« Back

Муносабат 11.05.2020 12:39

“Матонат мадҳияси” деб аталган муаззам обида барча Ўзбекистон оналарига қўйилган ҳайкал...

Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган ибратли гап бор. Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда қувонч, файзу барака, хотиржамлик ҳукм суради. Кексаларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш эса неча минг йиллардан буён яшаб келаётган боқий қадриятларимиздан ҳисобланади. Уларнинг ҳар бир ўгити, ҳаёт йўли барчамизни ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқ бўлиб яшашга ундайди. Зеро, хонадонларимиз фаришталари – кексаларимиз яқин ўтмишни бугун билан боғлайдиган кўприк бўлиб, ёшларни буюк неъмат – тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга ундайдилар.

Давлатимиз томонидан эса кексаларни эъзозлаш, ижтимоий қўллаб-қуватлашга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан юртимиз пойтахтида бунёд этилган Ғалаба боғи, унда қад ростлаган “Шон-шараф” музейи, “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументлари ҳам фикримизнинг бир исботидир. Ғалаба боғида аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, мазмунли дам олиш, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.

Мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Ғалаба боғининг марказида “Матонат мадҳияси” деб аталган муаззам обида барча Ўзбекистон оналарига қўйилган ҳайкал бўлиб, она Ватан рамзи бўлиб қад ростлади. Ҳеч шубҳасиз, ушбу ёдгорлик бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, севги-муҳаббат, вафо ва садоқат деган муқаддас тушунчалар тимсолига айланиб қолади. Бу ерга қадам қўйган ҳар бир йигит-қиз миллатимизнинг қонида, суягида бўлган ноёб маънавий фазилатларни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш учун мана шундай улуғ инсонлардан тарбия ва ибрат олади, деб ишонаман”.

Бугунги доруломон кунларда Навоий вилоятида 26 нафар нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 661 нафар фронторти фахрийлари ҳаёт кечирмоқда.

Бу йил ҳам муҳтарам Президентимиз фармонига кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига республика давлат бюджетидан бир марталик пул мукофоти – 10 миллион сўмдан пул маблағи ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

– Минглаб сафдошларимиз оловли жангоҳларда уруш қурбони бўлдилар. Бу йил ҳам давлатимиз раҳбари биз – кексаларни қадрлаб, пул мукофоти ва совғалар юборибди. Уларни қабул қилиб олиб, хурсанд бўлдик. Юртбошимиз билан видеоконференция орқали мулоқотда бўлдик. Сафдошларимиз билан суҳбатлашиб, хотираларимизни ўртоқлашдик. Ҳеч кимга у кунларни эслагулик қилмасин. У азобларни биз кўрдик, сизлар кўрманглар. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Ҳадемай, юртимизга тарқалган вирусни ҳам енгиб ўтамиз. Бизнинг халқ матонатли ва сабрли халқ. Улар ҳар нарсани енгишга қодир, – дейди 105 ёшни қаршилаган карманалик Пирназар бобо Турдиев.

Бугун кексаларимизга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, уларнинг саломатлигини асраш ва ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш келажагимиз эгалари бўлмиш фарзандларимизнинг эртанги куни янада порлоқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Абдували БЎРИЕВ,
журналист