« Back

Лойиҳалар 20.07.2020 13:16

Қўшиқчилардан лицензия талаб қилинмаслиги мумкин

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортиш мақсадида лицензиялаш тартиби жорий этилган.

Маълумки, аввалги Солиқ кодексида (2007 йилдаги) концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси бўлган шахслар ушбу фаолиятдан олинган даромадлари даромад солиғидан озод этилган эди.

Шу сабабли концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия учун давлат божи йилига 3 миллион сўмдан 43 миллион сўмгача қилиб белгиланган. Давлат божининг юқорилиги кўпчиликнинг лицензияни қисқа муддатга расмийлаштиришига олиб келган. Жумладан, 2019 йилда лицензияси бўлган 3 минг 352 нафар санъаткорнинг 87,5 фоизи 3 ойгача, 6,5 фоизи 6 ойгача муддатга лицензия олган.

Бироқ, Солиқ кодексининг янги таҳририда ушбу имтиёз бекор қилинган ва улар 12 фоизлик даромад солиғи тўлайдиган бўлди. Шу тариқа лицензиялашнинг мазкур мақсади ўз аҳамиятини йўқотди.

Лицензия шартномаларида санъаткорлар зиммасига лицензияловчи органнинг талабига кўра маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш белгиланган. Қолаверса, лицензия шартларида санъаткорларнинг саҳна маданиятига, миллий қадриятлар ва анъаналарга риоя қилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Қайд этиш керакки, Интернет тармоғининг оммалашиши, ундаги контентларнинг тез тарқалаётганлиги, саҳна маданияти, миллий қадриятлар ва анъаналарни бузганларнинг ножоиз xатти-ҳаракатларининг аҳоли орасида тезлик билан тарқалишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатларга нисбатан фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда муносабатлар билдирилиши – жамоатчилик назорати кучаймоқда.

Юқоридаги ҳолатлар концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш ҳозирги давр талабига мос келмай қолганини кўрсатмоқда.

Хорижда концерт-томоша фаолияти одатда лицензияланмайди. Жумладан, МДҲ давлатларидан Грузия, Қозоғистон ва Россияда ушбу фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талаб этилмайди.

Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган Президент фармони лойиҳасида бекор қилинадиган қатор лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатлар орасида концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш ҳам бор. Унда концерт-томоша фаолиятини лицензиялашнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, хабардор қилиш тартибига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, санъаткорлар қандай қилиб концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиши мумкин?

Санъаткор ўз фаолиятини бошлашдан олдин ваколатли орган (“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси)ни хабардор қилса кифоя. Хабарномани юбориш вақтида уни юбораётган шахс олдиндан белгиланган талабларга риоя этиш мажбуриятини зиммасига олади. Шуниси эътиборлики, бу жараёнда кўплаб ҳужжатларни олиб ваколатли органга бориш ва катта миқдордаги давлат божини тўлаш талаб этилмайди.

Хуллас, ушбу янги тартиб жорий этилса, давлат божи тўлашдан қочаётганлар ҳам ўз фаолияти билан қонуний шуғулланишига шароит яратилади.

Дилшод Шодиев,
Адлия вазирлиги масъул ходими