« Back

Муносабат 29.05.2020 11:53

Музейлар фаолияти янада ривожланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида музейлар фаолиятига катта эътибор қаратилган.

Жумладан, Ўзбекистон давлат санъат музейига – санъат соҳасидаги, Ўзбекистон тарихи давлат музейига – маданият ва тарих соҳасидаги барча музейлар фаолиятини илмий-тадқиқот ва методик жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, кадрлар илмий салоҳиятини ошириш вазифаси юклатилди.

 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик, санъатшунослик, маданиятшунослик йўналишларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтисослаштирилган илмий кенгашлар ва илмий-методик кенгашлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Бу юртимиздаги барча санъат ва тарих йўналишида фаолият юритаётган музейлардаги ходимларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш ва уларга янада кенг шароит яратишдек мақсадларни кўзлайди.

2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Очиқ эшиклар куни», деб эълон қилинди. «Очиқ эшиклар куни» ҳар бир музейга ташриф буюрувчи томошабинда янада катта қизиқиш уйғотади ва музейга ташриф буюрувчилар сафини кенгайтиради.

Шу билан бирга, 2020-2025 йиллар давомида босқичма-босқич ҳар бир туман ва шаҳарда тарих ва маданият давлат музейларининг филиаллари шаклида ўлкашунослик музейлари ташкил этилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Бу билан ҳар бир ҳудуд тарихи ва маданияти тўғрисида чуқур изланишлар олиб бориш, ёш авлоднинг ўз ҳудуди тарихи ва маданияти билан яқиндан танишишига кенг имконият яратилади. Янги ташкил этилаётган туман (шаҳар) ўлкашунослик музейларининг асосий вазифаси ҳудуд тарихи, табиати, этнографиясининг бугунги ҳолати ва келажаги ҳақида маълумотлар берувчи ашё ва коллекцияларни йиғиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишдан иборат бўлади.

Юртимиз бўйича 200 дан ортиқ музейнинг янгидан ташкил этилиши маърифат ва билим маскани сифатида мозийгоҳларга қаратилаётган амалий эътибордир. Эндиликда музейларимизда ҳам «Дўстлар клублари» ташкил этилиши соҳа вакиллари томонидан алоҳида қувонч билан кутиб олинди. Бу музейларни янада ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва дунё ҳамжамияти билан алоқаларни ўрнатишда катта кўмак бўлиб хизмат қилади.

2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури соҳа ривожида янги уфқларни белгилайди. Унга кўра, Маданият вазирлиги тизимидаги театр, музей, маданият марказлари, концерт-томоша, таълим ва бошқа муассасаларнинг бошқарув, бадиий ижодий, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг намунавий штатларини такомиллаштириш, жойлардаги давлат музейларида мавжуд экспозицияларни замон талабларига асосан янгилаш, реэкспозиция қилиш, бой маданий меросимизнинг чет давлатларда кўргазмалари ўтказилишига кенг шароит яратилишига устувор аҳамият қаратилади.

Буларнинг барчаси келажакда музейшунослик ва санъатшунослик йўналишида таълим олаётган талабаларнинг музей соҳасига бўлган қизиқишини тобора кучайтириш, музейларимизда фаолият юритаётган ходимлар меҳнатини эъзозлаш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш, айниқса, музейларимиз жаҳондаги етук замонавий музейлар қаторидан ўрин эгаллашига замин яратади..

Васила ФАЙЗИЕВА, 
Ўзбекистон давлат санъат музейи директори