« Back

Муносабат 01.07.2020 11:59

ЭКСПЕРТ: Коррупцияга қарши курашувда алоҳида тизим нима беради?

Давлат раҳбари ташаббуси билан биринчи марта коррупция бўйича алоҳида мустақил орган ташкил қилинди.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан “Коррупцияга қарши курашиш” агентлиги ташкил этилди.

Дунё мамлакатлари тажрибаси коррупция – барча даврлар ва барча халқлар учун давлат аппаратининг “сурункали ва давосиз касаллик” эканлигини кўрсатади. Мазкур иллатнинг давлат органларида илдиз отиши халқнинг давлат органларига ҳамда жамиятдаги адолат муҳитига бўлган ишончини кескин камайтиришга сабаб бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давлат сиёсати даражасида амалга оширилган ишлар қаторига бир қатор қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани, тегишли давлат органлари ҳамкорлигида тизимли ишлар асосда йўлга қўйилганини киритиш мумкин.

Амалий ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлади. Фармон билан Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Хусусан, Агентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди ҳамда коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қуйидаги бир қатор ҳуқуқлар берилди:

бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;

ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.

Халқаро тажриба ва хорижий мамлакатлар қонунчилигида ҳам коррупция иллатининг салбий оқибатларини олдини олиш ва унга қарши курашиш учун бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, дунё давлатларида жамият ривожига ғов бўлаётган коррупция хавфига қарши курашишни таъминлашга қаратилган бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, жумладан: Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси, Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенцияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрь). Ўзбекистон 2008 йили БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини қабул қилишда омил бўлди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органлари ташкил этилганини жаҳон мамлакатлари тажрибасида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Сингапурда доимий фаолият кўрсатувчи ихтисослаштирилган орган – Коррупция ҳолатларини қидириш бюроси мавжуд бўлиб, мазкур орган давлат ва хусусий секторларда коррупциянинг олдини олиш чораларини кўради. Давлат органлари фаолиятида аниқланган камчиликлар коррупция ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилинган тақдирда, Бюро мазкур идоралар раҳбарларига тегишли чораларни кўриш ҳақида тавсиялар беради.

Корея Республикасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил комиссия фақат Президент олдида ҳисобдор ҳисобланади, ушбу комиссия мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш билан шуғулланади, коррупциявий хавф-хатарлардан хабардор этиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади. Финландияда коррупцияга қарши курашиш билан президент томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда бошқа давлат органларидан мустақил бўлган Адлия омбудсмани ва Францияда Коррупциянинг олдини олиш марказий хизмати мазкур вазифалар билан шуғулланади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, халқаро тажриба инобатга олган ҳолда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил – орган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этилиши чет эл тажрибаси ва миллий манфаатлар жиҳатидан, давлат ва жамиятимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбарининг мазкур тарихий ташаббуси асосида янги орган ташкил этилиши жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масаласида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва самарали амалга ошириш бўйича сиёсий ва функционал жиҳатдан мустақил тизим шаклланишига хизмат қилади.

Хайитжон Турдиев,
Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси катта ўқитувчиси