« Back

Лойиҳалар 15.07.2020 12:42

АЖДОДЛАР МЕРОСИ – ИЛМ ЁҒДУСИ

Мамлакатимизда огоҳлик, ҳар қандай шароитга тайёр туришдек оқилона, одилона олиб борилаётган сиёсат даражасидаги чора-тадбирларнинг кўрилиши натижасида пандемия ҳамда карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, халқимиз тушкунлик ва саросимага тушгани йўқ. Ўз йўналиши бўйича фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади. Чунки, юртбошимиз вазиятдан келиб чиқиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлаб, ҳар бир соҳанинг ишини бошқа шаклда ташкил этиш орқали белгиланган тартиблар асосида йўлга қўйилди. Яъни, “Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, “онлайн” режимда олиб борилмоқда”.

Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот кутубхона маркази томонидан кенг аҳоли қатламлари ва айниқса ёшларимизнинг уйда қолиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида махсус ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида фаолият олиб бормоқдалар. Аҳолининг ижтимоий ҳуқуқлари, яъни аҳолининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда мунтазам таълим ва мустақил равишда билим олишига кўмаклашиш, миллий маънавий-ахлоқий қадриятларни кенг кўламда тарғиб қилиш, халқнинг маданий-тарихий меросидан баҳраманд бўлишни таъминлаш, маънавий бой ва уйғун камол топган шахснинг ижодий ўсишига имконият яратиб бериш мақсадида Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази, Учтепа, Сергели, Яшнобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Миробод, Юнусобод ва Бектемир туманларида яратилган ижтимоий тармоқлар:  ҳар бир Ахборот кутубхона марказларининг телеграм каналлари, “Уйда қолинг!” шиори остида яратилган “Bilim kitoblar”, “Bilim Акция”, “Билим жонли энциклопедия”, “Детский мир”, “Аудио билим”, “Bilim кутубхонаси”, “Ақлли карантин”, “Билимли аёл”, “Аждодлар мероси - илм ёғдуси” каби онлайн яратилган таъсирчан саҳифалар фаолиятида ўз аксини топмоқда. 

Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази “Китобхонликнинг онлайн тарғиботи” бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларидан бири аждодларимиз томонидан яратилган маънавий мерос жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутган бугунги кунда ҳам кенг тарғиб қилинаётган маданий бойликларимизни келажагимиз ворисларига, ёшлар онгига сингдириш мақсадида ташкил этилган “Аждодлар мероси - илм ёғдуси” лойиҳасига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Жаҳондаги бирорта машҳур кутубхона йўқки, у ерда халқимиз тарихи ва адабиётига тегишли қўлёзма асар бўлмасин. Британия Музейи, Париж Миллий Кутубхонаси, Оксфорд, Кэмбриж, Сорбонна, Харвард, Йел университети кутубхоналари, Голландия, Олмония, Испания, Италия, Ватикан китобликлари ҳамда Туркия, Эрон, Ҳиндистондаги кутубхоналарда кўплаб қўл ёзма адабиётларимиз намуналари авайлаб асраб келинмоқда.

Марказимиз мазкур маданий, маънавий меросимизни ёдга олиб  "Bilim" музей-кутубхонаси  номли (@bilimmuzey) саҳифа очди. Мазкур канални очилишидан мақсад: чет эл музей, архивларида сақланувчи аждодларимиз яратган тарихий, маданий  мерослари билан таништириш.  Жаҳоннинг машҳур музейларига ҳамда ўлкамиздаги музей ва маданий ёдгорликларга видеосаёҳат қилиш. Каналда ҳозирги кунга қадар етиб келган асарлар, маданий ёдгорликлар таркибига кирувчи картография,  фотография материаллари,  кинофильмлар,  аудио,  видиоёзувлар,  архив маълумотлари ҳавола этилиши ҳар бир фарзандимизни, кенг китобхонларимиз оммасини тарихий маданий тарихий меросимиз билан уйдан чиқмаган ҳолда яқиндан танишиш имкониятини яратади.

