« Back

Муносабат 13.05.2020 12:26

Математика фани тараққиёти – порлоқ истиқбол кафолати

Президентимиз 2020 йил 7 май куни "Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги тарихий қарорга имзо чекди.

Ушбу ҳужжатни бугунги куннинг муҳим қарорларидан бири деб биламиз. Сабаби ҳозирги даврда ҳар бир соҳани, ҳар бир фанни математикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Иқтисодиётни оласизми, қишлоқ хўжалигими, оғир ва енгил саноатми, албатта, математика билан боғлиқдир.

Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, болага мактабгача бўлган даврдан бошлаб математикани ўргатиш, математик тасаввурларни пайдо қилиш керак. Шунда у мактабгача таьлимдан бошлаб олий таьлимдан кейинги давргача бўлган жараённи босқичма-босқич осон босиб ўтади.

Хусусан, мактабгача ёшда илк математик тасаввурларни шакллантириш бўйича замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш, дастлабки саноқ, қўшиш, айириш ўргатилиб, фанга қизиқтирилиб борилса, келажакда юксак марраларни кўзлаш мумкин бўлади.

Қарорга кўра, математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти эълон қилинди ва ғолибга 50 минг АҚШ доллари тақдим қилиниши белгиланди. Бундай моддий рағбатлантириш жаҳоннинг нуфузли илмий марказларида ҳам йўқ. Дунёда бу даражадаги энг кўп мукофот 10 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари бежиз бу мукофотни қарор асосида белгилаб қўймади. Эндиликда ҳар бир изланувчи, олим, профессор, академикларимизнинг меҳнат маҳсулдорлигини янада ошириш ҳамда юртимизга, илм-фанга янги ғояларни татбиқ қилиш ва уларнинг меҳнатини муносиб моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Қарорда ҳудудларда математика фанига ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш ҳамда янги мактабларни ташкил этиш устувор йўналишлардан бири қилиб белгиланди. Ушбу ихтисослашган мактабларнинг ташкил қилиниши кўпчиликнинг азалий орзуси деса ҳам бўлади. Чунки математикани билган ҳар бир ўқувчи бошқа фанларни ўзлаштириши яхши бўлади. Бизга маълумки юртимизда математика фанига ихтисослашган мактаблар кўп. Лекин ҳаммасининг хам натижаси юқори даражада эмас. Эндиликда ушбу янги мактабларда замонавий педтехнологиялар қўлланилади. Бу эса таълим сифатини оширади, малакали кадрлар билан таьминлаш имконини беради.

Қарорга кўра, ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчилар белгиланган тартибда танлов асосида саралаб олинади. Бу жуда тўғри қарордир. Сабаби танлов ҳалол, тўғри бўлса, албатта, танлаб олинган ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқиши юқори бўлади. Ўқитувчи томонидан берилган ҳар бир мавзуни чуқур ўзлаштира олади. Ўзи изланиб, кейинчалик фанга янги ғояларни қўллайди.

Ихтисослаштирилган мактабларда мактаб директори тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодий ва бошқарув жараёнларига математик усуллар ва моделларни жорий қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиши Президентимизнинг таълимга бўлган юксак эьтиборидан биридир.

Қарорга мувофиқ, математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган мактаб битирувчилари тегишли ОТМларнинг математика таълим йўналишларига улар учун белгиланган мақсадли параметрлар бўйича ўқишга қабул қилинади. Бу эса ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини янада оширади. Албатта, ихтисослашган мактаб битирувчи ўқувчилари математиканинг ўрта таълимда бериладиган хар бир мавзусини чуқур ўзлаштирган бўлади.

Миллий сертификатларнинг жорий қилиниши ҳам узоқ вақтдан буён интиқ кутилаётган эди. Халқаро математика мактаби битирувчи синф ўқувчиларининг барчаси чет тили фани бўйича сертификатга эга. Эндиликда ушбу ўқувчиларимиз келажакда юз фоизлик натижа билан математика фанидан миллий сертификат ҳам олишига ишонамиз.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорнинг қабул қилиниши юртимиз келажагини кўзлаб қилинган ишларнинг энг сараларидан биридир.

Темир РЎЗИЕВ,
Халқаро математика мактаби директори