« Back

Муборак ой 24.04.2020 12:02

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг табриги

Бисмиллаҳир роҳманийр роҳийм!

Азиз мўмин мусулмонлар, муҳтарам юртдошлар! Барчангизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг Уламолар кенгаши ва ўз номимдан муқаддас Рамазон ойи билан муборакбод этамиз.

Хабарингиз бор яқинда муҳтарам Президентимизнинг Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Мана шундай синовли дамларда бу қарорнинг чиқиши мўмин мусулмонларимизга куч-қувват бағишлади. Улар ниҳоятда мамнун бўлди.

Давлатимиз раҳбари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини бошлаш ташаббус билан чиқиши ҳам мўмин мусулмонларимизни, барча аҳолимизни яна бир бор мамнун қилди, таскин бағишлади.

Муҳтарам Президентимизнинг ҳар бир имкони бор киши, аввало, қўни-қўшнисидан ёки эҳтиёжманд кишилардан ёйинки қавму қариндошларидан хабар олиши керак, уларга кўмак бериши зарур. Бу ишларнинг Рамазон ойида ниҳоятда савоби кўп бўлади, деган мазмунда айтган гаплари юртдошларимизнинг қалбини қувончга тўлдирди.

Ҳозирги вақтда биз, ҳаммамиз қўлни қўлга бериб, бир-биримизга яқин бўлиб ҳаракат қилсак Аллоҳ барака беради, дея таъкидлади. Бу жуда улуғ ташаббус. Бу ташаббус ва фикрларга барчамиз қўшиламиз, иншоаллоҳ. Зеро, одамларга кўмаклашиш динимизда ҳам юксак баҳоланган. Рамазон ойида қилинган ишлар эса жуда улуғ савобларга эга бўлади.

Рамазон ойининг фазилатлари жуда улуғ. Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган. Қуръони карим лавҳул маҳфуздан дунё осмонига Рамазон ойида жумулжам бўлиб нозил қилинган. Сўнгра 23 йил давомида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга ваҳий олиб тушадиган фаришта орқали юборилган.

Яна бу ойни “Сабр ойи” дейдилар. Қуръони каримда марҳамат қилинадики, сабр қилувчиларга мукофотни Аллоҳ ҳисоб-китобсиз, тўлиқ беради. Бу йил муборак ойда бизни икки сабр кутиб турибди. Биринчиси, Рамазон ойининг машаққатлари, хусусан ҳаво иссиқ келиши ва кун давомида оч юришлик, сув ичмаслик машаққати. Бу сабрдан катта ажр олинади. Иккинчиси, коронавирус хасталиги тарқалиб турган ҳозирги шароитда уйда қолиш, фарзандларимизнинг олдида бўлиш ҳам алоҳида сабр талаб қилади. Бу иккинчи сабрга Аллоҳ бизга катта мукофот беради, иншоаллоҳ.

Бу ойнинг шарофатларидан, фазилатларидан яна биттаси – Рамазон ойи кириши билан жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари бекилади. Шайтонлар занжирланади. Бу ҳақда ҳазрат Пайғамбаримиз ўзларининг бир ҳадиси муборакларида ҳам айтиб ўтган. Рамазон ойи келганда шайтон одамларни бошқа ойлардаги каби кўп йўлдан оздиролмайди. Чунки у бу ойдан қўрқади, хавф қилади, узоқларга қочади.

Яна бу ойда “Лайлатул қадр кечаси” деган бир кеча бор. Бу кеча минг ойдан афзалдир. Кимки кўп яхшиликлар, саховатлар қилиб, хайрли ишларни бажариб бу кечани бедор ўтказса минг ойлик қилган ибодатдан зиёдроқ савобга эга бўлади. Минг ойни уламоларимиз 83 йилдан зиёдроқ муддат, деб белгилаган экан. Лайлатул қадр кечасида Аллоҳ таолонинг изни билан ер юзига осмондан Жаброил алайҳиссалом бошлиқ жуда ҳам кўп фаришталар тушади. Рамазон ойида мана шундай фазилатли кечалар бор.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Шаъбон ойининг охирги кунида ўз хутбасида марҳамат қилган эканлар: эй, одамлар, сизларнинг тепангизда бир муборак ой, жуда ҳам улуғ бир ой соя солиб турибди. Бу ой шундай бир муборак ойки, бу ойда бир кеча борки, у кечани Қадр кечаси дейди. Минг ойдан афзал кеча бўлади. Ана шу ой ҳаммамизнинг тепамизда соя солиб турибди, деган экан.

