« Back

Мулоқот 14.07.2020 12:21

Эркин Воҳидов ижодига бағишланган онлайн ижодий мулоқот ўтказилди

Ўзбекистон миллий университетида Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ижодига бағишланган онлайн ижодий мулоқот ўтказилди.

Тадбирда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, университет профессор-ўқитувчилари ва ёш ижодкорлар иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистон миллий университети ректори, профессор Авазбек Мараҳимов, Анқарадаги Ҳожи байрам университети профессори Вали Савашбей Йилок иштирок этди. Адабиётшунос олимлар Ҳамидулла Болтабоев ва Насимхон Раҳмонов ҳамда Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги мактаб интернат директори Нигора Маннопова шоир ижодининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида фикр-мулоҳаза билдирди.

Халқининг дарди, сўзини ифода этмоқлик ижодкор ўзлигининг туб моҳиятини ташкил этади. Зеро Эркин Воҳидов халқ фарзанди, халқнинг дардини куйлаган шоир.

Ўтказилган ижодий мулоқотда Эркин Воҳидов ижодини янада чуқур ўрганиш, асарларини нашр этиш, таржима қилиш, шоир ижодининг аудио ва видео вариантларини яратиш каби ишлар борасида амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳақида кенг маълумотлар бериб ўтилди. Анжуманда Эркин Воҳидов ижодини том маънода кенг ўрганишни қўллаб-қувватлаш, бунинг учун моддий ва маънавий рағбатлантириш ишларига доир аниқ таклифлар билдирилди. Хусусан, Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернатида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг миллий университетда таҳсил олишлари учун имтиёзлар жорий, улар учун университет томонидан махсус стипендиялар таъсис этиш тўғрисида аниқ маълумотлар бериб ўтилди.

Тадбир сўнггида бундан буён ҳафтада бир марта Эркин Воҳидов ижоди борасида онлайн мулоқот ўтказилиб борилиши борасида келишиб олинди.

ЎзА