Дарҳақиқат, фарзанд биринчи тарбияни, китобга меҳрни, мутолаа маданиятини, қолаверса маданий мерос, аждодлар хазинаси каби муҳим маълумотларни, уларни ўрганиш кўникмалари оиладан, ўз ота-онасидан олади. “Аждодлар мероси - илм ёғдуси” саҳифаси маданий-маънавий меросимизни ёдга олиб, аждодларимиз томонидан яратилган буюк маънавий асарларни чуқур ўрганиш, сақлаб қолиш ва кенг тарғибот қилиш самарали фаолият олиб бормоқда.  

Маълумки, шарқда оила асрлар давомида шаклланиб келган жамиятнинг мустаҳкам пойдевори, уни ҳаракатга келтирувчи қудратли куч ҳисобланади. Унинг ижтимоий-маънавий баркамоллиги эса давлат ва жамият фаровонлиги негизидир. Жаҳон маданияти хазинасига ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд аз-Замахшарий каби юзлаб алломаи замонлар, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби ватанпарвар қаҳрамонлар, бир қўлида фарзанд, бир қўлида маънавият бешигини тебратган Бибихоним, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Зебуннисобегим, Увайсий, Нодирабегим каби оқила, фозила момоларимиз, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир, Элбек каби миллат озодлиги курашчиларини дунёга келтирган, тарбиялаган ҳам ўзбек оиласидир. Илдизи бақувват, пойдевори мустаҳкам, авлод-аждодлари шаънини пок сақловчи, уларга садоқатли оила мустаҳкам эканлигини азиз фарзандларимизга, салоҳиятли ёшларимиз онггига сингдириш, буюк аждодларимизга муносиб ворислар бўлиб тарбиялашда ушбу каналимиз мустаҳкам замин яратишига ишонамиз.

Албатта кенг китобхонларга манзур бўлгани ва катта қизиқиш уйғотганини айни кундаги каналимиз аъзоларининг сони табора ортиб бораётганидан билишимиз мумкин. (Саҳифада ҳозирда 32 та видео ва 53 та фото ва матнли маълумотлар жойлаштирилди. 

     Жумладан:

 Султон Ҳусайн Бойқарога тегишли фармон (@bilimmuzey May 01, 2020);

 Имом Мотуридий – калом илмининг султони (@bilimmuzeyMay 03, 2020);

 Абу Мансур ал-Мотуридий ҳаёти ва ижодига бағишланган викторина саволлари;

 Алишер Навойи ҳақида қизиқарли фактлар;

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг лирик мероси “Қобул девони” (1519)га, 1528-29 йилларда “Ҳинд девони”;

 Абу Райҳон ал-Беруний ҳақида... каби буюк алломалар ва уларнинг ноёб асарлари, мерослари ҳақидаги маълумотлар асосидаги онлайн тарғиботимиз китобхонларимизда катта таассурот қолдирмоқда. 

Зеро, сахифамизнинг асосий муштарийлари муқаддас оила қаҳрамонлари ота-оталардир. Демак ўз ўзидан ота-она – санъаткор, бола-санъат асари, тарбия жараёни эса – санъатнинг ўзидир. Санъат асари муваффақияти, жозибадорлиги, умрбоқийлиги санъаткорнинг маҳорати ва савиясига боғлиқдир. Сўзсиз бу жараён бевосита албатта китоб билан, кутубхона билан чамбарчас боғлиқ равишда амалга оширилади.

Президентимиз таъкидлаганидек: “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ. Энг муҳими, фарзандларимизда ёшлик чоғидан бошлаб китобга меҳр қўйиш, мустақил фикр юритиш, мураккаб ҳаётий вазиятларда тўғри жавоб топиш кўникмасини шакллантиришимиз, бунинг учун тегишли ташкилий ишларни амалга оширишимиз даркор”. 

Ҳафиза КАРИМОВА, 
Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона  маркази директори