« Back

Муаззам боғ 11.05.2020 12:42

Ғалаба боғи – аждодларимиз жасорати мангулиги тимсоли

– Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалаба осонликча қўлга киритилмади. Бу уруш Ўзбекистон учун ҳам оғир талафотли бўлди, минглаб юртдошларимиз вафот этди, бедарак йўқолди, ногирон бўлиб қолди.

Ота-боболаримиз урушда бемисл жасорат кўрсатиб, бошқаларга ўрнак бўлди. Хусусан, 301 ватандошимиз жасурлиги, фидойилиги учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси асосида ҳақиқий тарихни тиклаш, Иккинчи жаҳон урушида аждодларимиз кўрсатган қаҳрамонликларни улуғлаш, ўтганларнинг номини абадийлаштириш учун Тошкент шаҳрида Ғалаба боғи ташкил қилинди. Боғда уруш давридаги манзара – блендажлар, пулемётлар, фашистларнинг танклари, мотоциклдаги ҳолатлари, уруш вайронгарчиликлари, халқимизнинг қаҳрамонлиги тўлиқ ифода этилган.

Олимларимиз, ҳарбийларимиз, зиёлиларимизнинг изланишлари, архивлар, музейлардаги ҳужжатлар натижасида тарихга номаълум бўлган ҳолатлар аниқланмоқда. Биргина Собир Раҳимовни оладиган бўлсак, ўзбек дивизиясига қўмондонлик қилиб жуда катта қаҳрамонликларга эришган. Унинг номи тикланди. Ушбу Ғалаба боғининг энг баланд нуқтасига генерал Собир Раҳимовнинг ўз сафдошлари билан турган ҳайкали ўрнатилди. Ғалаба боғи уларнинг номи мангулигини билдириб туради.

Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, бу боғ Ғалабага ҳисса қўшган халқимизнинг мислсиз жасоратини тараннум этишга, ёш авлодимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек олижаноб мақсадга хизмат қилади.

Қутбиддин БУРҲОНОВ, 
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси