« Back

Матбуот анжумани 20.06.2020 13:40

Ичимлик суви таъминоти яхшиланади

Миллий матбуот марказида 2020 йилда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича режалаштирилган лойиҳалар ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Инвестиция дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бош бошқармаси бошлиғи Азиз Эркабаев, вазирлик тизимидаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари томонидан тизимда амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш, ушбу йўналишда йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш давлатимиз томонидан олиб борилаётгани ижтимоий ислоҳотларнинг асосий йўналишига айланган. 2020 йилда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация килиш учун марказлашган манбалар ҳисобидан жами 1 миллиард 544,6 миллион сўм ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 299 та ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Бунда 1 минг 894,6 километр ичимлик ва 263,3 километр оқова сув тармоғини қуриш, 140 дона сув иншооти, 126 дона сув қудуғи, 194 дона резервуар, 36 дона сув минораси ва 141 дона трансформатор, 19 дона оқова сув тозалаш иншооти, 8 дона оқова сув насос станцияси қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш белгиланган. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 1 минг 279 нафардан ортиқ аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва 250 минг нафардан ортиқ аҳолининг оқова сув хизмати яхшиланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, барча манбалар ҳисобидан ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилаётган қурилиш монтаж ишларида республикамизда 46 минг нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.

– Ҳозир карантинга оид чораларга амал қилган ҳолда барча объектларда тасдиқланган режа-жадваллар асосида қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда, – дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов. – Қурилиш-монтаж ишлари тендер савдолари орқали аниқланган пудратчи ташкилотлар томонидан амалга оширилмоқда. Хусусан, 1 июнь ҳолатига йиллик режага нисбатан 35 фоиз миқдорда қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Тадбирда 2020 йил якуни билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 139 миллион доллар ажратилган эди. Унинг доирасида кунлик қуввати 50 минг метр куб бўлган сув олиш иншооти, узунлиги 1 минг 800 километрга яқин ичимлик сув қувурлари қурилади. Натижада мазкур туманларнинг 230 минг аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади. Таъкидлаш жоизки, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги буюртмачилигида амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар доирасида ажратилган маблағларни ўз вақтида ва самарали ўзлаштириш, қурилиш ишлари сифатини таъминлаш масалалари доимий назоратга олинган.

Қурилиш ва реконструкция ишлари якунлангандан сўнг ҳар бир объект бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи ҳамда давлат қабул ҳайъати томонидан объектлар қабул қилинади. Тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб фойдаланиш учун ҳудудий “Сув таъминоти” МЧЖларга топширилади. Ушбу муҳим ҳаётий вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалишига хизмат қилади.

Матбуот анжуманида соҳани рақамлаштириш истиқболлари, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА