« Back

Муносабат 12.05.2020 12:54

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни баҳолаш тизими қандай амалга оширилади?

Ўзбекистонда тадбиркорлик ривожланиб, иқтисодиётда ўсиш кузатилмоқда. Пировардида, аҳолининг ишчанлик кайфияти кўтарилиб, товар ишлаб чиқариш, иш бажариш ва хизматлар кўрсатиш сифати ошмоқда, уларнинг турлари кўпаймоқда. Ҳудудларнинг ўрта ва узоқ муддатларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт параметрлари аниқланиб, ривожланиш стратегиялари белгилаб олинмоқда.

Бу жараён эса ислоҳотларни тизимли давом эттиришни тақозо этади. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасини ҳудудлар кесимида баҳолаб боришни кун тартибига қўяди.

Ўз навбатида, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатини янада тезлаштириш учун мақсадли дастурларни ҳудудлар имкониятларини аниқ ташсихлаш асосида ўз вақтида қабул қилиш ва бажарилишини тизимли кузатиш механизми такомиллашмагани муайян муаммоларни юзага келтирмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги "Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори бу жабҳадаги ишларни янги босқичда ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш имконини беради.

Қарорда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш вазифаси белгилаб берилди. Бу тизимни шакллантиришда статистик кўрсаткичларга ва сўровномаларга асосланилади. Бунда 8 асосий мезонга алоҳида эътибор қаратилади ва ҳар бир йўналиш баҳолаб борилади.

Биринчиси, ҳудудларда барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги. Барча ҳудудларда ҳам иқтисодий ривожланиш мутаносиблигига етарли эътибор берилмаётган, иқтисодий ислоҳотлар натижадор бўлмаётган бўлиши мумкин. Шу сабабли бу йўналиш асосий мезонлар сифатида белгиланди.

Иккинчиси, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, ишсизликни камайтириш ва меҳнат бозори самарадорлигини таъминлаш. Бу борада ҳудудларда мавжуд ички имкониятлардан етарли фойдаланилмаётган бўлиши мумкин. Ҳудудлар иқтисодиётининг ўзига хос хусусиятлари, яъни ихтисослашув йўналишлари жойларда меҳнат бозори таркибига ва бу бозор амал қилишининг самарадорлигига турлича таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, бур жараён чуқур ва тизимли кузатишларни тақозо этади.

Учинчиси, ҳудудларда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш. Аҳоли турмуш сифати ислоҳотларнинг пировард натижасини ифодалайди, яъни ижтимоий фаровонликнинг бош мезони ҳисобланади. Шу боис бу борадаги ишларни чуқур таҳлил қилиш асосий талаблардан биридир.

Тўртинчиси, ҳудудларда аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш. Ҳудудларда аҳолининг иқтисодий фаоллигини таъминлаш ва бизнес доираларнинг тадбиркорлик фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўпинча маҳаллий ҳокимият органлари ишчанлиги, ташаббускорлиги, омилкорлиги ва аҳоли билан яқиндан ишлаш кўникмаларига боғлиқ. Ишлаб чиқаришнинг барқарорлиги эса яхши инфратузилма мавжудлиги билан чамбарчасдир. Ўз навбатида, аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитларнинг яратилиши ҳудудларда мавжуд меҳнат, капитал, минерал хомашё ва бошқа ресурслардан оқилона фойланиш имкониятини кенгайтиради. Бу мезон ҳудудларда аҳолининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган шароитларга ҳам баҳо бериш имкониятини беради.

Бешинчиси, ҳудудларнинг рақобатбардошлик даражасини ошириш, иқтисодиётни янада диверсификация қилиш. Ҳудудлар миллий бозорда қайсидир маънода, бошқа ҳудудлар билан ўзаро рақобатлашса, ўз навбатида, минтақавий ва халқаро бозорларда ушбу ҳудудлар ўз имконият ва салоҳиятини бирлаштиради, улар энди ягона иқтисодий кучга айланиб, халқаро даражада рақобатлашади. Шунингдек, рақобатбардошлик ҳудудларда мавжуд бўлган ишлаб чиқариш қувватларига, ҳудуднинг саноатлашганлик даражасига ҳам боғлиқ. Агар ҳудудлар бир ёқлама иқтисодиётга эга бўлса, у ҳолда рақобатбардошлик даражасига путур етади. Ҳудудлар иқтисодиётини диверсификациялаш бевосита рақобатбардошлик даражасини оширади. Шунинг учун қарорда мазкур мезонга алоҳида аҳамият берилган.

Олтинчиси, ҳудудларда ишбилармонлик муҳити сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш. Ҳудудларда ишбилармон доиралар ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини янада ривожлантириш имкониятлари кенг. Бироқ жойларда ишбилармонлик муҳитининг ташкилий, ҳуқуқий, институционал ва ижтимоий жиҳатларига етарли даражада эътибор қаратилмаслиги сабабли тадбиркорлик қатлами ўз салоҳиятидан самарали фойдалана олмайди. Бундан ташқари, тадбиркорлик ривожланишига йирик, ўрта ва кичик тадбиркорлик поғоналари бўйича, уларнинг интеграциялашуви нуқтаи назаридан ҳам ёндашиш мақсадга мувофиқ. Тадбиркорлик катта салоҳиятга эга бўлган, доимий ҳаракатчан ва динамик ижтимоий-иқтисодий кучга айланиши лозим. Шу сабабли мазкур мезонга таяниб ҳудудларнинг ишбилармонлик муҳитига етарли даражада тизимли баҳо бериш имконияти юзага келади.

Еттинчиси, ҳудудларнинг молиявий мустақиллигига эришиш ҳамда банк-молия соҳасини ривожлантириш. Бу борада сўнгги йилларда сезиларли ўзгаришларга эришилди. Шу билан бирга, ҳудудларнинг молиявий мустақилликка эришиши йўналишидаги ислоҳотларни янада давом эттириш зарурати мавжуд. Бу маҳаллий ҳокимиятларнинг ҳудудларда фаол ижтимоий-иқтисодий сиёсат юритиши учун муҳим омил ҳисобланади. Ўз навбатида, маҳаллий бюджетлар даромадлари шаклланиши ва унинг харажатлари тақсимланишида эркинлик ва шаффофлик масалаларини ҳал қилиш имкониятини ҳам кенгайтиради. Банк-молия соҳасини ривожлантириш орқали ҳудудлар иқтисодиёт комплексида горизонтал ва вертикал алоқаларни янада такомиллаштириш учун зарур шароит яратилади. Шу сабабли мазкур мезон бўйича ҳудудлардаги вазиятга баҳо бериш соҳадаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга туртки бўлади.

Саккизинчиси, ҳудудларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини ошириш. Маълумки, мамлакатимизда туб ислоҳотлар дастлаб Маъмурий ислоҳотлар концепциясини қабул қилиш билан бошланган эди. Шундан кейин “Давлат идоралари халқ учун хизмат қилиш керак” тамойили йилдан-йилга чуқур ижтимоий-иқтисодий мазмун касб этиб келмоқда. Мазкур мезон ушбу тамойилнинг ҳудудларда қанчалик даражада ҳаётга янада чуқурроқ татбиқ этилаётганига баҳо бериш имкониятини беради.

Қарорда рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилиши белгиланган. Президентимиз раислигида 7 май куни Андижон, Навоий ҳамда Сурхондарё вилоятлари туман ва шаҳарларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хослиги, бир вилоят ичидаги туманларнинг имкониятлари ҳам бир-бирига ўхшамаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар иқтисодиётини ривожлантириш масалалари алоҳида, туманлар ва шаҳарлар кесимида, манзилли тарзда муҳокама қилиш тизимли тус олмоқда. Энди туманлар ва шаҳарлар даражасигача рейтинг баҳолаш кўрсаткичлари шакллантирилади. Бу жуда муҳим. Чунки рейтинг баҳолаш натижалари нафақат вилоятлар даражасида, балки туманлар ва шаҳарлар даражасида амалга оширилса, бу кўрсаткичлар орқали иқтисодий ислоҳотлар қайси ҳудудларда қандай суръатларда ва миқёсларда амалга оширилаётгани, мамлакатимиз ҳудудларининг ялпи ижтимоий-иқтисодий салоҳиятни оширишга қўшаётган ҳиссасига баҳо бериш имконияти юзага келади.

Қарорнинг ижроси ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишнинг жойлардаги ички имкониятларидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Неъмат ХОЛМАТОВ, 
иқтисод фанлари номзоди