« Back

Маҳалла – кичик ватан 22.05.2020 14:21

Раиснинг бир куни...

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги “Шароф Рашидов” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Севара опа Асомова бир кунлик иши тўғрисида сўзлаб берди.

– Эрталабки нонуштадан сўнг идорага яёв йўл оларканман, маҳалламизнинг озодалигига, тинчлигига аҳамият бериб, атрофни синчиклаб кузатиб бораман. – дейди С.Асомова. – Ишни хонадонларга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашдан бошлайман. Бугун ҳам шу тартибга амал қилдим. Уч-тўрт кундан буён маҳалла идорасига “Ипотека“ банки ходимлари келиб пенсионерларнинг пулини тарқатишаётганди. Карантин даврида банкларда одам гавжум бўлиб кетмаслиги ва эҳтиёткорлик чораларини кўриш мақсадида банк ходимлари билан нафақа пулини шундай тартибда тарқатишга келишдик. Бугун ҳам ҳар бир нафақахўр ва пенсионернинг хонадонига бирма-бир қўнғироқ қилиб, уларни алоҳида-алоҳида чақириб, пуллари берилишига бош-қош бўлдим. Сўнгра, ҳар доимгидек, хат-ҳужжатлар билан шуғулландим.

Тўрт йиллик раислик тажрибамда маҳалладошларимнинг яхши-ёмон кунида бирга бўлиб, шуни англадимки, кимнингдир хурсандчилигига сабабчи бўлишдан ҳам ортиқ бахтиёрлик йўқ экан. Биргаликда бир-биримизга кўмак бериб яшаяпмиз. Аҳолимиз менга кечаю кундуз телефон қилиб ёки учрашиб, ўз муаммоларини айтиб мурожаат қилишади. Кун давомида иш кўплигидан чарчасам-да, меҳнатдан олинган ҳузур янада куч бағишлайди.

Кечга яқин ишларим бир оз камайганда ажойиб бир янгилик кўнглимни яйратди. Бизнинг маҳалламиздан ҳам 10 нафар кам таъминланган ва боқувчиси йўқ фуқарога миллиардер Алишер Усмонов томонидан 2 миллион 500 минг сўмдан пул туширилган пластик карточкалар ажратилган экан. Бошқа ишларни тўхтатиб, тезда шу карточкаларни эгаларига олиб бориб топширдик. Совғани олган маҳалладошларим жуда миннатдор бўлди.

– 79 ёшдаман, – дейди маҳалладошимиз Фотима Ҳошимова. – Шу маҳалладагилардан бўлак бирор бир яқиним йўқ. Барака топишсин, иссиқ-совуғимдан ҳамиша хабардор бўлиб туради. Бугун қўлимга 2,5 миллион сўм пули бор карточкани тутқазишганда қувончимдан кўзимга ёш келди. Қаричилик шу экан, бир кун бир жойим оғриб турса, эртага бошқа жойим оғрийди. Энди бу пулларни соғлиғимни тиклаш учун сарфламоқчиман. Биз каби қариялар ва кам таъминланганларга меҳр-мурувват кўрсатаётган халқсевар Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, ватандошлари дарду қувончига бефарқ бўлмаган меҳрибон Алишер Усмоновга ва бошқа саховатпеша инсонларимизга мингдан-минг раҳмат дейман. Мана шундай бағри кенг инсонлар қуршовида яшаётганимиз учун ҳам биз қариялар узоқ умр кўряпмиз ва яхши яшаяпмиз.

Тун ярмида ҳориб-толиб уйга қайтдим. Аммо кўнглимда бир хушнудлик, қувонч ҳукмрон эди...

ЎзА мухбири 
Гулноза БОБОЕВА ёзиб олди