« Back

Масофавий таълим 23.04.2020 18:12

МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ: ОТА-ОНАЛАР ВА ЎҚИТУВЧИНИ КЎМАКЧИСИ, ЯҚИН ҲАМКОРИГА АЙЛАНМОҚДА

Ҳозирги кунга келиб COVID-19 пандемияси глобал муаммога айланган бир вақтда Ўзбекистонда ўқувчини таълим олиши тўхтаб қолмади. Ўқув жараёнини методик таъминлашни ривожлантириш юзасидан бир қатор режалар тузилди.

Бугунги карантин шароитида мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим йўлга қўйилди. Ўқув машғулотлари телевидение орқали видеодарслар шаклида намойиш этилмоқда.

Онлайн дарслар айни вақтда ўз самарасини бермоқда. Ҳар куни видеодарслар телевидение орқали уч тилда эфирга узатилаётгани, кўп фарзандли оилалар учун эса такроран намойиш қилинаётгани эътиборга молик. Масофавий таълим ҳам ҳар бир ўқитувчи ўзига хос ёндашув, меҳнат талаб қилмоқда. Ўз ўрнида таълим соҳаси вакилларига ҳам муносиб масъулият юклади. Хусусан, ўқув жараёнларини онлайн тарзда давом эттириб, ўқувчиларнинг билим олишини узвий ташкил этиш бўйича вазифалар берилди.

Онлайн таълимнинг асосий афзаллиги шундаки, таълим тизими рақамли кўринишда бўлса, ўрганувчиларнинг кўрсаткичларини кузатиш ва таҳлил қилиш осонлашади. Бу жараёнда ўқитувчи ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириш кўрсаткичини қисқа муддатда ўрганиб чиқиши шарт. Хулосалар асосида тезлик билан янги услубларни қўллай олиши муҳим.

Масофадан ўқитиш тизими замон билан ҳамқадам инсон – ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она учун жуда қулай усулдир.

Жараёнларни кузатиб шуни англаш мумкинки, масофавий дарслар ўқитувчилар билан бир қаторда ўқувчиларнинг ота-оналарини жалб этгани айни муддао бўлди. Боланинг илм олишини ота-она кузатиб турар экан, албатта ўзлаштиришида янада ижобий натижа бўлади. Бу эса асосий мақсадимиз фарзандларимизни янада билимли бўлишини таъминлайди.

Бундан ташқари, бола ишончли назорат билан дарсларни бажаришга ундаб турилади. Кези келганда, ота-оналар ўқитувчиларнинг ҳар бир ўқувчига билим улашиши осонликча амалга ошмаслигини, уларнинг масъулиятини англаган ҳолда миннатдорлигини ҳам билдирмоқда. Дарҳақиқат, масофавий дарслар тажрибаси худди ўқувчига алоҳида ёндашув билан эътибор қилинаётгандек самара бериши турган гап.

Яна бир муҳим томони, ота-оналар ва ўқувчилар компьютер технологияларига янада яқинлаштирилади ва унинг имкониятларидан турли ўйинларни ўйнаш учунгина эмас, илм олишда фойдаланиш мумкинлиги сингдирилади.

Энг муҳими юртимиздаги барча ўқувчилар онлайн дарсларни тингламоқдалар ва, албатта, бу жараён ўз самарасини бермоқда. Кун ўтган сари видеодарсларнинг ҳам сифати яхшиланиб, ривожланиб бормоқда.

Масофавий таълим жараёнида ҳар бир ўқитувчи оддий дарсга қараганда уч, тўрт баробар кўпроқ меҳнат қилмоқда. 

Ўз ўрнида уйда фарзандлари билан дарс қилаётган ота-оналарни ҳам бу жараён фарзандлари билан ишлашга ундади. Улар кун давомида фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланар эканлар, шу кунгача ўқитувчилар қилаётган меҳнатининг нақадар оғирлигини ҳис қилиб, миннатдорчилик билдирмоқдалар. 

Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритаётган барча ходимларнинг асосий мақсади – ўқувчиларни комил, баркамол инсон қилиб тарбиялашдан иборат эканлигини яна бир бора таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Юртимизнинг эртанги куни янада фаровон бўлишини таъминлашга ҳисса қўшадиган ўғил-қизларимизнинг сафи янада кенгаяверсин. 

Мукаррам КАДИРОВА, 
Олмазор тумани 165-мактабнинг 1-тоифали кимё фани ўқитувчиси