« Back

Муносабат 04.04.2020 12:17

Ҳар бир оила, ҳар бир шахс давлат эътиборида

Бугун бутун дунё жамияти катта синовдан ўтиш жараёнида. 2019 йилнинг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлган ва Covid-19 номи берилган касалликни келтириб чиқарган коронавирус деярли барча қитъаларга ва 190 дан ортиқ мамлакатга тарқалди. Минг афсуски, 15 март куни юртимизга Франциядан қайтган бир нафар фуқаромизда ҳам вирус тасдиқлангани эълон қилинди. Демак, бугун дунёда вужудга келган ушбу офат дунё давлатлари сингари бизнинг ватанимизни ҳам четда қолдирмади.

Муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари билан Республика махсус комиссияси тузилиб, Республикамизда коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида керакли чоралар кўриш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Биринчи навбатда, барча таълим йўналишларда дарс жараёнлари тўхтатилиб, вақтинчалик таътил берилди. Бошқа вилоятлардан келиб Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар автобус, поезд ва самолётларда доимий яшаш манзилларига қайтишлари учун 50 фоизли чегирма асосида чипталар сотилди.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижий давлатларнинг фуқароларига ҳам ўз юртларига етиб олишлари учун имконият берилди. Турли сабаблар билан Талабалар турар жойларида ҳозирда яшаётган чин етим ва чет эл фуқаролари бўлган ёшларга масъулиятли вакиллар бириктирилиб, керакли озиқ овқат маҳсулотлари, гигиена ҳамда зарур бўладиган дастлабки дори-дармон воситалари билан бепул таъминланди. Бўш вақтларини мазмунли ўтказиб маданий ҳордиқ чиқаришлари учун, жойларда кутубхона ва фитнис хоналари, телевизор ва интернет мунтазам ишлаб турибди.

Коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида республика миқёсида карантин чоралари қўлланилганидан сўнг, ёшларимизнинг билим олишларида узилишлар бўлмаслиги учун таълим соҳасида яна бир имконият яратилди.

30 мартдан бошлаб телевидение ва интернет каналларимиз орқали мактаб ўқувчилари учун масофавий онлайн дарслар бошланди. Барча олий таълим муассасаларида талабалар учун махсус масофавий таълим электрон платформалари жорий қилинди, бу платформалар ёрдамида талабалар уйларида туриб керакли фанлардан электрон ва видео дарсликлар орқали таълим олиб келмоқдалар.

Муҳтарам Президентимизнинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишларида айтган фикрлари барча юртдошларимизни бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонимизда кечаётган пандемияга қарши курашда масъул, интизомли ва ҳамжиҳат бўлишга ундади.

Ўз ўрнида махсус фонд ташкил этилиб, ушбу касалликка қарши курашиш учун сарфланмоқда. Қисқа фурсатларда касалхоналар қурилиб топширилиши, экспресс ташхис жиҳозларининг хориждан келтирилиши, таълим муассасаларида таълим жараёнини масофавий режимга ўтказилиши, карантин талабларини кучайтириш бўйича қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича Президент қарорларининг ўз вақтида қабул қилиниши таҳсинга сазовордир. Афсуски, айрим ривожланган мамлакатларда ушбу тезкор чора-тадбирлар ўз вақтида таъминланмаганлиги натижасининг салбий оқибатларини кузатяпмиз.

3 апрель куни “Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари” бўйича навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда 100 минг киши карантинга олингани, турли сабаблар билан хорижда бўлган салкам 13 минг фуқаро олиб келиниб, карантинда эканликлари, ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказиб берилганлиги, Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилаётганлиги, дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилганлиги ва албатта бундай ишлар ҳали давом этиши айтиб ўтилди.

Юртбошимиз маърузаларида қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётгани, ҳозиргача 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланганлиги, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетганликлари, карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросимлар ўтказиб жамиятимизга хавфтуғдирганликларини боис, бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилганлигини афсус билан айтиб, огоҳликка чорладилар.

Президентимиз ўз мурожаатларида талаба ва ўқувчи-ёшларга ҳам тўхталди:

- Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг.

Ушбу мурожаатлари ҳозирда уйда, оилалари бағрида масофавий таълим олаётган барча ўқувчи ва талаба-ёшларга ўз устларида янада кўпроқ ишлаб билимларини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилишга туртки бўлади. Чунки, бизнинг келажагимиз заковатли, билимли ва албатта соғлом ёшлар қўлида.

“Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон тўғрисида

Бу фармон ҳам кўпчилик томонидан кутилган янгилик бўлди. Аҳолимизга қулайлик яратиш мақсадида март-июнь ойларида тугайдиган ёш болали оилаларга бериладиган, болани парваришлаш нафақалари ва моддий ёрдам тайинланиши автоматик тарзда узайтирилиши, Вазирлар Маҳкамасига оилалар ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштириши, ёлғиз қариялар ва ногиронлар карантин тугагунга қадар бир марталик ниқоблар, антисептика воситалари ва бактерияга қарши совун бепул берилиши белгилаб берилди.

Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг 2020 йилнинг 6 ойида тўланиши лозим бўлган кредитларнинг муддати узайтирилиб, тижорат банклари томонидан (юридик ва жисмоний шахсларга) қарзлар бўйича ҳисоблаб чиқилган ва муддати узайтирилган фоизлар ушбу даврдаги даромад солиғини ҳисоблашда жами даромадга киритилмаслиги, жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган қатъий белгиланган солиқ суммаси ва ўз фаолиятини мажбуран тўхтатиб турган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ҳисобланиши тўхтатиб турилиши, шунингдек Туроператорлар, турагентлар ва меҳмонхона хизматларини кўрсатадиган субъектлар, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Uzbekistan Airways” ва “Центр Узаэронавигация” ДУК мулк ва ер солиғи тўловидан озод этилган ҳолда ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизгача пасайтирилиши уларни фаолиятларига давлат томонидан берилган катта амалий кўмакдир.

Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва нотурар иншоотларга нисбатан мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилиши, уларга пеня ҳисобланиши ва улар бўйича қарздорлик мажбурий ундирилиши тўхтатилиши ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фоизсиз молиявий ёрдам кўринишида олинган маблағлар фойда солиғи ва айланмадан олинадиган фойдадан солиққа тортилмаслиги татбиқ этилади.

Ушбу фармонда бензин, дизель ёқилғиси ва газ, шунингдек спирт ва алкоголли маҳсулотни истеъмолчиларга сотиш учун акциз солиғи ставкалари оширилмаслиги билан бирга яна бир энг муҳим – озиқ-овқат (гўшт, балиқ, ун, шакар, сут маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тухум, пиёз ва бошқалар), шунингдек гигиена маҳсулотларини ва товарларни олиб келишга "нол"ли божхона божи ва акциз солиғи жорий қилиниши нафақат тадбиркорларимизни балки юртимиз аҳолисига арзон сифатли маҳсулотларни етказилишидадир.

“Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда бугунги куннинг энг долзарб муаммолари ўз ечимини топган ва халқимиз бу фармон моҳиятини тўлиқ англаган ҳолда қўйилаётган талабларни тўғри тушуна олади.

Шу ўринда бугун дунёда вужудга келган ушбу ҳолат оллоҳ томонидан юборилган бир синов. Тарихдан маълумки, ўзбек халқи жуда меҳмондўст, оқибатли, саховатли ва шу билан биргаликда аҳил ва иноқ халқ. Тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, агарда тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмасак, барча кўрилаётган чоралар, пандемияга қарши курашиш учун жалб этилган фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин. Халқимиз ўз оиласи, фарзандлари, элу-юрти тинчлиги, соғлигини ҳамма нарсадан устун қўяди.

Азиз юртдошлар имкони борича карантин даврида уйдан чиқмасдан ота-она хизматида, фарзандларимиз ва набираларимиз ёнида бўлайлик. Юртбошимиз томонидан имзоланган Фармонлар, Қарорлар, аниқ белгиланаётган чора-тадбирларга амал қилган ҳолда, она заминимизда истиқомат қилаётган кўп миллатга мансуб, қарийб 34 миллион аҳолининг қисмати ҳар биримизга боғлиқ эканлигини унутманг.

Марказий Осиё масалалари бўйича эксперт Брюс Панниер у навбатдаги таҳлилий мақоласида "Марказий Осиё доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга фаол ҳаракат қилаётган битта сиёсатчи бўлса, у ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев", эканлигини билдиргани, Муҳтарам Президентимиз томонидан жамиятимиз равнақи ҳамда халқимиз розилиги учун амалга ошираётган тезкор, аниқ тизимли ишларига берилган яна бир эътироф деб билмоғимиз лозим.

Мен ўз фикримни Юртбошимизнинг ушбу сўзлари билан якунламоқчиман: — Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди!

Ишонаманки, биргаликда бу коронавирус пандемияси устидан албатта ғалаба қозонамиз.

Бахтиёр Сайфуллаев ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар,
маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси