« Back

Мулоҳаза 13.07.2020 12:25

Инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш – ҳар бир давлат хизматчисининг олий бурчи!

Ҳар қандай мамлакатнинг, цивилизациянинг ривожланиши мазкур мамлакат аҳолисининг ва улар ҳаётини ташкиллаштиришга масъул бўлган давлат органларидаги мансабдор шахсларнинг ўзаро уйғун, баҳамжиҳат ҳаракат қилишига боғлиқдир. Мамлакатнинг ривожланиши давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қанчалик пухта ва илмий асосларга эга бўлган бошқарув услублари орқали фаолият юритишига боғлиқ.

Ҳар қандай мамлакатнинг асосий бойлиги – бу унинг халқидир. Зеро халқ, ишлаб чиқариш орқали қўшимча қийматни яратади, халқ, ижод қилиш орқали янгиликлар яратади, халқ, солиқлар тўлаш орқали иқтисодиётни жонлантиради, халқ, олийжаноблик ва меҳмондўстлик кўрсатиш орқали мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини оширади. Бинобарин, кўп сонли халққа эга бўлиш «ортиқча юк» эмас, имконият ва устунликдир. Ушбу ҳақиқатни англаб етган Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Германия, Япония, Туркия ва Индонезия каби давлатлар асосий эътиборини инсон капиталига қаратиб, таълим ва илм-маърифатни ривожлантириш орқали дунёда ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда. Шундай экан, Президентимиз бошчилигида белгилаб олинган марраларга эришиш учун давлат ва жамият уйғунлиги ниҳоятда муҳим. Бунда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг юқори профессионаллик билан, илм ва тажрибага таяниб жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига, ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини жойига қўйиб, самимий ва хушмуомалалик билан муносабатда бўлмоғи лозим. Зеро Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2-моддасида белгиланганидек: «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар».

Ўзбекистон халқидек меҳнаткаш, меҳмондўст ва мард инсонлар яхши яшашга муносиб. Тарихнинг турли чиғириқларидан ўзлигини йўқотмасдан, ўз урф одатлари ва самимиятидан, маънавиятидан ажралмасдан бугунги кунгача етиб келган халқ – энг яхшисига муносибдир. Шунинг учун, Ўзбекистон Республикасини ривожлантирадиган, уни жаҳоннинг қудратли давлатлари қаторига қўшадиган куч бу – Ўзбекистоннинг кўп сонли ва кўп миллатли ҳамда маданиятли халқидир.

Доно халқимизда, «Чучук тилга — жон қурбон» деган ҳикматли мақол бор. Агар бугунги кундаги давлат органларидаги мансабдор шахсларимиз, ўз муаммолари билан олдига келган ҳар бир фуқарога унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиб, қонуний муносабат билдирса, шубҳа йўқки, кўрсатилган мулозаматдан хурсанд бўлган бағрикенг халқимиз бироз бўлса ҳам ўз муаммосини унутиб, мансабдор шахснинг имконияти ва вазиятини тушунишга, сабрли бўлишга уринади. Пировардида, жамиятимиздаги турли хил муаммолар босқичма-босқич, илм ва тафаккурга таянган ҳолда бартараф этилишни бошлаши мумкин. Бунинг учун вазирлик ва идораларда, жойлардаги ҳокимият органларида фаолият юритаётган давлат хизматидаги шахслардан ҳуқуқ, иқтисодиёт, сиёсат, психология ва муомала маданияти каби илм соҳаларида чуқур билим ва тажриба керак. Зеро билим ва илм комилликка бошлайди, воқеа ҳодисаларга холис баҳо беришга, таҳлил қилишга ундайди. Шундай экан, янги Ўзбекистонни барпо этиш учун давлат хизматида илмли, халқ билан мулоқот қилиш қобилиятига эга бўлган, халқимизни севадиган жонкуяр кадрлар зарур. Шу сабабдан ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахсларини қисқа муддатли курсларда инсон қадр-қимматини англаб етишига замин яратувчи ўқишлар ташкил этиш зарурати мавжуд эди.

