« Back

Масофадан туриб 17.05.2020 13:16

Масофадан ишлаш сизга маъқулми?

Ходимнинг иш жойида эмас, балки бошқа жойда, яъни масофадан туриб ишлаши қонунларимизда мавжуд бўлмагани учун ҳам бу масала бўйича ҳеч қачон фикр алмашилмаган.

Аммо амалда иш фаолияти компьютер билан бевосита боғлиқ бўлган касблар, яъни иши ёзиш-чизишдан иборат бўлган, қилинган иш натижасини электрон воситалар орқали узатиш имконига эга бўлганлар бу усулдан фойдаланиб келган.

Бунинг ижобий томонлари кўп, албатта. Биринчидан, ходим ўз яшаш жойида ортиқча сарф-харажатларсиз иш фаолиятини олиб боради. Иккинчидан, икки томоннинг ҳам вақти тежалади, уни тўғри тақсимлаш имконияти пайдо бўлади, қолаверса ходим ўз устида ишлаши, китоб мутоала қилиши, севимли спорт машғулоти билан шуғулланиши мумкин.

Учинчидан, ходим ўз оиласи бағрида кўпроқ вақт ўтказади, бу эса, ҳеч шубҳасиз, эр-хотин, ота-она ва фарзандларнинг ўзаро муносабатлари яхшиланишига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, ходим ўз уйида иш фаолиятини олиб борар экан, бу у ишлайдиган идорадаги сарф-харажатларнинг иқтисод қилинишига ҳам олиб келади. Электр энергияси, ходим ўтирадиган хона учун ижара тўлови ва бошқа коммунация харажатлари ўз-ўзидан қисқаради.

Шунинг учун бўлса керакки, дунёга машҳур Tvitter компанияси шу кунларда ўз ходимларининг бир умр уйда ишлашига рухсат берди. Бунинг сабаби оддий: пандемия туфайли ходимлар ўз уйларида ишлай бошлаган, иш эса янада самаралироқ бўлган. Қолаверса, ходимларнинг офисларга келмагани ҳам моддий ресурслар иқтисод қилинишига замин яратгани шубҳасиз.

Ўзбекистон шароитида масофавий иш усулининг яхши томонлари билан бир қаторда айрим ноқулай жиҳатлари йўқ эмас. Бу алоқа сифатининг ҳамма жойда ҳам талабга жавоб бермаслиги, интернет тарифларининг қимматлиги билан боғлиқ.

Қолаверса, фақат уйда ишлаш ходимларда жамоа ичида ўзини тутиш ва мулоқот этикаси кескин камайиб кетишига олиб келиши мумкин. Масофавий ишлаш, айниқса, ёш кадрлар учун қийинчилик туғдириши турган гап. Ташкилотда улар тажрибали ходимлардан бевосита ўрганиши мумкин бўлган жиҳатларни ўргана олмайди. Бу эса уларнинг етук ходим бўлиб шаклланиши, тажриба орттиришини маълум маънода чеклайди.

Демак, масофавий ишлашнинг яхши томонлари кўп, ёмон жиҳати ҳам бор. Лекин ҳозиргидек кутилмаган пандемия шароити бўлиб қолганда бундай ишлаш услуби заруратга айланишини амалда кўрдик.

Коронавирус билан боғлиқ пандемия ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмининг кескин қисқаришига олиб келди. Шу билан бир қаторда давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча ташкилотлар ўз ходимларини масофавий иш усулига, мослашувчан иш жадвалига ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартибларини жорий этишга мажбур бўлди.

Карантин шароитида ходимлар ва иш берувчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш берувчиларнинг бундай шароитда ишни олиб боришининг ҳуқуқий-ташкилий жиҳатлари эса Меҳнат кодексида тартибга солинмаган эди.

Меҳнат қонунчилигидаги бу бўшлиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги низом билан тўлдирилди. Мазкур низом Адлия вазирлигидан 2020 йил 28 мартда рўйхатдан ўтказилди.

Шуни алоҳида қайд этишимиз жоизки, Европа иттифоқи давлатларида ҳамда АҚШ, Япония каби ривожланган давлатлар меҳнат қонунчилиги аллақачон масофавий иш усули механизмини мустаҳкамлаб қўйган. Бунда меҳнатга оид низолар ёки меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлар Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенциялари ва меҳнат қонунчилиги билан тартибга солинади. Масофадан ишлаш усули Россияда 2013 йилдан бери мавжуд.

Кўриниб турибдики, масофавий ишлаш тартиби ва усули янгилик эмас. Лекин бизда бу жараённинг қонуний асослари яратилиши зарур. Айни пайтда муҳокамада турган янги Меҳнат кодексини такомиллаштиришда бу каби камчиликларни бартараф этиш керак. Айниқса, пандемия шароитида ходим ва иш берувчининг ҳуқуқий статусини белгилашни чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.

Демак, қонун ижодкорлари олдида масофадан туриб ишлаш механизмининг ҳуқуқий томонларини ишлаб чиқишдек масъулият турибди. Бу жараёнда хорижий тажрибани қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқилса, қонунчилик янада мукаммал бўлар эди.

Л.РАҲИМҚУЛОВА, М.РАҲИМОВ, 
ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчилари