга маҳаллий ва хорижлик экспертлар жалб қилиниб, бугунги ҳолатда тадбиркорлар фаолиятини қўлллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлардан келиб тушаётган саволлар моҳияти ҳам бугунги вазият билан боғлиқдир. Масалан, улар кредит ва кредит имтиёзлари, экспорт, импорт имкониятлари ва муаммолар, форс-мажор лицензияси, юридик консультация, солиқ ва солиқ преференциялар, ер масаласи кабилардир.

“Бизнес-клиника” телеграмм каналининг ҳозирги кунда минг нафарга яқин аъзоси бор. Унга келиб тушаётган саволларга мутахассислар жавоб қайтариб, ўзининг фойдали маслаҳатини бераётгани тадбиркорларга яна бир қулайлик яратилганидан далолат беради.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА