« Back

Мулоҳаза 06.06.2020 12:59

Иқтисодий саводхонликнинг дастлабки пойдевори қаердан бошланади?

Сарф-харажат қилишда уч нарсага эътибор бериш керак: биринчидан ортиқча камхаржлик. Бундай одамлар энг зарурий нарсаларни сотиб олиши, бинобарин турмушнинг бирламчи моддий ва номоддий товарларига харж қилиши лозим. Бунда инсон бирламчи ва иккиламчи эҳтиёжларни ажрата билиши даркор. Иккинчидан, ортиқча сарфлаш. Бунда моддий бойликлар керагидан ортиқ бўлиб, бўлар-бўлмасга пул совурилади, ноўрин сарф-харажат қилиш оқибатида маблағ исроф бўлади. Учинчидан, мўътадил сарф-харажатлар, яъни зиқналик ҳам, исрофгарчилик ҳам қилмаслик. Айнан бирламчи эҳтиёжларни илк мактаб ёшиданоқ ажрата билиши иқтисодий саводхонликнинг дастлабки пойдеворидир. Агар инсоннинг даромади жуда кам бўлса, унинг харажатлари энг биринчи навбатда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Агар уни мактаб дарсликларига киритмасак хато бўлади. Аслида «Истеъмол саватчаси» – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. «Истеъмол саватчаси» энг кам иш ҳақи ва пенсиялар, базавий ижтимоий тўловлар, ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар каби моддий эҳтиёж миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлиши керак.

Анъанага кўра, «Истеъмол саватчаси» 3 қисм – озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлардан иборат. Ноозиқ-овқат товарларига кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳоказолар киради. Хизматлар рўйхатидан эса коммунал, транспорт хизматлари, маданий-маърифий жабҳалар ўрин олади.

Одатда «Истеъмол саватчаси» аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенционерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро нормал ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва миқдорини ҳисоблаш ёки барча коммунал харажатларни қоплаши учун ойига қанча сумма зарурлиги аниқланади.

Олимлар томонидан ўртача талаб ўрганиб чиқилиб, меъёрий оддий истеъмол саватчага 18 хил зарурий калория берувчи озиқ-овқат маҳсулотлари киритилган. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланган ушбу меъёр расман тарқатилган. Бу меъёр бир киши учун мўлжалланган бўлиб, у минимум эҳтиёжларни қамраб олган. Бундан мураккаброқ истеъмол саватчалари ҳам бор, унда кўпроқ бошқа зарурий ҳаётий кўрсаткичлар мужассам. Агар қуйида тавсия қилинаётган жадвални ўқувчи ота-онаси билан тўлдирса ва нарх-наволарни амалдаги жорий нархлар асосида ҳисоблаб чиқилса, ўзи учун ота-онаси бир кунда ва бир ойда қанча маҳсулот сарфлаётганлиги аён бўлади. Бу ерда жорий ойда айни маҳсулотнинг бозор нархлари асосида ойлик ва йиллик меъёрлари ҳисобланади. Масалан, бозорларда март ойида гуручнинг ўртача нархи 8000 сўм эди. Ойлик меъёр бир кишига 1,5 килограмм бўлса 8000х1,5=12000 сўм. Агар мазкур оилада 5 нафар киши истиқомат қилса, мос равишда 12000х5=60000 сўм бир ойда фақат гуруч учун жамғариш лозим. Йиллик эса 60000х12=720000 сўм сарф бўлади. Нарсаларни қадрлаш, тежаш, увол қилмаслик, оилавий бойликка шерик бўлиш ва пировардида бутун оиланинг ялпи даромадини янада кўпайтиришни илк куртаклари шаклланади. Шу пайтгача оилаларда ўзини рўзғори учун, яъни шахсий эҳтиёжи учун нарсалар яратилган бўлса, эндиликда давлатимиз томонидан берилаётган улкан имкониятлар, кредитлар оилада сотиш учун, бозор учун нарсалар яратилмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг «Одамлар бой бўлса давлат бой бўлади», деган машҳур ибораларини амалда қўллаш учун шунчаки бой бўлишни орзу ҳавас қилиш эмас, балки оилалар ўз имкониятларини ҳисоблаш, чамалаш, олинган кредитларни ўз ўрнига фақат иш учун сарфлашни ўргатиш керак. Оиладаги барча тадбирлар - у тўй, туғилган кун, иморат қуриш, ремонт қилиш, ойлик зарурий харажатлар, кичик тадбирлар бўладими, ҳаммасини ҳисоб-китоби оилавий, жумладан болаларни иштирокида ҳисобланиб улар билан муҳокама қилиниши керак. Биз катталарда «Бола нарса, сен катталарнинг ишига аралашма» деб оилада улғаяётган болаларни жараёнлардан четлатилади. Келинлар фикрига эса аксарият умуман беэътибор бўлинади. Ахир, оилада биз нимага эришсак, бу бойликлар келгусида зурриётларимиз қўлига қолади. Бола боқиб ўтирган келин наҳотки шу уйдаги оддий бухгалтерлик ҳисобини қила олмайди? Албатта қила олади, фақат унга ишониш керак, лозим бўлса, шундай билимларни ўқитадиган қисқа курсларда ўқитилса, бўлгани. Оилаларни кундан-кунга фаровон бўлиши камбағалликдан қутулишидан энг биринчи навбатда келинлар манфаатдор. Тўқ, бой уйларда майда гаплар ҳам кам бўлади, ҳамма иш билан банд бўлади. Фойда келтираётган чаққон келинларга қайноналар ҳам эътироз билдирмайдилар. Эндиликда хонадонларга ишлаб чиқариш, бизнес кириб келмоқда. Мустақиллик йилларида иқтисодий билимларга оид юзлаб китоблар ёзилди. Аммо улар ичида кенг оммага мўлжалланган, оилавий иқтисод масалаларига мосланган китоблар бармоқ билан санарли. Халққа бундай тушунчаларни оддий, жўн тилда тушунтириш керак. Оммавий ахборот воситаларида иқтисодий билим асосларини содда тилда баён этувчи мақолалар, рукнларни очиш керак. Бугун янги шароитда оилаларнинг бой бўлиши, камбағалликдан қутулиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб турганда таълим-тарбияда ҳам таълим олувчиларнинг иқтисодий тарбияси, онги, тафаккури олдинги устувор вазифа бўлиши керак.

Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси