« Back

Мажлис 18.06.2020 11:42

Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият қандай?

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга камайган;

Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 259 нафар ҳамда иш ҳақини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган;

Чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар эса юқорилигича қолмоқда...

Тошкентда бўлиб ўтган одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган мажлисида шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева бошқарган мажлисда комиссия амалга оширган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Миллий маърузачи томонидан тайёрланган одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида 2019 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда қайд этилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича йўл харитаси лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилик такомиллаштирилди. Хусусан, 2019 йилда 15 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг 6 конвенцияси ҳамда протоколлари ратификация қилинди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу билан бирга, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Яна бир жиҳат, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида профилактик ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилгани натижасида 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга камайган. Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 259 нафар ҳамда иш ҳақини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарима қўлланилган.

Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш, уларни реабилитация қилиш ҳамда хорижда фуқароларимиз манфаатини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, 2019 йилда 220 нафар одам савдоси жабрдийдаларига Республика реабилитация марказида тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 113 нафари ишга жойлаштирилди. 3 минг 938 нафар фуқаро чет элда иш билан таъминланиб, иш ҳақини вақтида ололмаган меҳнат мигрантларининг 530 минг АҚШ долларига яқин иш ҳақлари ундириб берилди.

Бундан ташқари, ХМТ билан ҳамкорликда 2019 йилда пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан учинчи томон мониторинги, Касаба уюшмалари федерацияси томонидан миллий мониторинг ўтказилди. Натижажа Ўзбекистонда пахтачиликда тизимли равишда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам берилди.

Мажлисда бу борада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган айрим муаммолар ҳам мавжудлигига урғу берилди. Хусусан, бугунги кунда айрим ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан ходимларни ўз функционал вазифаларига кирмайдиган меҳнат турларига мажбурий жалб қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Тадбирда қуйи бўғинда ишлар самарадорлиги сустлиги, ўйланмаган ҳаракат оқибатида одамларга зарар етаётгани, бу эса давлат имижига салбий таъсир кўрсатаётгани танқид қилинди.

2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётгани ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, 2018 йилда содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

Шу билан бирга, одам савдоси билан боғлиқ мурожаатларни ҳал этишнинг қонунийлиги ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида сўз юритилди. 2019 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 710 мурожаатдан бор йўғи 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган.

Бундан ташқари, мажлисда йўл харитаси доираси бўйича сўз юритилди. Унда “Миграция тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги кодекси лойиҳасини халқаро экспертлар, фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилган ҳолда янада такомиллаштириш, Халқаро меҳнат ташкилотининг 17, 183, 187-сон конвенцияларини ратификация қилиш кўзда тутилган.

Комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда кичик комиссиялар ва ҳудудий комиссияларнинг ҳисоботлари ҳам эшитилди.

Муҳокамалардан сўнг йўл харитаси тасдиқланди.

Норгул Абдураимова,
ЎзА