« Back

Муборак ой 29.04.2020 14:59

Рўза тутиш иммун тизимини ўн марта кучайтиради, қандай?

Ислом динида бундан ўн беш аср илгари рўзанинг фарз қилиниши чинакам илмий мўъжиза бўлганига ҳозирги кунда рўза инсоннинг руҳан ва жисмонан саломатлигига фақатгина фойда экани борасидаги илмий кашфиётлар далолат қилмоқда.

Пойтахтимиздаги “Новза” жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ бу борада бир қатор диний ва тиббий маълумотларни келтирди.

— Келинг, тиб олимлари рўза борасида эришган баъзи илмий натижалар билан қисман танишиб чиқайлик,–дейди Ж.Ҳамроқулов. – Тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимояланишда ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди. Баъзи мисоллар келтирамиз:

1. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилиятни (иммунитетни) кучайтиради, чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.

2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монеълик пайдо бўлади, чунки Одатда семизлик овқат ҳазм қилишдаги нуқсонлар, атроф-муҳитдаги нафсоний ва ижтимоий таъсирлар орқали келиб чиқади. Гоҳида руҳий изтироб ҳам овқатни нотўғри таъсир қилишига олиб бориши мумкин. Бундай омиллардан рўза тутиш орқали сақланиш мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий барқарорликка эга бўлади, чунки рўзадор одам вақтини иймоний муҳитда, кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловати билан ўтказади, аччиқланиш, асабийлашишлардан, уруш жанжаллардан йироқ бўлади.

3. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди, чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини тўхтатади. Шунингдек, рўзадорнинг пешобида пешоб йўлларидаги тузларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймайдиган моддалар кўпайиши ҳам илмий равишда исботланган.

4. Рўза инсон жисмини тўқималарда тўпланиб қоладиган турли заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради. Маълумки, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб заҳарли моддалар кириб, тўпланиб қолади. Ана ўша моддалар фақат рўза тутиш орқали чиқиб кетади.

5. Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу эса, айниқса, ёшлар учун жуда фойдали бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди. Бу ҳолат ҳам илмий тажрибалар орқали исбот қилинган. Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда:

1. Семизлик оқибатида келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши, қон босимининг ортиши ва баъзи юрак касалликларини даволашда.

2. Қон айланишига хос касалликларни даволашда.

3. Бўғинларнинг сурункали шишини даволашда ва ҳоказолар.

Одамлар маълум пайтлар ва мавсумларда емак-ичмакдан парҳез қилишади. Бу нарса эса турли касалликларнинг, ҳатто тузалмас дардларнинг олдини олади ёки шифо бўлади. Инсон туғилганидан то вафотига қадар узлуксиз ишлаган ҳазм аъзолари йилнинг маълум бир ойида ярим кундан 12 соатдан ортиқ ишламай туриши тиббий жиҳатдан фойда экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳар ўн икки ойнинг бирида овқат ҳазм қилиш тизимининг ишлашдан тўхтаб туриши организмга кони фойда бўлиб, уни турли хасталиклардан сақлайди. Буни тиббиёт инкор қилмайди.

Инсон вужуди ушбу бир ой давомида мутлақо янги таъминот тартибига мослашади. Натижада унинг хасталикларга қарши кураш қобилияти ортади, озиқ-овқатдан тўла фойдаланиш учун зарур вақт билан таъминланади. Одам кун бўйи енгил юради, кечаси эса тўлиқ дам олиш ва куч йиғиш имкониятига эга бўлади. Бу аснода кўрсатилган сабр-тоқат шахснинг камолотида катта аҳамият касб этади.

 Бу ерда келтирилган ва келтирилмаган барча илмий ҳақиқатлар муқаддас китобимиз Қуръони Каримнинг оятларига тафсирдир: «Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара сураси, 184-оят). Ана шундай фойдали нарсани биз мусулмонларга савоб ва маънавий ибодат қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Сўзни мухтасар қилсак, рўзанинг саломатликка фойдаси тўғрисида янгидан-янги кашфиётлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, янгидан-янги китоблар чиқмоқда. Хоҳлаган киши ўша китобларни олиб, диққат билан ўқиб чиқса, Ислом инсониятнинг бахт-саодати эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилар, Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни ҳеч қолдирмай адо этиб бориш зарурлигини тушуниб етар эди ("Мўминнинг қалқони – муфассал рўза" китоби).

Сайёра ШОЕВА, 
Нишон АБДУВОИТОВ, 
ЎзА