« Back

Мактаблар 15.06.2020 17:38

Халқ таълими вазири Олмазор туманидаги мактаблар фаолияти билан танишди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 22-умумтаълим мактабининг таъмирлаш-қурилиш ишлари билан атрофлича танишди.

Айни кунларда Олмазор туманидаги 22, 111, 134 ва 219-умумтаълим мактабларида «Замонавий мактаб» дастури асосида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Халқ таълими вазири Ш.Шерматов 22-мактаб мисолида таъмирлаш ишлари чоғида нималарга асосий диққат ва эътибор қаратиш лозимлиги бўйича тегишли тавсиялар берди.

1060 ўринга мўлжалланган, мазкур мактабда 1108 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Ушбу таълим маскани ишини тубдан қайта ташкил этишда Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланиб, сифат-мазмун ва ташқи кўриниш уйғунлиги асосида ишларни давом эттириш борасида кўрсатмаларини берди.

Зеро, Президентимиз айтганларидек, «Олмазор тумани таълимда ўзига хос намуна, илм-маърифат ўчоғи бўлиши керак».

Дарҳақиқат, ижтимоий муаммоларни самарали ҳал қилиш учун бугунданоқ мактабларга, таълим-тарбияга сармоя сарфлаш, фарзандларимиз ўқишига катта эътибор қаратишимиз керак.

Халқ таълими вазири тумандаги таълим тизими фаолияти билан яқиндан танишар экан, таълим нуфузини ошириш, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги коммуникатив мулоқотнинг илғор тизимларидан унумли фойдаланиш, янги услубларни қўллашга жиддий эътибор қаратиш муҳимлигини қайд этди.

Ҳозирги пандемия шароитида ўқитишнинг онлайн тизимларини самарали ташкил этиш ва мунтазам мониторинг қилиб бориш, ёшларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказишда ҳам онлайн тўгараклар имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги таълим ходимлари инновацион ғоялар асосида креатив ёндашишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

ЎзА