« Back

Мулоҳаза 16.07.2020 13:26

«Онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?» Аммо, қозининг ўзи калтак есачи...

Кейинги пайтда мамлакатимиз тинчлигига коронавирусданда хавфлироқ бало хавф соляпти. Бу ҳам бўлса, айрим ҳуқуқ-тартибот «посбонлари» томонидан амалга оширилаётган зўравонлик.

Энг ёмони, халқнинг кўз ўнгида давлатимизнинг мустақил ижроия органи бўлган суднинг, судьяларнинг шаънини пастга уриш, уларни беҳурмат қилиш, калтаклаш рўй бермоқда.

Халқимизда «онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?» деган мақол бор. Аммо қозининг ўзи калтак еса, халқ олдида беобрў қилинса, аҳолида қонунларга нисбатан ишонч қоладими?

Ҳали Сурхондарёнинг Жарқўрғонида бўлган воқеадан ўзимизга келмай туриб, Сирдарёда худди шунақа воқеа содир этилганининг ўзиёқ ички ишлар органлари тизимида катта ислоҳотлар зарурлигини кўрсатмоқда.

Менимча, энг аввало, тизимни адашиб кириб қолган, форма кийган куни ўзини «Худонинг ердаги сояси» деб билаётган, қонунчиликнинг етарли даражада тушунмайдиган, халқнинг манфаати йўлида хизмат қилиши лозимлигини тушуниб етмайдиган айрим кимсалардан тозаламоқ керак.

Бўлмаса, ҳамюртларимиз ўз фарзандларини «ана мелиса келди» деб қўрқитадиган бўлишади. Ана шу кимсаларни деб, тизимда неча йиллар ҳалол хизмат қилаётган, эл тинчлиги учун жонини жабборга бераётган фидойи инсонлар шаънига ҳам доғ тушмоқда.

Шу ўринда бир нарса одамни безовта қилади. Бугун бутун дунёда карантин эълон қилинган. Аммо, бирорта давлатда полициячиларнинг суд ходимларига карантин баҳона тажовуз қилганлиги ҳақида бирор интернет манбасида ўқимадик. Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлатлар қаторидан жой олиш учун ҳаракат қилаётган бир пайтда ички ишлар ходимларининг бу қилмишлари шармандаликдан, кўрсаводликдан бошқа нарса эмас.

Ваҳоланки, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 68-моддасида судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган, хусусан, давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши жазога мустаҳиқдир, агар биргина зўравон жазодан қутилиб қолса, бу бошқаларига «ёмон намуна» бўлади.

Иномжон Қудратов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси