« Back

Марказ 17.06.2020 15:51

Тошкентда Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорликни ўрганиш маркази ташкил этилади

Инчеон шаҳридаги Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес марказида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги масъул ходимлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берган.

Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси кўмагида онлайн тарзда ташкил қилинган тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат унитар корхонаси, Жанубий Корея Ахборот жамияти миллий агентлиги вакиллари иштирок этди.

Музокараларда Тошкент шаҳрида Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорлик илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Жанубий Корея вакилларининг таъкидлашича, олдинги келишувларга мувофиқ ушбу лойиҳани амалга ошириш учун беғараз асосда 2 миллион доллар ажратиш, шунингдек, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт бўйича уч нафар юқори малакали мутахассисни мамлакатимизга юбориш режалаштирилган.

Томонлар икки мамлакат тегишли вазирликлари ўртасида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорликни ўрганиш маркази ташкил этиш тўғрисида янгиланган келишувни имзолаш масаласини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга келишиб олди. Музокараларни ишчи гуруҳ даражасида, жумладан, видеоконференциялар орқали давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Жанубий Корея томони лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари келишилгандан сўнг тадқиқот марказида амалий иш бошлаш учун мутахассисларни Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирди.

ЎзА