« Back

Масофавий курслар 11.04.2020 13:15

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун масофавий курслар йўлга қўйилди

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари” ва “Инглиз тилини ўрганиш” масофавий курслари йўлга қўйилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари”, “Инглиз тили (beginner)”, “Инглиз тили (intermediate)” йўналишлари бўйича масофавий курсларда ўқиш имконияти яратилди.

Мазкур масофавий курсларнинг мақсади профессор-ўқитувчиларнинг Масофавий таълимни ташкил этиш, бошқариш маҳоратларини шакллантириш ва ривожлантириш, шунингдек уларнинг инглиз тилини ўзлаштиришлари учун қулай имкониятлар яратишдан иборат.

Масофавий курсларда ўқиш учун профессор-ўқитувчилар ўзларининг электрон портфолио тизимидаги логин ва пароллари орқали http://mk.bimm.uz/ порталига кириб, авторизациядан ўтадилар.

Масофавий курслар порталининг бош саҳифасида курслар рўйхати берилган бўлиб, тегишли мурожаат орқали профессор-ўқитувчилар ўзларига керакли курсларга ўтишлари мумкин.

Ҳар бир курснинг таркибида маърузалар матни, видео материаллар, мавзулар юзасидан топшириқлар, тестлар, фойдали манбалар ҳамда адабиётлар манзиллари келтирилган.

Профессор-ўқитувчилар ушбу курсларда ўқишлари асосида масофавий таълимни ташкил этиш бўйича педагогик дастурий воситалар ва ахборот-коммуникация технологиялари, электрон ўқув контентларини яратиш кўникмаларига эга бўладилар. Шунингдек, инглиз тили бўйича бошланғич ёки давом эттирувчилар учун алоҳида курсларда ўзларининг тил кўникмаларини ривожлантирадилар.

Мазкур курсларда ўқиш натижалари профессор-ўқитувчиларнинг узлуксиз малака ошириш тизимининг таркибий қисми сифатида навбатдаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари якунида инобатга олиниши режалаштирилган.

ЎзА