Мана шу соя солиб турган ой иншоаллоҳ кириб келди. Мўмин мусулмонларимиз хонадонларида, бола-чақалари билан биргаликда Рамазон ойининг рўзасини тутиб, ифторликларни оилаларида қилиб, оилада хатми Қуръонлар, Таровеҳ намозларини ўқиб, мана шундай улуғ савобларга оиласида туриб эга бўлади, иншоаллоҳ.

Бу ой шаҳрул мувосот ҳамдир. Мувосот дегани одамларга моддий-маънавий кўмак бериш дегани. Мана шу ойда кимки закотларини, садоқатларини, одамларга берадиган моддий кўмакларини берадиган бўлса, бу ойнинг шарофатидан у одамга жуда ҳам катта савоблар ёзилади. Жуда катта ажрлар берилади. Ҳазрат Пайғамбаримиз мана шу қилинадиган эҳсонлар тўғрисида, яхшиликлар тўғрисида яна бир ҳадисларида марҳамат қилган эканлар. Яъни, Аллоҳ табарока ва таоло битта қилинган садақанинг сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради, деган эканлар. Демак, бу Рамазон ойида хайру саховотли бўлсак, Яратганнинг ўзи мана шу коронавирус касаллигини ҳам иншоаллоҳ қайтариб юборади. Аллоҳнинг раҳмати тушиб турган бу ойда бу касалликлар чекинади, иншоалоҳ.

Рамазон ойининг энг шарофатли ишларидан яна биттаси бу ойда қилинган дуоларнинг қабул бўлиши. Ҳазрат Пайғамбаримиз бир ҳадиси муборакларида ҳар бир мўмин, мусулмон агар Рамазон ойида Аллоҳга дуо қилиб, илтижоларини айтса, ялиниб-ёлворса Парвардигор Рамазон ойининг шарофатидан бу дуоларни ижобат қилади, деган эканлар.

Биз ҳам дуо қилайлик: Парвардигори олам, халқимиз, элимизга ўзинг осойишталик бергин. Мана шу Рамазони шариф ойи шарофати билан коронавирус хасталигини мамлакатимиз, дунё халқи бошидан ўзинг кўтаргин. Раҳмат ойида Аллоҳ табарока ва таолонинг раҳматини диёримизга тўлдириб туширишлигини ўзинг насиб қилгин. Мағфират дарёнгни мавж урдиргин. Бандаларингнинг қилаётган ишларини катта-катта мукофотлар билан тақдирлагин. Парвардигора, юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида бўлаётган ишлар, катта-катта ютуқлар, муваффақиятларни ўзинг бунданда зиёда қилгин. Деҳқонларимиз, чорвадорларимизга қут-барака, тадбиркорларимиз ишларига ривож ато айлагин. Уларни яхши ниятларига, яхши мақсадларига, одамларга кўмак берамиз, одамларга ёрдам берамиз, ҳосилларимизни кўпроқ халқу элга тортиқ қиламиз, деган ниятларига ўзинг етказгин. Гўзал юртимиз, жаннатмонанд диёримизни ўзингнинг ҳибси ҳимоянгда офатлардан, бало-қазолардан асрагин. Юртимизга ўзингнинг файзу барокатларингни тўлдириб, нозир айлагин. Халқимизга тинчлик-осойишталикни ўзинг муқаррар қилгин. Ҳар бирларининг хонадонларига файз-барокатларингни тўлдириб нозил қилгин. Бираҳматика ё арҳамар роҳимин!

Усмонхон АЛИМОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий