« Back

Марказ 02.05.2020 13:52

Юридик кадрларни ўқитишда янги вазифаларни юклаган ҳужжат ижроси доирасида

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолияти такомиллаштирилади.

Ушбу марказда медиаторларни тайёрлаш, халқ таълими, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган олий ноюридик маълумотга эга бўлган шахсларни қайта тайёрлаш курслари, шунингдек масофавий шаклда юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Сўнги йилларда юридик таълим сифати ва кадрлар салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, юридик таълим ва фан қамровини ошириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур фармон Тошкент давлат юридик университетини тубдан такомиллаштириш билан бир қаторда, университет ҳузурида ташкил этилган Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолиятини янги босқичга олиб чиқди.

Президент фармони билан тасдиқланган Йўл харитасида Профессионал ўқитиш маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

Медиаторларни тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилади

Хусусан, фаолиятни такомиллаштириш механизмларидан бири сифатида Профессионал ўқитиш марказида медиаторларни тайёрлаш курслари ташкил этилади. Маълумки, Президент фармони билан Тошкент давлат юридик университетида Медиация ва низоларни муқобил усулларда ҳал этиш маркази ташкил этилиши белгиланган. Шу жиҳатдан, мазкур марказ ва бошқа ташкилотларда самарали фаолият юритадиган, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган медиаторларни тайёрлаш ўқув курсларининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Мазкур курсларда ўқув жараёнларини халқаро стандартлар бўйича ташкил этиш, таълим жараёнига нуфузли халқаро медиация марказларидан хорижий медиаторларни жалб этиш мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, мазкур соҳа бўйича АҚШ, Сингапур ва қатор ривожланган Европа мамлакатларида самарали фаолият юритаётган медиация институтлари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳам кун тартибида турган асосий масалалардан биридир.

Халқ таълими, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган олий ноюридик маълумотга эга бўлган шахcларни қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади

Шунингдек, фармон билан марказда халқ таълими, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган олий ноюридик маълумотга эга бўлган шахсларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш назарда тутилди.

Маълумки, умумтаълим ва касб-ҳунар мактаблар, коллеж ва академик лицейлар, шунингдек турли техникумларда юридик соҳа билан боғлиқ қатор фанлардан дарс машғулотлари олиб борилади. Минг афсуски, умумтаълим ва профессионал таълим тизими муассасаларини ўз мутахассислигига эга бўлган олий маълумотли кадрлар билан таъминлашда қатор муаммолар мавжуд. Содда қилиб айтганда, айрим муассасаларда ҳуқуқшунослик соҳасига тегишли фанлар бўйича дарс машғулотлари мутахассис етишмаслиги сабабли бошқа мутахассислар – тарихчилар, сиётсатшунослар ва бошқа гуманитар фан педагоглари томонидан олиб борилмоқда.

Айнан Марказда ташкил этиладиган қайта тайёрлаш курслари мазкур муаммоларни ечишга, барча таълим тизими муассасаларини ўз касбининг мутахассиси бўлган ҳуқуқшунос-педагогларни тайёрлашга қаратилгандир.

Мазкур қайта тайёрлаш курслари якуни бўйича бериладиган диплом эса кадрларга ҳуқуқшунослик фанлари бўйича дарс машғулотларини олиб бориш ҳуқуқини бериш билан бирга, мутахассис-педагог сифатида тегишли таълим муассасаларида барча ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлиш имкониятини ҳам беради. Бошқа тарафдан, асосий мақсад – ўқувчиларнинг фан мутахассиси бўлган педагоглардан малакали билим олишларига имконият беради.

Марказда масофавий ўқитиш курслари ташкил этилади

Маълумки, юридик хизматда самарали фаолият юритадиган юристларни тайёрлаш мақсадида Профессионал ўқитиш марказида Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган. Қисқа давр мобайнида 200 нафарга яқин шахсларнинг мазкур курсларда иштирок этишлари таъминланди.

Бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш ва энг муҳими юридик таълим олишни истаган талабгорларга янада қулайлик яратиш мақсадида Президент фармонида Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини масофавий шаклда ташкил этиш вазифаси ҳам белгилаб ўтилди.

Бу борада айтиш лозимки, Марказда бевосита ўқитиш шакли сақлаб қолинади. Талабгорлар ўз истаги ва имкониятидан келиб чиқиб, ўқиш шаклини танлаши мумкин бўлади. Масофавий ўқитиш шаклида тингловчилар ишдан ажралмаган ҳолда ўқишлари, ортиқча вақт, сарф-харажатнинг камайиши кўплаб талабгорларга қулайлик яратади.

Бу борада қайта тайёрлаш курслари якуни бўйича бериладиган диплом юридик кучини ошириш ва меҳнат бозорида кадрлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида қайта тайёрлаш курсларини муддатлар нуқтаи назаридан ихтисослаштириш, битирувчиларнинг ишлаши мумкин бўлган соҳалар қамровини кенгайтириш муҳим аҳамиятлидир.

Хусусан, ўқиш муддатини инобатга олиб, битирувчиларни Давлат хизматлари марказлари, нотариат, ФҲДЁ органларида чекловсиз меҳнат фаолиятини олиб боришларига имконият яратиш мақсадга мувофиқдир.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони мамлакатимизда юридик таълим ва фанни янги босқичга олиб чиқиш билан бир қаторда ҳар томонлама билими, замонавий фикрлайдиган, ўз касбининг ҳақиқий фидоийси бўлган ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашда замин бўлиб хизмат қилади.

Фируз МАҲМУДОВ, 
Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази директор ўринбосари