Бугунги кунда жамиятимиздаги коррупция, маҳаллийчилик мансаб ваколатини суиистъемол қилиш каби салбий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларнинг бири, бу – илмсизликдир. Давлат хизматининг энг қуйи поғонасида ҳам хизмат қилувчи мансабдор шахс ўз ишининг профессионали, илмли ва аҳоли билан мулоқот қилиш кўникмасига эга бўлган мутахассис бўлмоғи лозим. Жорий йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш масаласи муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига «Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият» махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди. Бундай ечимга келишнинг ўзи ҳам мутафаккирларнинг «Назариясиз амалиёт – хавфлидир» деган фикрларининг қанчалик тўғри эканлигини англатади. Зеро, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатлар, тизимда назариясиз амалиёт билан шуғулланиб юрган «мутахассислар» борлигидан далолатдир.

Таъкидлаш жоиз, бундай назариясиз амалиёт билан шуғулланувчи «ходимларнинг» давлат хизматига кириб келиши ҳам коррупция каби иллатнинг ҳосиласидир. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш билан бир қаторда коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтиришни мақсад қилган мустақил давлат органи – Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.

«Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият» бу шунчаки баландпарвоз шиор эмас. Бу тараққиёт гаровидир. Зеро, инсон ҳуқуқларини, қадр-қимматини эъзозлаган, ҳурмат қилган барча давлатлар бугун тараққиёт сари одимламоқда. Инсон қадр топса, ҳурмат қилинса ва эркинликка эга бўлса, унда яратувчанлик, изланиш, ўз устида ишлаш ва ҳаётдан розилик кайфияти бўлади. Бундай ёндашувдан ҳам инсон, ҳам давлат манфаатдор бўлиши керак. Шу ўринда Бош қомусимизнинг 7-моддасини ёдга олиб ўтиш жоиз. Унга кўра: Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилишини таъкидлаш ўринли.

Давлат ўз халқи учун, унинг фаровонлиги ва тараққиёти учун хизмат қилиши керак. Давлат манфаати – халқ манфаатлари негизида шаклланмоғи лозим. Шуни эътироф этиш керакки Конституциянинг юқорида тўхталган моддалари ҳаётда тўла ўз ифодасини топиши учун ҳар бир давлат органининг олий мақсади ва вазифалари халқ манфаатларидан келиб чиқиб шаклланиши лозим. Мисол учун, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг пировард мақсади – аҳоли даромадларини ошириш бўлса, Молия вазирлигининг пировард мақсади – миллий валютамиз сўмнинг қадрини ошириш бўлмоғи даркор. Соғлиқни сақлаш вазирлиги – аҳоли саломатлигини асраш бўлса, Халқ таълими вазирлиги – фуқароларимиз саводхонлигини оширишга қаратилиши керак. Ички ишлар органларининг муқаддас вазифаси эса – инсон соғлиғини, ҳаётини асраш, мулкини ҳимоя қилиш ва тинчлигини таъминлашдир.

Қабул қилинаётган қонунлару, қарорлар, фармонлару «йўл хариталари»нинг пировард мақсади фуқароларимиз қадр-қиммати, маънавияти ва маданияти, билими ва илмининг юксалишига қаратилмоғи зарур.

Табийки, ушбу йўл бир текис бўлмайди, у турли «бўронли» ва таҳликали синовлардан иборат. Бунга сабаб коррупция, маҳаллийчилик, қонунлардаги бўшлиқлар, айрим мансабдор шахсларнинг илмсизлиги каби кўплаб омиллар бўлиши мумкин. Аммо буларнинг барчаси тузатса бўладиган, яхшилаш имкони мавжуд бўлган муаммолардир. XX аср мутафаккирларидан бири Раймон Ароннинг таъкидлаганидек, «Ҳар қандай ҳокимият ҳокимиятсизликдан кўра афзалроқдир». Зеро бугунги дунёдаги геосиёсий вазият, мамлакатдаги ҳокимиятсизлик қандай оқибатларга олиб келишини кўп бора исботлаган. Хулоса шуки, ўз келажагига, фарзандларининг истиқболига бефарқ бўлмаган цивилизациядаги давлат ва жамият ўзаро уйғунликда, ўзаро ҳурмат ва қонун устуворлигини таъминлаган ҳолда яшамоғи даркор. Бунда ривожланишнинг асосий омили ўзгармасдир, бу – Инсон қадр-қимматининг олий қадрият эканлигини тан олиш ва шунга монанд ҳаракат қилишдир.

Серикбек Муратаев,
Тошкент давлат юридик университети
Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси мудири, ю.ф.н.