« Back

Мулоқот 16.07.2020 13:22

Пандемия ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон тажрибаси

Пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳаларини мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда Миллий мулоқот ташкил этилди. Ушбу тадбир COVID-19 пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш мавзусига бағишланди.

Онлайн шаклда кечган давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари мутасаддилари, шунингдек БМТ, БМТ Ривожланиш Дастури, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЕХҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид миллий чораларни амалга ошириш борасидаги ижобий сабоқлари муҳокама қилинди.

Бироз аввал, 24 июнь куни БМТ ва ЕХҲТ расмий шахслари Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказига ташриф буюрганди. Ушбу ташриф давомида карантин ҳудудларида инсон ҳуқуқларига амал қилиниши борасидаги Ўзбекистон тажрибасини таҳлил қилиш учун амалий далиллар тўплаш имкони туғилди.

Миллий мулоқот доирасида Соғлиқни сақлаш, Адлия вазирликлари вакиллари, Болалар омбудсмани, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Женевадаги эксперти, БМТ Қийноқларга қарши кичик қўмитаси раиси ўринбосари, ЖССТ Европадаги минтақавий бюроси мутахассиси ҳамда фуқаролик жамияти мустақил вакилларининг маърузалари тингланди. Маърузачилар Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасидан келиб чиқадиган хулоса ва тавсиялар ҳамда глобал истиқбол масалалари хусусида атрофлича фикр юритдилар.

Учрашувда БМТнинг карантин чоралари бўйича қабул қилган сўнгги йўриқномалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 2020 йил 19 мартда тасдиқланган "Коронавирус (COVID-19) касаллиги тарқалишини тийиб туриш шароитида алоҳида шахсларни карантинга жойлаштириш принциплари бўйича ЖССТ Йўриқномаси" ҳақида сўз борди.

Ушбу Йўриқномада қайд этилганидек, коронавирус пандемияси тарқалаётган шароитда жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Карантинга жойлаштирилган шахсларга тиббий, молиявий, ижтимоий ва руҳий-маънавий ёрдам кўрсатилиши лозим. Уларнинг асосий эҳтиёжлари, жумладан, озиқ-овқат, сув ва бошқа шу каби ҳаётий зарур маҳсулотларга бўлган талаблари қаноатлантирилиши зарур. Айниқса, аҳолининг заиф қатламлари талаб-эҳтиёжларига устувор аҳамият берилиши даркор.

Бундан ташқари, иштирокчилар БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг COVID-19 билан боғлиқ карантин масаласига доир муҳим бир тавсиясини маълумот учун қабул қилдилар. Бу ўринда давлатларнинг барча кишилар, шу жумладан, озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонийлик асосида ва инсон қадр-қимматига ҳурмат кўрсатган ҳолда муомала қилиш мажбуриятига доир тавсия ҳақида гап бормоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда ҳам ушбу хатарни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини қайд этиш мақсадга мувофиқ. Энг муҳими, бунда аввало инсон манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги талабидан келиб чиқилаётир.

Маълумки, коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича тиббий ва ижтимоий чора-тадбирлар жамоатчиликнинг тўлиқ иштирокида амалга оширилиши зарурлиги ЖССТ томонидан қатъий тавсия этилган. Зеро, инсон ҳуқуқлари, жумладан инсоннинг ўз фикрини эркин ифода этиш ва қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этиш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши жамоатчилик соғлиғини сақлаш сиёсатининг муҳим омилидир.

Тадбир якунида пандемия карантини шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида аниқланган қийинчиликлар бўйича давлат органларига таклиф этиладиган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати