« Back

Мулоҳаза 15.07.2020 12:41

Иброҳим Абдураҳмонов: Жонли табиат инсонларга карантин қоидаларига амал қилишда ўрнакдир

Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг карантин ҳақидаги шахсий фикрлари:

"Карантин тириклик эволюциясида омон қолиш инстинкти дейилса ҳеч муболаға бўлмайди. Сабаби, мукаммал экотизим ҳисобланган жонли табиатда жамоавий ҳаёт кўринишларида касаллик туфайли оммавий қирилиб кетишдан сақланиш чораси сифатида ҳам ўз-ўзини иҳоталашнинг ўрнак бўларлик кўринишлари кишини ҳайратга солади. Мен биолог ва генетик олим сифатида шу борада бир нечта мисоллар келтирмоқчиман.

Мисол учун, ўз жамоасидаги тартиб-интизоми билан жуда кўп илмий ва ҳужжатли дарсликлардан ўрин олган чумолилар жамоасида инфекция юқтириб олиш шароитида қатъий чекловлар жорий қилиш тартиби мавжуд. Ўзига хос замбуруғ касаллигини юқтириб олган чумолилар бошқа турдошларига яқинлашишдан қочишади. Агар касаллик жамоанинг маълум қисмига юқса, зарарланган чумолилар ўзларига-ўзлари чеклов ўрнатишади, соғлом турдошлари эса индан ташқарига чиқмаслик учун, қилинадиган ишларни ўзаро тақсимлаб олишади. Яъни, касаллик тарқалганида ушбу жамоада тўла карантин жорий қилинади, соғлом жонзотлар эса бир-бирлари билан мулоқотни камайтиради. Бундай тартиб бошқа жамоаларда, масалан, асалариларда ҳам борлигини кўпчилик билса керак.

"Омар" деб аталадиган қисқичбақалар касалланган турдошини бошқалардан иҳоталаб қўйишади. Кариб денгизидаги лангуста деб аталадиган жонзотлар касалланган турдошига яқинлашишдан кўра, ташқарида қолишни афзал кўришади. Бу қоидалар, ҳатто, ваҳший жонзотларда ҳам кузатилади: шерлар касални жамоадан чиқариб юборишади, касалланган бўри эса ўз тўдасини ташлаб кетади.

Табиий инстинктларга кўра ҳаёт кечирувчи бу жонзотлар атрофида жонкуяр тиббиёт ходимлари ёки касалликни даволаш учун самарали дори-дармонлари бўлмаган шароитда тиббиёт ҳақидаги тушунчалари бўлмаса ҳам, ўз турдошларини, авлодларини оммавий қирилиб кетишдан сақлаб қолиш учун шундай йўл тутишади. Бунга эса қатъий тартиб ҳамда интизом орқали эришилади.

Бутун ер юзидаги жонли табиат шундай тартиб асосида яшайди ва бу тартиб ҳаёт давом этишининг ажойиб намунасидир. Бу тирикликни ўз-ўзини сақлаб қолишнинг эволюцион ечими ва биз инсонларга ҳам тааллуқли коронавирус пандемияси тобора чуқурлашиб бораётган, аниқ дори-дармон ёки вакцина ишлаб чиқилмаган бу даврда биз учун бутун тириклик риоя қилиши шарт бўлган энг мақбул ечимдир".

ЎзА