« Back

Муносабат 30.05.2020 18:57

«Меҳр-саховат» кўкрак нишони давлатимиз томонидан изҳор қилинган миннатдорлик ифодасидир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 26 май куни “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Ушбу кўкрак нишони коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимиз ва фуқароларимизни тақдирлаш мақсадида таъсис этилди.

Инсоният турли касалликлар ва офатлар билан курашда тобланмоқда. Пандемия пайтида ҳукуматимиз халқимиз саломатлигини сақлаш, пандемияга қарши курашда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мустаҳкам сиёсий қатъиятини намойиш этди.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз бўйлаб “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатини ташкил этиш бўйича ташаббуси аҳолининг ҳимоясиз қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қўшни давлатлар раҳбарларига яхши ўрнак бўлди.

Президентимиз пандемия шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва бизнес саъй-ҳаракатларини самарали бирлаштирди: тадбиркорлар ўзлари фаолият юритаётган ҳудуддаги эҳтиёжманд аҳоли қатламларига беғараз ижтимоий ёрдам кўрсатишни ўз зиммаларига олдилар. Бунинг эвазига уларга давлат томонидан ҳар хил имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан тезкор тарзда кенг қамровли карантин чоралари кўрилди. Санитар-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда қайта ихтисослаштирилган тиббий муассасаларга жойлаштирилган беморларни даволаш учун барча маблағлар йўналтирилди. Хорижда бўлган фуқароларимиз чартер рейслари орқали Ватанимизга қайтарилмоқда. Бу республикамиз фуқароларининг давлатимиз қарамоғида эканлигини кўрсатади.

Бугунги кунда олим ва шифокорлар, лаборантлар ва санитарлар, тез ёрдам шифокорлари мамлакатимизда коронавирус касаллиги билан боғлиқ вазиятни назорат остида ушлаб туриш учун ягона улкан механизм каби тинимсиз меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг аксарияти ҳозир ҳам қийинчиликларга қарамай, беморларга туну кун ёрдам бермоқдалар.

Бундай мураккаб жараёнда тиббиёт ходимларини, шифохоналар ва поликлиникаларда ҳар куни инсонлар саломатлиги ҳақида қайғураётган, коронавирус инфекциясини олдини олиш ва ташхис қўйиш билан шуғулланаётганларни қўллаб-қувватлаш зарур.

Пандемия мамлакатимизда эзгу ниятли фуқароларимиз сони кўплигини кўрсатди.

Икки ярим ойлик тинимсиз меҳнат самарасида Ўзбекистон ўз ҳудудида инфекция тарқалишини қатъий назорат остига олган дастлабки давлатлардан бирига айланди.

«Меҳр-саховат» кўкрак нишонининг таъсис этилиши давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, коронавирусга қарши кураш ишига жалб қилинган ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари вакилларига мамлакатимиз фуқароларининг саломатлигини сақлаш ишидаги фидокорона меҳнатлари учун миннатдорлик ифодаси бўлди.

Ольга ЛИТВИНОВА, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

ЎзА