« Back

Масофавий таълим 13.08.2020 14:40

Таълим самарадорлигини ошириш йўлида

Бугунги кунда таълим ҳақида гап кетар экан, пандемия шароитида анъанавий таълимга қарама-қарши тушунча сифатида “онлайн таълим”, “масофавий таълим” каби бирикмалар истеъмолга фаол киришга улгурди. Таълимнинг бу шаклдаги кўриниши, яъни инсонларни бир жойга тўпламасдан ташкил этиладиган ўқитиш жараёни давр талаби эканлиги шубҳасиз. Шу ўринда “масофавий таълим” ва “онлайн таълим” тушунчаларининг фарқига эътибор қаратсак. Гарчи иккала таълим стратегияси ҳам ўрганувчининг компьютер ёки бошқа қурилмалар орқали таълим олишини англатса ҳам, онлайн ўрганиш воситалари керак эканлиги – уларнинг ягона бирхиллик жиҳатидир.

Масофавий ва онлайн таълим – бу ўқувчи/таълим олувчининг дарс хонасида бўлмаган ҳолатдаги таълим шакллари. Ушбу таълим шакллари асосан 3 хил мезонга кўра фарқланади:

1. Макон

2. Муносабат шакли

3. Ўқитиш мақсади

Макон – асосий таққосланаётган таълим шакллари учун асосий фарқли хусусият. Онлайн таълимда рақамли дарс машғулотларида ишлаш жараёнида талабалар ўқитувчи ҳамроҳлигида онлайн ҳолатда бир жойга тўплана оладилар. Масофавий таълимда эса ўрганувчи ўқитувчи томонидан берилган топшириқ ва вазифаларни уйда турган ҳолда бажаради. Бажарилган ишлар ҳам ўқитувчи томонидан рақамли ҳолатда текшириб баҳоланади. 

Муносабат шакли ҳам ўқитиш жараёни маконга кўра турлича эканлиги боис фарқ қилади. Онлайн таълим-таълим берувчи ва олувчи билан шахсан – юзма-юз мулоқот орқали муносабатга киршадилар. Онлайн таълим шу жиҳати билан аралаш таълим техникаси турларидан бири ҳисобланади. Яъни уни анъаавий таълим жараёни мобайнида ҳам қўллаш мумкин.

Масофавий таълим эса юзма-юз мулоқот орқали амалга ошмайди. Батафсилроқ айтганда юзма-юз ҳолатда ўқитиш олиб борилмайди, баъзи ҳоллардагина таълим жараёни объекти ва субъекти ўртасида видеоқўнғироқ ёки алоқа алмашинув дастурларида мулоқот амалга ошиши мумкин холос.

Онлайн ва масофавий таълим ўртасидаги сўнгги фарқ ўқитиш стратегиясининг мақсадида. Онлайн ўқитиш бошқа индивидуал шаклдаги ўқитиш усуллари билан биргаликда фойдаланишга мўлжалланган. Масофавий таълим ўрганиш жараёни учун кўрсатма/йўриқномани тақдим қилади холос, яъни у ўқитиш услуби эмас.

Демак, республикамизда мавжуд олий таълим муассасалари томонидан пандемия даврида йўлга қўйилган таълим жараёни иккала шаклдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган. Кўп сонли олийгоҳларда Moodle платформаси орқали ташкил этилган ўқитиш шакли масофавий таълимнинг кўринишидир. Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида жорий этилган таълим эса онлайн таълим шаклининг ёрқин мисоли. Чунки машғулотлар (маъруза, амалий, семинар) кунлик дарс жадвали асосида ZOOM платформаси оқали олиб борилди. Бир вақтнинг ўзида фанлар бўйича ташкил этилган телеграм гуруҳларида материаллар таълим олувчилар томонидан ўқитувчи билан бевосита мулоқот орқали мустаҳкамлаб борилди.

Эъзоза Сабирова,
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси