« Back

Муносабат 23.05.2020 19:03

Уч поғонали йўл ўтказгич – бунёдкорлигимиз намунаси

Тошкентда автомобиллар сони кун сайин кўпаймоқда. Бу тирбандликлар билан боғлиқ вазиятга ечим топиш муаммосини келтириб чиқаради. Албатта, энг мақбул ечимлардан бири йўл ўтказгичлар қуришдир.

Шу маънода пойтахтимизнинг Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасида фойдаланишга топширилган уч поғонали йўл ўтказгич катта ютуғимиз бўлди.

Архитектурада “ландшафт” деган тушунча бор. Бу иншоотнинг жойини танлаш дегани. Жуда мураккаб иш. Иншоот шундай жойга тушиши керакки, худди узукка кўз қўйгандек. Бу йўл ўтказгич ҳам пойтахтимиз кўркига жуда ярашди. Агар жой тўғри танланмаганида қулайликлар етарли даражада бўлмасди.

Бу каби қурилишлар жуда қиммат туради. Шунинг учун унинг мустаҳкамлигига, устуворлигига алоҳида эътибор бериш керак. Шундагина у бизга кўп хизмат қилади.

Уч поғонали кўприк соатига 20 мингта транспорт воситасини узлуксиз ўтказиш қувватига эга. Бизда кўп автомобиллар кечқурун ҳаракатланади. Шуни ҳисобга олиб йўл ўтказгич мустаҳкам ва замонавий ёритгичлар билан жиҳозланган. Бу кўприкнинг чиройли кўринишига хизмат қилади, ўз навбатида, атрофда экилган гуллар билан уйғунлашиб кишига завқ бағишлайди.

Яқинда бу ерга талабалар билан келган эдик. Улар кўприкнинг мураккаблиги, мустаҳкамлиги, қурилиш жараёнларини кўриб ҳайрон қолди. Кўп нарса ўрганди. Биз бундай иншоотларимиз билан фахрланамиз.

Абдуборий ШОҲИДОВ 
Тошкент архитектура-қурилиш институти профессори,
техника фанлари доктори