« Back

Марказ 02.06.2020 01:56

Судьялар олий мактабида замон талабига мос ахборот-ресурс маркази фойдаланишга топширилди

АҚШ Халқаро тараққиёт дастури (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида ахборот-ресурс маркази ташкил этилди.

Марказ 20 дан ортиқ энг замонавий компьютер, масофадан туриб керакли маълумотларни олиш ва бошқа ахборот ресурс марказлари сайтларига уланиш имкониятига эга бўлган ускуналар билан жиҳозланган. Хусусан, марказдаги ушбу замонавий ускуналар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг электрон ресурс марказига уланган бўлиб, фойдаланувчиларга миллий кутубхонанинг электрон фондидаги адабиётлардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Шунингдек, ахборот-ресурс маркази таркибида ҳуқуқий, илмий, тарихий, бадиий ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан иборат кутубхона шакллантирилди.

Бундан ташқари, БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида Судьялар олий мактаби учун sudyalaroliymaktabi.uz домени остида веб-сайт яратилди. Бугунги замон талаблари даражасида ишлаб чиқилган расмий веб-сайтда олий мактаб фаолияти билан боғлиқ барча зарур саҳифалар жойлаштирилган. Ушбу саҳифаларда Судьялар олий мактаби фаолиятига оид сўнгги янгиликлар, ўтказиладиган тадбирлар ва бошқа кўплаб ахборотлар мунтазам жойлаштирилиб борилади.

ЎзА